...
МЕНЮ
ONLINE TV

Пўлат Бобожонов Сурхондарёда 10 га яқин раҳбарни ишдан олди


09:36, 06.08.2018 Жамият
 11 593

ИИВ Пўлат Бобожонов республика бўйлаб назорат ўтказмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг кўрсатмасига мувофиқ республика Бош прокурори ва Ички ишлар вазирининг қўшма фармойиши имзоланганди. Шу асосда ташкил этилган, Ички ишлар вазири, генерал-майор Пўлат Бобожонов раҳбарлигида текширув гуруҳи айни пайтда вилоятларда ўрганиш ишларини олиб бормоқда.
 
Сурхондарё вилоятида иш олиб борган Ички ишлар вазири, генерал-майор Пўлат Бобожонов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳи вилоятнинг Узун, Сариосиё, Денов, Шўрчи, Қумқўрғон, Жарқўрғон, Ангор туманлари ИИБларида бўлиб, шахсий таркиб билан юзма-юз учрашган.
 
2 август куни вилоят ички ишлар бошқармасида Ички ишлар вазири П.Бобожонов бошчилигида ўрганишларнинг якунига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтган. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти девони, Бош прокуратура, вилоят ҳокимлиги ва ички ишлар органлари масъул ходимлари иштирок этганлар.
 
Мажлисда айрим ички ишлар органлари ходимлари мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, тизимда бўлаётган ўзгаришлар, хизмат фаолиятига алоқадор меъёрий ҳужжатларнинг туб мазмун-моҳиятини англамай, эскича услуб ва дунёқараш билан хизмат олиб бораётганлиги қайд этилиб, қатор раҳбар ва ходимларга нисбатан интизомий таъсир чоралари кўрилган.
 
Жумладан, хизмат вазифасига лоқайдлик ва сусткашлик билан муносабатда бўлиб, хизматни самарали ташкил этиш чораларини кўрмаганлиги, қўл остидаги ходимлар фаолиятини талаб даражасида назорат қилмагани оқибатида шахсий таркиб ўртасида тартиб-интизом сусайиб кетишига сабабчи бўлганлиги учун вилоят ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи И.Халилов, Термиз шаҳар ИИБ бошлиғи Ж.Ҳасанов, Шеробод туман ИИБ бошлиғи Д.Кенжаев, Термиз шаҳар ИИБ бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари А.Акрамов, Шеробод туман ИИБ бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Ҳ.Хамитов, Бойсун туман ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Б.Хушбаков, Узун туман ИИБ бошлиғининг кадрлар бўйича ўринбосари С.Хамираев, Термиз туман ИИБ бошлиғининг кадрлар бўйича ўринбосари Ш.Мўминовлар эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.
 
“Ички ишлар вазири раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ томонидан ҳудудларда фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш борасидаги ички ишлар органлари фаолиятини ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда”, дейилади хабарда.
Суннатилла Абдуллаев

Теглар:ИИВ Пўлат Бобожонов Сурхондарё 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар