...
МЕНЮ
ONLINE TV

Самарқандлик олим: “Кириш имтиҳонларини МХХ эмас, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги назорат қилиши керак”


17:30, 14.02.2018 Жамият
 6 457

Кириш тест имтиҳонлари миллий хавфсизлик хизмати вакилларининг бевосита иштирокида ва қаттиқ назорати остида ўтказилади. Шунга қарамасдан олий ўқув юртига фақат билими бор ёшларни саралаб олиш муаммоси ҳал бўлмаяпти.

Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти профессори, иқтисод фанлари доктори Мурод Мухаммедовнинг фикрича, таълим сифатини тубдан яхшилашнинг якка-ю ягона йўли – таълим тизимини коррупциянинг ҳар қадай кўринишларидан ва иллатларидан халос этиш. Бунинг учун таълимга бевосита дахлдор бўлган барча томонлар биргаликда ҳаракат қилмоғи, таълим жараёнида кечаётган мураккаб жараёнларнинг пассив кузатувчиларидан, билим сифатини оширишнинг фаол курашчиларига айланмоғи лозим.
 
Олимнинг ЎзА сайтида эълон қилинган мақоласида таъкидланишича, билимга дахлдор томонларга қуйидаги тўрт тоифадаги гуруҳларни киритиш мумкин:
 
- таълим тизимини тартибга солиш ва бошқаришда иштирок этувчи давлат қонунчилик, ижро ва назорат органлари;
 
- таълим хизматлари истеъмолчилари, яъни талаба-ўқувчилар;
 
- таълим хизматлари кўрсатувчилар, яъни профессор-ўқитувчилар;
 
- ота-оналар.
 
Таълим сифатини тубдан ошириш муаммосини муваффақиятли ечиш учун улар ўзаро ҳамкорликда ва ҳар бири алоҳида мустақил бўғин сифатида ишлаб чиқаришни билимли мутахассис билан таъминлашга ҳаракат қилмоғи лозим. Ҳозир, назаримда, уларнинг ҳар бири алоҳида ва ҳаммаси биргаликда таълим сифатига тескари йўналишларда ҳаракат қилмоқда. Фикримнинг исботи сифатида айрим далилларни келтирмоқчиман.
 
Биринчи томон – таълимни идора қилувчи давлат тузилмалари. Кириш тест имтиҳонлари миллий хавфсизлик хизмати вакилларининг бевосита иштирокида ва қаттиқ назорати остида ўтказилади. Шунга қарамасдан олий ўқув юртига фақат билими бор ёшларни саралаб олиш муаммоси ҳал бўлмаяпти.
 
Кўп йиллик тажриба шундан далолат берадики, шундай нуфузли ташкилотнинг тест синовларига жалб этилиши олий ўқув юртларига энг қобилиятли, билимдон ёшларни саралаб олиш муаммоларини узил-кесил ҳал этиб бера олмаяпти. Бу ҳолатнинг асосий сабаби шундаки, ушбу ташкилот таълим сифати кўрсаткичлари бўйича давлат олдида ҳеч қандай ҳисобот бермайди, унинг асосий жавобгарлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида. Модомики, таълим сифатининг жавобгарлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги зиммасида экан, демак талабаликка саралаб олиш жараёнини ўзи қатъий назорат остига олиши зарур.
 
Иккинчи томон – ўқувчи-талабалар. Билим олиш, ҳозирги замон фанидаги мураккаб мазмунни ўзлаштириш – инсон фаолиятининг барча турлари ўртасида энг оғири ва чинакамига машаққатлиси, десак хато бўлмайди. Ёшлар, айниқса болалар, зерикарли, катта меҳнат талаб қиладиган фанни ўрганишдан кўра ўйин, томоша, спорт, бадиий китоб ўқиш, телевизор кўриш, интернетга уланишни хуш кўради. Бу табиий ҳол. Дарслик қанчалик қизиқарли тилда ёзилган бўлмасин, ўқитувчи дарсни қанча қизиқарли ўтишга ҳаракат қилмасин, барибир, у фанлигича қолаверади ва ҳеч қачон ёш бола футбол ўйнашга нисбатан бошини қотириб тенглама ечишни афзал кўрмайди. Юқори синфларда, таълимнинг кейинги босқичларида ўрганилиши лозим бўлган мураккаб фанлар тўғрисида гапириб ўтирмасак ҳам бўлади. Демак, ёшларни ўзлари учун қизиқарли бўлган машғулотларнинг бир қисмидан воз кечиб, жамият учун муҳим бўлган билимларни ўзлаштиришга вақт ажратишга мажбур қиладиган, уни рағбатлантирадиган, чинакамига қизиқтирадиган восита керак. Бу ҳам бўлса, унинг билимига қўйиладиган баҳо. Амалдаги билимни баҳолаш тизимидаги нуқсонлар оқибатида ёшларимиз пухта билим эгаллаш имкониятидан маҳрум бўлмоқда.
 
Учинчи томон – ёшларимизга билим бераётган педагоглар, профессор-ўқитувчилар. Давлат, жамият улардан билимдон ва юқори малакали кадрлар тайёрлаб беришни талаб қилади. Лекин амалда бу талабни ижро этишнинг самарали механизмлари яратилмаган. Мактабда яхши ўқиб, бакалавриатура, магистратура, докторантурани ўташ, не-не машаққатлар билан илмий ишини ёқлаб, охир-оқибатда олаётган иш ҳақи рўзғор тебратишга етмаётган профессор-ўқитувчининг талаба-ўқувчилар билимини объектив баҳолаши қийин кечмоқда. Бу ерда гап фақат моддий рағбатда эмас. Одатда, олимлар, ўқитувчилар, ўз табиатига кўра сабр-қаноатли бўлишади. Лекин жамият уларнинг меҳнатини, билимини қадрламаганлигидан изтироб чекади, ўзларини камситилгандай ҳис қиладилар. Ваҳоланки, инсон капитали қадрланадиган мамлакатларда профессор-ўқитувчилар иш ҳақи даражаси бўйича энг юқори ўринлардан бирида турадилар.
 
Мақоланинг тўлиқ матни билан қуйидаги ҳаволада танишиш мумкин.
Фирдавс БЕК

Теглар:таълим коррупция МХХ 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар