...
МЕНЮ
ONLINE TV

Шавкат Мирзиёев: “Ўта масъулиятли вазифа юкланганини ҳар томонлама чуқур ҳис қилиб турибман”


10:42, 09.09.2016 Жамият
 8 401

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири-Президентлик вазифасини вақтинча бажарувчи Шавкат Мирзиёев ўз гарданига юкланган вазифасини сидқидилдан бажаришини айтди.

Аввалроқ, кеча, 8 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенати Кенгаши Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг ва Сенатининг қўшма мажлиси бўлиб ўтган ҳақида хабар берган эдик. Унда “Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини бажаришни вақтинча юклаш тўғрисида”ги масала кўриб чиқилди.
 
Қўшма мажлис давомида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Ниғматилла Йўлдошев Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида раҳбарлик лавозимларидаги кўп йиллик тажрибасини, аҳоли ўртасидаги ҳурмат-эътиборини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифа ва ваколатларини бажаришни унинг зиммасига вақтинча юклаш мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги таклиф билан мурожаат қилди. 
 
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини бажаришни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев зиммасига вақтинча юклаш тўғрисида қўшма қарор қабул қилди. 
 
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати қўшма мажлисининг қарори қабул қилинганидан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев сўзга чиқди
 
“Ҳурматли Спикер! 
  
Ҳурматли Сенат Раиси! 
  
Муҳтарам депутат ва сенаторлар! 
  
Аввало, менга билдирилган юксак ишонч учун сизларга ўзимнинг самимий миннатдорчилигимни билдиришга рухсат бергайсиз. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига қадар бўлган муддатда менинг зиммамга бугун ниҳоятда мураккаб ва ўта масъулиятли вазифа юкланганини ҳар томонлама чуқур ҳис қилиб турибман.
 
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк Йўлбошчимиз, қадрли Ислом Абдуғаниевич Каримов томонидан ишлаб чиқилган ва чорак аср мобайнида самарали амалга ошириб келинган давлатимизнинг сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий соҳалардаги ҳамда демократик ислоҳотларни жорий этиш борасидаги изчил мустақил тараққиёт йўлини давом эттиришни шу даврда ўзимнинг энг асосий вазифам деб биламан. 

Замонамизнинг буюк давлат ва сиёсат арбоби, узоқни кўра биладиган раҳбар, олижаноб маънавий ва ахлоқий фазилатлар эгаси бўлган бу улуғ инсон мен учун юксак идеал, ўз Ватани, ўз халқига фидокорона хизмат қилишнинг ёрқин намунасидир.

Сизларни ишонтириб айтаманки, Ислом Абдуғаниевич Каримов бизга васият қилиб қолдирган барча ҳаётий тамойилларга оғишмасдан, қатъий амал қиламан. У кишининг раҳбар доимо одамларнинг, эл-юртнинг дарду ташвиши билан яшаши, уларнинг орзу-ниятларини рўёбга чиқариш учун ҳузур-ҳаловатдан воз кечиб, ўзини аямасдан меҳнат қилиши керак, деган доно ўгитларини ўз фаолиятим учун асосий мезон ва талаб сифатида қабул қиламан. 

Бу борада мамлакатимиз фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликларини, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига амал қилинишини таъминлашни, Ўзбекистон Республикасининг суверенитети, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини муҳофаза этиш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўришни, республика олий ҳокимият ва бошқарув органларининг ҳамкорликда ишлашини таъминлашни, яқин ва узоқ қўшни давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришни энг асосий вазифа деб ҳисоблайман. 

Ўзбекистон Республикасининг Қонунчилик палатаси ва Сенати аъзолари билан, мамлакатимизда фаолият олиб бораётган сиёсий партиялар, фуқаролик институтлари билан биргаликда, бир ёқадан бош чиқариб ишлашни олдимизда турган ғоят муҳим ва устувор вазифаларни муваффақиятли амалга оширишнинг энг асосий омили ва гарови деб биламан. 

Эл-юртимизнинг юксак ишончини оқлаш, Ватанимиз мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, мамлакатимизнинг барқарор тараққиётини таъминлаш йўлидаги амалий ишлар билан азиз Юртбошимиз Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг руҳи покларини шод этиш учун бор билим ва тажрибамни, салоҳият ва куч-ғайратимни сафарбар этаман. 

Ишонаманки, улуғ Юртбошимизнинг бизга қолдирган бебаҳо мероси, ўлмас ғоя ва дастурлари йўлимизни нурафшон қилиб, барчамизга доимо мададкор бўлади.
 
Эътиборингиз учун раҳмат”. 

Теглар:Ислом Каримов Шавкат Мирзиёев 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

Зулфия
01:21 06.12.2016

Хурматли шавкат мирзиеев сизни приздентли лавозимингиз Билан что юракдан табртклайман оллохим мартабангизни бунданда зиеда килсин


Зулфия
01:20 06.12.2016

Хурматли шавкат мирзиеев сизни приздентли лавозимингиз Билан что юракдан табртклайман оллохим мартабангизни бунданда зиеда килсин


Захидов Хаким
13:03 09.09.2016

Мухтарам Президентимиз Ислом Абдуганиевич Каримовнинг эзгу ниятларини рўёбга чикаришда Шавкат Миромонович Мирзиёевга мастахкам соғлик ва омад тилайман. Мен бу инсонга ишонаман ва у айтган гапини устидан чиқадиган шахслигини, мардлигини гувохи булганман.



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар