Жиноятчи ИИББ ходимларига аввал ўзини бошқа ном билан таништирган.
Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Матбуот хизмати хабар берди.
Хабарда айтилишича, ИИББга жиноятчи Тошкентда юрганлиги ҳақида маълумот келиб тушган ва жиноятчини қўлга олишга қаратилган тезкор режа ишлаб чиқилган.
Шундан сўнг, 19 декабрь куни соат 9:00 ларда Яккасарой тумани, Фарҳод кўчасида ўтказилган тадбир жараёнида, гумондор жиноятчи ўзини Қозоғистон Республикаси фуқароси Байтасов Айдину Танирберганович, дея таништирган.
Бироқ, мазкур шахс билан ўтказилган текширув давомида у аслида 33 ёшли Молдахметов Бейбетим Кенжатай ули бўлиб, Қозоғистон Республикаси фуқароси, муқаддам бир неча бор судланган, уюшган жиноий гуруҳ аъзоси, лақаби “Бебет” эканлиги аниқланган.
Ундан ташқари, Қозоғистон Республикаси томонидан ЖКнинг 296-моддаси 4-қисмида (гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, қайта ишлаш, олиш, сақлаш, ташиш) кўрсатилган жиноятни содир этганлиги учун қидирувда эканлиги, унга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилгани аниқланган.
Ҳозирда, Молдахметов Бейбетим Кенжатай улини Қозоғистон Республикасига экстрадиция қилиш масаласи ҳал этилмоқда.