...
МЕНЮ
ONLINE TV

Шавкат Мирзиёев Хоразмдаги шифохона, мактаб ва корхоналар фаолияти билан танишди


11:36, 29.01.2017 Жамият
 4 161

Президент Шавкат Мирзиёев 27-28 январь кунлари Хоразм вилоятида бўлиб, халқ билан мулоқот ўтказди.

Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш, халқ билан учрашиш ва мулоқот қилиш мақсадида 27-28 январь кунлари Хоразм вилоятига ташриф буюргани ҳақида хабар берган эдик.
 
Давлат раҳбари Хоразм вилоятига ташрифининг иккинчи куни Республика ихтисослаштирилган кардиология марказининг Хоразм филиали билан танишди. Бу ҳақда ЎзА ёзмоқда.
 
Мазкур шифохона аҳолига даволаш ва профилактика хизмати кўрсатиб келмоқда. Кардиология, кардиореабилитация, кардиохирургия, интервенцион кардиология ва физиотерапия бўлимлари, поликлиника фаолият юритмоқда.
 
Ушбу тиббиёт маскани негизида Россия Федерациясининг А.Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги илмий-амалий маркази филиалини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Бу чақалоқларда учрайдиган юрак нуқсонларини аниқлаш ва даволаш, йилига 3 мингдан зиёд беморга ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатишга имконият яратади. Мазкур шифохона Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро вилоятлари аҳолиси учун минтақавий марказ бўлади.
 
Соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинини ривожлантириш, ўқув юртларида қишлоқ врачлик пунктларига ихтисослашган мутахассислар тайёрлаш, касалликларни эрта аниқлашга эришиш, профилактика ишларини кучайтириш, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш долзарб масалалар ҳисобланади. Бундай марказлар беморларни даволаш билан бирга ана шу ишларга ҳам салмоқли ҳисса қўшиши керак, деди Шавкат Мирзиёев.
 
Тошкент тиббиёт академиясининг Урганч филиалида 1100 га яқин талаба таълим олмоқда. 16 кафедрада 161 профессор-ўқитувчи фаолият юритмоқда.
 
Ушбу филиал негизида И.Павлов номидаги Биринчи Санкт-Петербург давлат тиббиёт университети билан ҳамкорликда клиника ташкил этилмоқда. Унда эндокринология, отолорингология, гематология, аллергология, терапия бўлимлари очилади. Университет олим ва шифокорлари бу ерда дарс беради, диагностика ишларини олиб боради ва даволайди. Талабалар клиникада замонавий даволаш усулларини чуқурроқ ўрганади.
 
Президентимиз Республика ихтисослаштирилган кардиология марказининг Хоразм филиали ва Тошкент тиббиёт академиясининг Урганч филиалида ташкил этиладиган бу икки муассаса Оролбўйи аҳолиси учун тарихий ва ижтимоий аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлади. Бу марказлар мазкур ҳудудда кўп учрайдиган касалликларни самарали даволаш, тиббиёт ходимлари ва ўқитувчиларнинг билим ва малакасини оширишда муҳим ўрин тутади.
 
Давлатимиз раҳбари Охунд бобо масжиди қурилиш участкасида бўлди. Нуронийлар билан суҳбатда ёшларни юксак маънавиятли инсонлар этиб тарбиялаш, тинчлик-осойишталикни янада мустаҳкамлаш, вилоятда амалга оширилаётган иқтисодий-ижтимоий ислоҳотлар ҳақида сўз борди.
 
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президентининг Хоразм вилоятидаги Халқ қабулхонасини бориб кўрди. Ҳар бир мурожаатни назоратга олиш ва ҳал этиш, фуқаролар учун қулайликларни янада ошириш юзасидан кўрсатмалар берди.
 
Президентимиз Урганч шаҳрида ташкил этиладиган саноат корхоналари лойиҳалари билан танишди.
 
“Мем гилан” хорижий корхонасида инфузион қоришмалар, ампулалар, таблетка ва капсулалар ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда. Умумий қиймати 29 миллиард сўмлик ушбу лойиҳа натижасида 200 га яқин иш ўрни яратилади. Ҳудудда бундай фармацевтика корхонаси йўқлиги боис янги қувват дори воситалари нархини арзонлаштиришга хизмат қилади. Бундан ташқари, йилига 3,8 миллион долларлик маҳсулотни экспорт қилиш режалаштирилган.
 
“Урганч махсус транс” масъулияти чекланган жамияти Миллий банк кўмагида маиший чиқиндини қайта ишлаш лойиҳасига киришган. Корхонада Хитой технологияси асосида йилига 250 минг тонна чиқиндини йиғиш, саралаш ва қайта ишлаш йўлга қўйилади. Бу шаҳар озодалиги, аҳоли саломатлигини сақлаш ва бандликни оширишда муҳим омил бўлади.
 
“Ург-текс” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга ошириладиган яна бир лойиҳа ип-калава ишлаб чиқаришга йўналтирилган. Корхона Германия ва Туркия ускуналари асосида йилига 4 минг тонна маҳсулот тайёрлаш, 200 иш ўрни яратиш имконини беради. Ҳар йили 6,5 миллион долларлик товар экспорт қилиш мўлжалланмоқда.
 
Давлатимиз раҳбари бундай корхоналарни мамлакатимизнинг бошқа вилоятларида ҳам ташкил этиш зарурлигини таъкидлади. Дорихоналар раҳбарлари ва вакиллари билан суҳбатлашди.
 
Шавкат Мирзиёев хоразмликлар билан сайловолди учрашувида 2017 йилда Ўзбекистон халқ артисти Комилжон Отаниёзов таваллудининг 100 йиллигини кенг нишонлаш, машҳур ҳофиз номи билан аталадиган замонавий ижод маркази ва унинг таркибида гўзал боғ ташкил этишни таклиф қилган эди.
 
Президентимиз мазкур ижод маркази қурилиш участкасини бориб кўрди. Бу ерда Комилжон Отаниёзов ҳайкалини барпо этиш, истеъдодли ёшларнинг адабиёт ва санъат, кино, фотография сирларини ўрганишини йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берилди.
 
Урганч шаҳридаги 11-болалар мусиқа ва санъат мактабида меҳнат фахрийлари, санъат ва адабиёт намояндалари билан мулоқот бўлиб ўтди. Унда мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантириш, одамларнинг дунёқараши ва маънавиятини юксалтириш, аҳоли турмуш даражасини янада ошириш ҳақида сўз борди.
 
Учрашув қатнашчилари маданият ва санъатни ривожлантиришга қаратаётган эътибори учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.
 
Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хоразм вилоятига ташрифи ниҳоясига етди.

Теглар:Шавкат Мирзиёевнинг Хоразмга ташрифи 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар