...
МЕНЮ
ONLINE TV

Қора рўйхатлардан чиқдик – 2018 йилнинг 7 асосий воқеаси


14:47, 31.12.2018 Жамият
 15 483

2018 йилнинг охирига ҳам етиб келдик. Ўтган бир йил давомида Ўзбекистон ўзининг халқаро майдондаги сиёсий, иқтисодий, ижтимоий позициясини яхшилашга жиддий эътибор қаратди.
 
Мамлакатда 2018 йил давомида кўплаб муҳим халқаро анжуман, фестиваллар ўтказилди. Бундан ташқари, давлатлар билан икки томонлама алоқаларда ҳам салмоқли ютуқларга эришилди. Жумладан:
 
Афғонистонда масаласи бўйича халқаро конференция
 
Тошкент шаҳрида 26-27 март куни “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзуидаги анжуман ўтказилди.
 
Унда Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Федерика Могерини, АҚШ Давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Томас Шэннон, Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Эрон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазири Жавад Зариф, Покистон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазири Муҳаммад Асиф иштирок этди.
 
Конференцияда минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, барча соҳаларда ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, аҳил қўшничилик муносабаталарини янада ривожлантириш кўзда тутилган Тошкент халқаро конференцияси декларацияси имзоланди.
 
Самарқандда инсон ҳуқуқлари форуми
 
Ниҳоясига етаётган 2018 йилнинг 22-23 ноябрь кунлари Умумжаҳон инсон ҳуқуқлари декларацияси қабул қилинганлигининг 70 йиллиги муносабати билан Самарқандда Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми бўлиб ўтди.
 
Форумда БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари, Осиё қитъасида жойлашган давлатларнинг инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи институтлари раҳбарлари, ҳуқуқшунос олимлар ва бошқалар иштирок этди.
 
Форум якунларига кўра, Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд декларацияси қабул қилинди. Ҳужжатнинг асосий мазмуни инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича БМТнинг барқарор ривожланиш мақсадларини ҳаётга тадбиқ этишдан иборат.
 
Халқаро Мақом санъати анжумани
 
2018 йилнинг 6-10 сентябрь кунлари Шаҳрисабз шаҳрида “I Халқаро мақом санъати анжумани” ўтказилди.
 
Қарийб бир ҳафта давомида Шаҳрисабз жаҳоннинг турли давлатларидан келган энг сара мақом ижрочилари баҳсига мезбонлик қилди. Нуфузли анжуманда жами 73 давлатдан 300 га яқин яккахон ижрочи ва мусиқий жамоалар, унинг доирасида ўтган халқаро илмий-амалий конференцияда 19 давлатдан 30 нафар мусиқашунос олим иштирок этди.
 
Халқаро ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларнинг чиқишларини учта – “Энг яхши мақом ансамбли”, “Энг яхши яккахон чолғу ижрочиси” ва “Энг яхши яккахон хонанда” номинацияси бўйича баҳолади.
 
Туниснинг “Al Gharbi Twins”, Япониянинг “SPCP Japan” жамоалари ва Туркманистон вакили Сухонберди Оразбердиев учинчи ўринга лойиқ, деб топилди.
 
Эроннинг “Настар” ансамбли ва ҳиндистонлик Устад Иқбол Аҳмат Хон иккинчи ўринга муносиб кўрилди. Озарбайжоннинг “Ҳайрати” жамоаси солисти Нигор Шабанова ва Ўзбекистоннинг “Сақил” ансамбли биринчи ўринга сазовор бўлди.
 
Ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, Халқаро мақом санъати анжуманининг бош соврини – Гран-при Тожикистон мақом академиясига берилгани эълон қилинди.
 
Ўзбекистон Президентининг АҚШга ташрифи
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 16-18 май кунлари Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трамп таклифига биноан ушбу мамлакатда бўлди.
 
Президент Америка сиёсий доиралари билан учрашувлар ўтказди. Ташриф давомида икки мамлакат вазирлик ва компаниялари ўртасида савдо, энергетика, молия, қишлоқ хўжалиги, фан-таълим соҳаларига доир қарийб 4,8 миллиард долларлик янги шартномалар имзоланди.
 
Ўзбекистон АҚШнинг диний масаладаги “қора рўйхати”дан чиқди
 
2018 йилда юз берган муҳим воқеалардан яна бири Ўзбекистонда диний эркинлик таъминлаш учун амалга оширилаётган ислоҳотларнинг АҚШ томонидан тан олиниши бўлди.
 
2018 йилнинг 11 декабрь куни АҚШ Давлат котиби Майкл Помпео ўз қарори билан Ўзбекистонда дин эркинлигини таъминлаш йўлида салмоқли натижаларга эришилганини эътироф этган ҳолда, мамлакатни “алоҳида хавотир уйғотадиган давлатлар” (CPC) рўйхатидан чиқарди.
 
Ўзбек пахтаси “қора рўйхат”дан ўчирилди
 
АҚШ Ўзбекистон пахтаси маҳсулотларини болалар меҳнати орқали етиштирилган маҳсулотлар рўйхатидан чиқарди.
 
Ўзбекистон болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга қарши курашишда қатор саъй-ҳаракатларни амалга оширди.
 
Мана, икки йилдирки, пахта мавсуми бошланганда ўқувчилар мактабни, талабалар институтни ва бошқа давлат идоралари ходимлари ҳам ўз ишларини ташлаб, пахта даласига юборилмаяпти. Ва ниҳоят, бу ўз мевасини берди.
 
Ўзбекистон-Россия форуми
 
2018 йил 19-22 октябрь кунлари Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлди.
 
Мазкур ташриф вақтида Икки томонлама муносабатлар тарихида илк бор “Ўзбекистон-Россия” ҳудудлараро ҳамкорлик форуми ташкил этилди. “Ўзэкспомарказ”да ўтказилган форумда Россия ҳудудлари, етакчи компания ва саноат корхоналари раҳбарлари – жами мингдан зиёд киши иштирок этди.
 
Форумда ишбилармонлар ўртасидаги ҳамкорликнинг амалий масалалари, аниқ лойиҳа ва дастурлар муҳокама қилинди. Уларнинг натижасида умумий қиймати 2 миллиард долларлик келишув ва шартномалар имзоланди.
Суннатилла Абдуллаев

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар