...
МЕНЮ
ONLINE TV

Президент прокурорлар фаолиятига оид янги фармонни имзолади


10:17, 09.05.2018 Жамият
 7 973

Олий ўқув курсларида 2007-2017 йиллар давомида 4318 нафар ходимнинг малакасини ошириш ва 186 нафар раҳбар кадрларни қайта тайёрлаш таъминланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 8 май куни “Прокуратура органлари кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони
 
Мамлакатда амалга оширилаётган ўзгаришлар, ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг янги устувор йўналишлари ҳамда қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш вазифалари прокуратура органлари кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш тизимини янада такомиллаштириш заруриятини тақозо этмоқда.
 
Ўтган давр мобайнида ҳуқуқни қўллаш ҳолатини комплекс таҳлил қилиш, қонунбузилишлар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини ўз вақтида бартараф этиш чораларини кўриш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини таъминлаш, тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш юзасидан прокуратура органлари ходимларини зарур билим ва кўникмаларга ўргатиш борасида муайян таълим ва илмий салоҳият шакллантирилди.
 
Хусусан, 2007 йилдан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси тузилмасида раҳбар кадрларни қайта тайёрлаш ва прокуратура органлари ходимларининг малакасини ошириш билан шуғулланувчи Олий ўқув курслари фаолият юритмоқда. Олий ўқув курсларида 2007-2017 йиллар давомида 4318 нафар ходимнинг малакасини ошириш ва 186 нафар раҳбар кадрларни қайта тайёрлаш таъминланди.
 
Шу билан бирга, прокуратура органлари фаолиятининг мутлақо янги йўналишлари белгиланганлиги, уларнинг амалга оширилаётган ислоҳот ва ўзгаришлардаги ўрни кучайтирилганлиги юклатилган вазифаларни самарали бажара оладиган муносиб кадрлар таркибини шакллантиришни талаб этмоқда.
 
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ, шунингдек, прокуратура органлари кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишнинг замонавий тизимини яратиш мақсадида:
 
1. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Олий ўқув курслари Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси (кейинги ўринларда Академия деб юритилади) этиб қайта ташкил этилсин.
 
2. Қуйидагилар Академия фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари этиб белгилансин:
 
прокуратура органлари ходимларида билим ва кўникмаларни, шу жумладан, тизимли таҳлил ва танқидий фикрлашни, шахсий ва ишчанлик сифатларини ривожлантириш ва такомиллаштиришни, қонунларга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига сўзсиз риоя этилиши юзасидан адолат ва масъулият каби юксак туйғуларини шакллантириш ва мустаҳкамлашни таъминловчи ходимларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва улар малакасини оширишнинг ягона тизимини ташкил этиш;
 
замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини, масофавий таълимни, ўқитиш ва тренингларни интерфаол ҳамда муаммоли-вазиятли услубларини кенг жорий этиш;
 
прокуратура органлари фаолиятини илмий-методик жиҳатдан таъминлаш, фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар ўтказиш, қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлатнинг қонун билан муҳофаза қилинадиган манфаатларини қўриқлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг долзарб муаммолари юзасидан тизимли асосда илмий-тадқиқот дастурлари ва лойиҳаларини, шу жумладан, миллий, хорижий ва халқаро грантларни жалб қилган ҳолда амалга ошириш;
 
қонунчиликни такомиллаштириш ва ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантириш бўйича илмий асосланган хулоса ва тавсиялар ишлаб чиқиш;
 
ўқитишнинг амалий хусусиятига ва прокуратура органларининг касбий фаолияти билан узвий боғлиқликка таянган ҳолда магистратура мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрлаш;
 
прокуратура органлари фаолияти йўналишлари бўйича олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш;
 
ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш соҳасида ўзаро ҳамкорлик масалалари юзасидан давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг малакасини ошириш;
 
прокуратура органлари фаолиятини психологик жиҳатдан таъминлаш, номзодларни хизматга қабул қилишда касбий-психологик танлов ўтказиш, прокуратура органларидаги маънавий-психологик муҳитни ўрганиш ва уни яхшилаш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқиш;
 
қўшма илмий тадқиқотлар ўтказиш, норматив-ҳуқуқий, методик ва таҳлилий хусусиятга эга бўлган маълумотларни алмашиш, ўқув жараёнига хорижий мутахассисларни жалб қилиш, педагог, илмий ходимлар ва тингловчиларнинг стажировкаларини тизимли равишда ташкил этиш соҳаларида халқаро ҳамкорликни амалга ошириш;
 
ўқув жараёнининг сифатини ошириш бўйича тажриба алмашиш, саъй-ҳаракатларни бирлаштириш мақсадида юридик кадрларни тайёрловчи, қайта тайёрловчи ва уларнинг малакасини оширувчи таълим ва илмий-тадқиқот, шу жумладан, хорижий давлатлар муассасалари билан самарали идоралараро ҳамкорликни чуқурлаштириш.
 
3. Белгилансинки:
 
а) Академияда касбий қайта тайёрлаш ва малака ошириш қуйидаги дастурлар бўйича амалга оширилади:
 
прокурор-тергов иши ва прокуратура органларида иш юритишни ташкил қилиш асосларини ўқитишга йўналтирилган, давомийлиги 576 соатдан кам бўлмаган прокуратура органларида лавозимларни эгаллаш учун номзодларни бирламчи ихтисослашув шаклида касбий қайта тайёрлаш;
 
прокурор-тергов ва таҳлилий ишларни юритиш, норма ижодкорлиги фаолиятида иштирок этиш юзасидан касбий билим ҳамда кўникмаларни чуқурлаштиришга, шунингдек, ишни ташкил этишнинг инновацион шакллари ва методларини ҳамда бошқарув асосларини ўзлаштиришга йўналтирилган, давомийлиги 576 соатдан кам бўлмаган прокуратура органларида раҳбарлик лавозимларини эгаллаш учун захирада турган кадрларни касбий қайта тайёрлаш;
 
қонунчиликдаги янгиликлар мазмун-моҳиятини етказиш, касбий кўникма ва малакаларни такомиллаштириш, прокурор-тергов ишининг илғор ютуқларини ўргатиш, шунингдек, прокуратура органлари ходимлари фаолиятидаги тизимли камчиликларни бартараф этишга йўналтирилган, давомийлиги 144 соатдан кам бўлмаган прокуратура органлари ходимлари малакасини ошириш;
 
б) прокуратура органлари ходимлари малакасини оширишнинг даврийлиги ҳар уч йилда камида бир мартани ташкил этади;
 
в) прокуратура органларида лавозимларни эгаллаш учун номзодлар прокуратура иш ўрганувчилари лавозимига тайинлангунига қадар мазкур Фармон 3-банди «а» кичик бандининг иккинчи хатбошисида назарда тутилган касбий қайта тайёрлашдан ўтадилар.
 
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига:
 
Академияда асосий иш жойидан ажралган ёки ажралмаган ҳолда қисқа муддатли ва бошқа курсларни ташкил этиш;
 
истисно тариқасида, мазкур Фармон 3-банди «а» кичик бандининг иккинчи хатбошисида назарда тутилган касбий қайта тайёрлашдан ўтмаган шахсларни прокуратура органларига хизматга қабул қилиш ҳуқуқи берилсин.
 
4. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Академияда 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб магистрларни, шу жумладан, бошқа мутахассислик йўналишлари бўйича олий маълумотга ва прокуратура органларида камида 5 йиллик иш стажига эга бўлган прокуратура органлари ходимлари ҳисобидан тайёрлаш ҳақидаги таклифи билан келишилсин.
 
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Иқтисодиёт вазирлиги билан биргаликда Академия магистратурасига қабул қилиш квоталарини белгиласин.
 
5. Қуйидагилар:
 
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академиясининг тузилмаси 1-иловага мувофиқ;
 
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академиясининг самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича "Йўл харитаси" 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
 
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига:
 
Академиянинг тузилмасига белгиланган умумий штатлар сони доирасида ўзгартиришлар киритиш;
 
ўқув жараёнини таълимнинг кундузги, кечки, сиртқи ва масофавий шакллари асосида ташкил этиш ҳуқуқи берилсин.
 
6. Белгилаб қўйилсинки:
 
Академия прокуратура органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш учун масъул таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси бўлиб ҳисобланади;
 
Академияга Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган бошлиқ раҳбарлик қилади;
 
прокуратура органлари ходимлари келгусида прокуратура органларининг ўзлари эгаллаб турган лавозимига тенг бўлган бошқа лавозимларида хизматни давом эттиришини таъминлаган ҳолда Академияда хизмат ўташ учун ротация тартибида жалб этилиши мумкин;
 
Академия ходимларига Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари татбиқ этилади;
 
даражали унвонга эга бўлган Академия ходимлари прокуратура органлари тармоқларида стажировка ўташ даврида прокуратура органлари ходимларининг тегишли ваколатларидан фойдаланадилар ва мақом бўйича Академия тегишли тармоқлари (бўлимлари)нинг прокурорлари бўлиб ҳисобланадилар;
 
2018 йилнинг 1 июнидан Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан Академия ходимларига прокуратура органлари ходимлари учун белгиланган оширилган тариф коэффициенти ва алоҳида меҳнат шароитлари учун ҳар ойлик устама ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа рағбатлантирувчи қўшимча ҳақ ва устамаларни ўз таркибига олувчи лавозим маошига 100 фоиз миқдорда ҳар ойлик қўшимча устама тўланади;
 
Академия фаолияти Давлат бюджети, Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармаси ва прокуратура органларининг бюджетдан ташқари жамғармалари, шунингдек, қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.
 
7. Белгилаб қўйилсинки, Академияда тўлов-контракт асосида ўқитишдан келиб тушадиган маблағлар Академиянинг ўқув ва моддий-техник базасини ривожлантириш ҳамда унинг ходимларини моддий рағбатлантиришга йўналтирилади.
 
8. Академияга:
 
етакчи ўқув муассасалари, илмий-тадқиқот институтлари, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг, шу жумладан, хорижий мамлакатларнинг юқори малакали мутахассис ва экспертларини шартнома асосида ўқув жараёнига жалб қилишга;
 
прокуратура органларида лавозимларни эгаллаш учун бирламчи ихтисослашув шаклидаги касбий қайта тайёрлаш дастури бўйича таълим олаётган номзодларнинг яшаш ва овқатланиш харажатлари учун тўловларни прокуратура органларининг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағлари ҳисобидан амалга оширишга рухсат берилсин.
 
9. Олий суд, Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар Академияга ўқув жараёнини самарали ташкил этиш, шу жумладан, тажрибали мутахассисларни жалб этиш ҳамда илмий-амалий стажировкаларни ташкил этиш борасида ҳар томонлама кўмаклашсин.
 
10. Академия:
 
Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Олий Мажлиси палаталари қарорлари, Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, вазирлик ва идораларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари;
 
Академия ахборот-ресурс марказини мустаҳкамлаш учун босма ва китоб маҳсулотлари (ҳуқуқий, ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий нашрлар)нинг бепул назорат нусхалари (бир нусхада);
 
Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги, Олий суди, бошқа вазирлик ва идораларнинг статистик ахборотлари мажбурий юбориладиган ташкилотлар рўйхатига киритилсин.
 
11. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси уч ой муддатда:
 
Академия Уставини, прокуратура органлари ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш курслари тўғрисидаги Низомни, қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари ўқув режалари ва дастурларини, Академия магистратурасига қабул қилиш ва ўқитишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқласин;
 
Мазкур Фармон талабларига мувофиқ Академия штатлар жадвали ва харажатлар сметасини тасдиқласин;
 
Академияни ўқитишнинг замонавий шакл ва услубларини қўллаш кўникмаларига ҳамда амалий иш тажрибасига эга, шунингдек, хорижий тилларни эгаллаган малакали кадрлар билан тўлдирсин.
 
12. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси:
 
Академиянинг ўқув жараёни ва илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш учун ахборот-коммуникация технологияларидан, шу жумладан, видеоконференцалоқа ва масофавий таълим усулларидан фойдаланган ҳолда “Электрон таълим” миллий тармоғига уланишини;
 
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг ахборот-кутубхона фондига ва етакчи хорижий ахборот-кутубхона ресурслари фондларига доимий ва узлуксиз равишда киришини таъминласин.
 
13. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги мазкур Фармон талабларига мувофиқ Академияга зарур маблағларни 2018 йил учун ажратсин, 2019 йилдан бошлаб эса уларни Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети харажатлари параметрларида назарда тутсин.
 
14. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда Академияни жойлаштириш ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси биноларининг ягона мажмуини қуриш доирасида Академия қурилишини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилсин.
 
15. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 7 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Олий ўқув курсларини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ–727-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
 
16. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг баъзи қарорларига 3-иловага мувофиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин.
 
17. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Адлия вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига қонун ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни киритсин.
 
18. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори О.Б.Муродов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов зиммасига юклансин.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев 
 
Тошкент шаҳри, 2018 йил 8 май

Теглар:Шавкат Мирзиёев Прокуратура 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар