...
МЕНЮ
ONLINE TV

Шавкат Мирзиёев Абдулла Арипов ҳақида гапириб, унинг ҳалоллигига алоҳида урғу берди


09:34, 15.12.2016 Жамият
 4 308

“Абдулла Ариповнинг бевосита хизмат ваколатига кирмайдиган қўшимча вазифаларни ҳам топшириб, бу инсонни кўп маротаба ҳар томонлама синовдан ўтказганман”, дейди Шавкат Мирзиёев.

Хабарингиз бор, кеча, 14 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Унда Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзо Улуғбек Абдусаломов иштирок этиб, 4 декабрь куни ўтказилган Президент сайловида 88.61 фоиз овоз тўплаб ғолиб бўлган Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод Шавкат Миромонович Мирзиёевга Президентлик гувоҳномаси ва Марказий сайлов комиссиясининг шаҳодатномасини топширди. Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Қуръони каримни ушлаб, Президентликка қасамёд қабул қилди.
 
Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президентлиги лавозимига расман киришган Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаб, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимига лойиқ номзодни кўриб чиқиш масаласини ўртага ташлади ва Абдулла Ниғматович Ариповни Бош вазир лавозимига тавсия этди.
 
Сўзи аввалида Абдулла Ариповнинг таржимаи ҳолини ўқиб эшиттирган Шавкат Мирзиёев янги Бош вазир ҳақида қуйидаги фикрларни билдирди:
 
“Биз бу масала бўйича жуда кўп ўйлаб, тегишли маслаҳатлар қилдик. Ўзбекистон Либерал-демократик партияси раҳбарияти ва фаоллари билан ҳам атрофлича маслаҳатлашдик.
 
Ўтказилган муҳокамаларда билдирилган барча фикр-мулоҳазаларни эътиборга олган ҳолда, мен ушбу лавозимга ҳам амалий соҳада, ҳам марказий идораларда кўп йиллик бошқарув тажрибасига эга бўлган, 11 йил давомида Бош вазирнинг ўринбосари бўлиб ишлаган Абдулла Ниғматович Арипов номзодини тавсия этаман.

Барчамиз яхши биламиз, ҳозирги пайтда бутун дунёда ахборот-коммуникация технологиялари даври. Бу соҳа соат сайин шиддат билан ривожланмоқда. Ҳозирги кунимиз ва келажагимизни, бу соҳа ривожисиз тасаввур қилиш мумкин эмас. 

Бугунги кунда мамлакатимизда “Электрон ҳукумат” тизимига ўтиш борасида жуда катта ишлар бошланган ва уларни босқичма-босқич мантиқий давом эттириш муҳим вазифа сифатида кун тартибида доимий тарзда туради. 

Ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси қанчалик ривож топгани сари, унинг афзаллиги ва қулайликларидан фойдаланиш билан бир қаторда, бутун мамлакатимизда ахборот хавфсизлигини таъминлаш энг долзарб масалага айланиб бормоқда.
 
Шу билан бир қаторда, кейинги икки ой давомида Бош вазирнинг электрон порталига тушган 270 мингдан ортиқ мурожаат, шунингдек, янги ташкил этилаётган “Халқ қабулхоналари”га бўладиган мурожаатларнинг ечими бўйича ҳам аниқ ва тезкор иш тизимини яратиш талаб этилади. Бу ишларга ҳукумат раҳбарининг шахсан ўзи бош-қош бўлиши зарур. 

Абдулла Ариповнинг бевосита хизмат ваколатига кирмайдиган қўшимча вазифаларни ҳам топшириб, бу инсонни кўп маротаба ҳар томонлама синовдан ўтказганман. 

Бу кишининг юртимизда бормаган вилоят, шаҳар ёки тумани, кирмаган даласи, қурилиш, маданий-маиший, савдо объектлари қолмаган. Шунинг учун мамлакатимиз ҳудудларидаги шарт-шароитни, муаммо ва масалаларни жуда яхши билади. Энг асосийси, борган ва кўрган жойидаги масалани ўзи мустақил ҳал қилади, агар ўзи ечолмаса, аниқ таклиф беради”.
 
Шавкат Мирзиёев Абдулла Ариповнинг бошқарувчилик ва ташкилотчилик қобилиятини эътироф этар экан, уннинг инсонийлигига ҳам алоҳида баҳо берди. Давлат раҳбари янги Абдулла Ариповнинг хушмуомалалиги, одамлар билан тил топиша олиш қобилияти, муаммо ва масалани эшитиш ва негизига етиб, унинг ечими бўйича адолатли қарор қабул қилиш салоҳиятини алоҳида таъкидлади. 

“Абдулла Арипов бугунги кунда олдимизда турган жуда катта масалаларни ҳал этишда, яъни мамлакатимизни модернизация қилиш ва янгилашни янги босқичга кўтариш, қонун устуворлиги ва инсон манфаатларини таъминлаш бўйича дастурий вазифаларни амалга оширишда Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини самарали асосда ташкил этиш, Бош вазир ўринбосарлари, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар, барча даражадаги ҳокимликлар раҳбарлари билан бир ёқадан бош чиқариб, ҳамжиҳат бўлиб ишлаш салоҳиятига эга. У ўзига юклатилган ҳар қандай топшириққа, катта ёки кичик демасдан, бир хил масъулият билан ёндашади, сўзсиз бажариш ва мантиқий якунига етказиш чораларини кўради. 

Яна бир олижаноб хислати – ҳалоллиги, одамларга доимо ҳурмат билан қараши, уларнинг дардига дармон бўлишга интилиши, Ватанимиз ва халқимизга садоқатидир”, дейди Шавкат Мирзиёев.
 
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимига номзод Абдулла Ниғматович Арипов ўз дастурини ўқиб эшиттиргач,  Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимига тавсия этилган номзод маъқулланди. Олий Мажлис палаталари Абдулла Ариповни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимига тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилди.

Теглар:Шавкат Мирзиёев Абдулла Арипов 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар