...
МЕНЮ
ONLINE TV

Президентнинг янги қарори олимларнинг сермашаққат меҳнатларини муносиб моддий рағбатлантиришга кенг йўл очади


12:56, 18.02.2017 Жамият
 2 578

Илмий-тадқиқот фаолиятини ташкил этиш тизимида Фанлар академияси ҳақли равишда фундаментал тадқиқотлар етакчиси сифатида алоҳида ўрин эгаллайди.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон Республикасида илмий-тадқиқот фаолиятини ташкил этиш, бошқариш ва молиялаштиришнинг барқарор тизими яратилди. Мамлакатда салоҳиятли илмий мактаблар яратилди, илмий лаборатория ва кафедралар, олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари, вазирлик ва идоралар ҳамда республика миқёсидаги илмий-техник ва эксперт кенгашлари шаклидаги кўп тармоқли илмий-ташкилий инфратузилма фаолият юритмоқда.
 
Айниқса сўнгги йилларда илмий-тадқиқот фаолиятининг моддий-техник салоҳиятини мустаҳкамлаш ва самарадорлигини оширишга йўналтирилган салмоқли ишлар амалга оширилди. Бир қатор янги илмий-инновацион тузилмалар – Геномика ва биоинформатика маркази, Халқаро қуёш энергияси институти, Кембридж университети иштирокида Юқори технологиялар маркази фаолияти йўлга қўйилди.
 
Илмий-тадқиқот фаолиятини ташкил этиш тизимида Фанлар академияси ҳақли равишда фундаментал тадқиқотлар етакчиси сифатида алоҳида ўрин эгаллайди. Ҳозирги кунда Фанлар академияси тизимида салмоқли интеллектуал салоҳият мужассамланган. Шунинг учун ҳам давлатимиз томонидан академик фаннинг мамлакат иқтисодиётини инновацион ривожлантиришдаги ролини кучайтириш, Фанлар академиясининг илмий-инновацион фаолиятини такомиллаштириш ва мавқеини ошириш масалаларига катта эътибор қаратилаётгани бежиз эмас.
 
Ушбу эътиборнинг ёрқин кўриниши сифатида мамлакатимиз Президентининг давлат раҳбари сифатидаги биринчи учрашуви айнан илм ҳамжамияти – республика академиклари ва етакчи олимлари билан бўлганлигини таъкидлаш жоиз. 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб академикларга энг кам иш ҳақининг 10 баробари миқдорида жисмоний шахслар даромадига солинадиган солиқлардан озод этилган ойлик гонорар белгиланди. Бундан ташқари, улар учун санаторий муассасаларида ҳар йили бепул соғломлаштириш курсидан фойдаланиш ҳуқуқи назарда тутилди. Академиклар илмий, таълим ва ишлаб чиқариш жараёнларига кенг жалб этилиб, уларга юқори малакали кадрлар тайёрлашда фаол иштирок этишлари учун зарур имкониятлар яратилди.
 
Шу билан бирга, илмий-техник салоҳиятнинг ҳозирги кундаги аҳволи, кадрлар билан таъминланганлиги, илмий-тадқиқот фаолиятининг моддий-техника, тажриба ва лаборатория базаларининг ривожланиш даражаси мамлакат ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг жадал суръатларидан ортда қолмоқда. Қатор тадқиқот йўналишлари бўйича миллий илм-фанимиз, айниқса академик фаннинг рақобатбардошлигини юқори ҳалқаро даражаларга мос келтириш зарурати ҳам юзага келди.
 
Илмий-тадқиқот муассасалари фаолиятини молиялаштириш тизимида бир қатор муаммолар мавжуд. Натижада, илмий фаолият нуфузи бирмунча пасайиб, иқтидорли ёшларнинг бошқа соҳаларга кетиб қолиш ҳолатлари кузатилмоқда, илмий кадрларнинг ўртача ёши ортиб бориши тенденцияси сақланиб қолмоқда. Шу муносабат билан, давлат илмий-техника дастурларини шакллантириш, амалга ошириш ва мониторингини юритиш жараён­ларини мувофиқлаштирувчи ягона тизимнинг мавқеи ва салоҳиятини тиклаш, олимларга кенг кўламли илмий изланишларни амалга оширишлари учун барча зарур шароитларни яратиш бугунги куннинг ҳал қилиниши лозим бўлган долзарб вазифаларидан бирига айланди.
 
Таъкидлаш лозимки, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривож­лан­ти­риш­нинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам илмий-тадқиқот ва инновация фаолиятини рағбатлантириш, илмий ва инновация ютуқлари­ни амалиётга жорий этишнинг самарали механизмларини яратиш, олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот институтлари ҳузурида ихтисослаштирилган илмий-эксперимен­тал лабораториялар, юқори технология марказлари ва технопаркларни ташкил этишга таълим ва фан соҳасини ривожлантиришнинг энг муҳим йўналишларидан бири сифатида алоҳида эътибор қаратилган.
 
Бундан ташқари, республика вилоятларида бўлиб ўтаётган халқ билан бевосита мулоқот пайтида Президентимиз томонидан барча ҳудудларда илм-фан салоҳиятини тиклаш, ҳудудларнинг комплекс ривожланишини таъминлашда мавжуд интеллектуал салоҳиятдан самарали фойдаланиш, ёшларни илмий-тадқиқот фаолиятига кенг жалб қилиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилмоқда. Ушбу вазифаларни амалга оширишда илмий изланишларни ижтимоий-иқтисодий соҳаларнинг реал муаммоларига йўналтириш, илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги узвий интеграцияни таъминлаш, ўз навбатида, ишлаб чиқариш корхоналари томонидан олимларнинг илмий-технологик ишланмаларини амалиётга жорий қилиш самарадорлигини ошириш механизмларини яратиш масалалари ўта муҳим аҳамият касб этади.
 
Мазкур соҳада тўпланиб қолган муаммоларни ҳал этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фанлар академияси фаолияти, илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, бошқариш ва молиялаштиришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу қарор билан кенг кўламли миқёсдаги аниқ мақсадли ишлар амалга оширилиши кўзда тутилган.
 
Жумладан, қарорга кўра замонавий талаблар асосида Фанлар академиясининг асосий вазифа ва фаолиятининг устувор йўналишлари белгилаб берилган. Бундан ташқари, илмий-тадқиқот инфратузилмасини янада мустаҳкамлаш мақсадида Фанлар академияси таркибида бир қатор илмий-тадқиқот муассасалари ташкил қилиниб, қатор муассасалар академия тасарруфига қайтарилган. Ўз навбатида бу тадбирлар Фанлар академияси томонидан кенг кўламли фундаментал тадиқотлар олиб борилишини таъминлаш, турли фан тармоқлари бўйича мавжуд илмий салоҳиятни мужассамлаш ва ижтимоий-иқтисодий соҳаларнинг долзарб муаммоларига сафарбар қилиш имкония­тини яратади.
 
Қарорда Фанлар академияси бошқарув аппаратининг ташкилий тузил­ма­сини янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди, унинг таркибида физика-математика ва техника фанлари, кимё-биология фанлари ва ижтимоий-гуманитар фанлар бўлимлари ҳамда Фанлар академиясининг Навоий бўлимини ташкил этиш кўзда тутилди. Бу мазкур фан соҳаларида олиб борилаётган илмий тадқиқотлар самарадорлигини ошириш билан бир қаторда, Навоий вилояти ҳудудини комплекс ривожлантиришда, мавжуд саноат салоҳиятини янада мустаҳ­кам­лашда академик фан имкониятларидан кенг фойдаланиш имкониятини беради.
 
Шунингдек, қарорга мувофиқ Фанлар академиясининг Қорақалпоғистон ва Навоий бўлимлари ҳамда Хоразм Маъмун академияси раислари мавқеи академия вице-президенти даражасига тенглаштирилиши ҳам айнан ҳудудларда илм-фан салоҳиятини тиклаш ва нуфузини ошириш борасида олиб борилаётган тизимли ишларнинг яққол тасдиғидир.
 
Самарали илмий фаолиятни рағбатлантиришга ҳам қарорда катта эътибор қаратилган. Шу мақсадда, илмий-тадқиқот муассасаларининг хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятидан тушган соф фойданинг 10 фоизи миқдоридаги ажратмалари ҳисобига шаклланадиган, илмий тадқиқотлар якунлари бўйича салмоқли натижаларга эришган Фанлар академияси илмий ходимларини моддий рағбатлантириш жамғармаси ташкил этилмоқда.
 
Қарор билан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири раҳбарлигида Фан ва техноло­гия­лар бўйича давлат комиссияси тузилиб, унинг зиммасига илмий-техника соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, инновацион сиёсатнинг устувор йўналишларини белгилаш вазифалари юкланмоқда.
 
Шунингдек, мазкур комиссиянинг ишчи органи сифатида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги фаолияти тугатилаётган Фан ва технология­ларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси негизида Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлиги ташкил этилмоқда. Агентлик зиммасига иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа учун фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни бажаришда илмий-техник хизматлар кўрсатишга йўналтирилган давлат топшириқларини шакллантириш каби вазифалар юкланади.
 
Мазкур тадбирлар илмий-тадқиқот фаолиятини ташкиллаштириш тизимини янги босқичга кўтаришга, мавжуд интеллектуал салоҳиятни жипслаштиришга, изланишлардаги майда, самарасиз мавзуларга ва такрорланишларга барҳам беришга хизмат қилади.
 
Қарор билан ўз ечимини топаётган яна бир муҳим масала Фан ва техноло­гия­лар бўйича давлат комиссияси қошида юридик шахс мақомига эга бўлган Илмий-техник фаолиятни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш билан боғлиқ бўлиб, жамғарма маблағлари қуйидаги мақсадларга йўналтирилиши назарда тутилган:
 
илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларида янги типдаги ва замонавий юқори технологик асбоб-ускуналар билан жиҳозланган илмий лабораторияларни ташкил этиш;
 
олимларимиз томонидан давлат илмий-техник дастурлари доирасида яратилган интеллектуал мулк объектларини чет элда рўйхатдан ўтказиш (патентлаш) харажат­ларини қоплаш;
 
замонавий лабораторияларнинг илмий асбоб ва ускуналарини зарур сарфланувчи материаллар ва бутловчи қисмлар билан узлуксиз таъминлаш;
 
илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг жаҳоннинг етакчи илмий электрон маълумотлар базасидан эркин фойдаланишлари учун сарфланадиган харажатларни қоплаш;
 
ёш олимларнинг етакчи хорижий илмий марказларда қисқа муддатли илмий стажировкаларини молиялаштириш.
 
Қарор доирасида назарда тутилган барча тадбирлар давлатимиз томонидан иқтисодиётнинг инновацион тараққиётини таъминлашда илм-фаннинг ролини кучайтириш борасида амалга оширилаётган тизимли ишларнинг мантиқий давоми бўлиб, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси муваффақиятли амалга оширилишига хизмат қилади.
 
Ушбу қарор академик фан нуфузини ошириш, илмий-тадқиқот фаолиятининг кадрлар ва интеллектуал салоҳиятини мустаҳкамлаш, уни ташкиллаштириш ва бошқариш тизимини такомиллаштириш, илмий-тадқиқот муассасалари моддий-техника базасини тубдан яхшилаш, иқтидорли ёшларни илм-фанга кенг жалб қилиш ва олимларнинг сермашаққат меҳнатларини муносиб моддий рағбатлантиришга кенг йўл очади.

Теглар:Фанлар академияси Илмий-тадқиқот 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар