...
МЕНЮ
ONLINE TV

Қуйичирчиқда босқинчилар қўлга олинди


13:26, 10.01.2018 Жамият
 2 376

Босқинчилар ётоқхонадаги шкаф ичидан 200.000 сўм пул, умумий нархи тахминан 245.000 сўм бўлган 1 жуфт оёқ кийими ва эркаклар спорт кийимини олишиб, воқеа жойидан яширинганлар.

Қуйичирчиқ туман ИИБга 2018 йил 7 январь куни соат 12.35 да тушган хабарга кўра, тунги соат 03.00 ларда, икки нафар номаълум шахс, Қуйичирчиқ тумани, Ойдинобод маҳалласида яшовчи нафақаҳўр, 1965 йилда туғилган В.П. уйда бир ўзи бўлганидан фойдаланиб, девордан ошиб тушиш йўли билан унинг хонадонига киришган. Уй ичида бўлган темир пружинадан ясалган спорт анжоми ҳамда тахта бўлагидан қурол сифатида фойдаланган ҳолда В.П.нинг боши ва танасининг турли жойларига бир неча маротаба уришиб, қўлларини дазмолнинг сими билан боғлашади. Кейин ётоқхонадаги шкаф ичидан 200.000 сўм пул, умумий нархи тахминан 245.000 сўм бўлган 1 жуфт оёқ кийими ва эркаклар спорт кийимини олишиб, воқеа жойидан яширинганлар. 

Туман ИИБ томонидан олиб борилган тезкор чора тадбирлар натижасида, ушбу жиноятни Қуйичирчиқ туманида яшовчи, вақтинча ишсиз, 1994 йилда туғилган, муқаддам судланган А.Р. ва 1994 йилда туғилган Р.О. содир этганлиги аниқланиб, ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан Қуйичирчиқ туман ИИБ Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 164-моддаси 3-қисми “в” банди (босқинчилик, яъни уй-жойга ғайриқонуний равишда кирган ҳолда ўзганинг мол-мулкини талон-торож қилиш мақсадида ҳужум қилиш, ҳаёт ёки соғлиқ учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, гумон қилинувчилар А.Р. ва Р.О.лар ҳибсга олинган.

Мазкур жиноятнинг сабаблари ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф қилиш масаласи туманнинг “Ойдинобод” маҳалла фуқаролар йиғинида муҳокама қилинди.

Муқокамада Қуйичирчиқ туман ИИБ бошлиғи подполковник Б.Қўзибоев, туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими бошлиғи майор З.Итолмасов ва “Ойдинобод” маҳалла фуқаролар йиғини раиси ҳамда маҳалла фаоллари иштирок этди.  

Муҳокама давомида мазкур ўта оғир турдаги жиноятнинг содир этилишида гумон қилинувчилар А.Р. ва Р.О.лар муқаддам судланган бўлса-да, улар билан етарли даражада профилактик чора тадбирлар олиб борилмагани кўрсатиб ўтилди. Муҳокама якуни бўйича тегишли қарор қабул қилиниб, келгусида маҳалла ҳудудида ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида тегишли вазифалар белгилаб олинди.

Жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, гумон қилинувчиларА.Р. ва Р.О.ларнинг бошқа жиноятга алоқадорлиги текширилмоқда.
Обил Сафаров

Теглар:Қуйи Чирчиқ 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар