Икки мамлакат ўртасида турли йўналишдаги ўндан ортиқ ҳужжат имзоланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоев мулоқотни икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида давом эттирдилар.
Олий даражадаги Ўзбекистон–Қирғизистон музокараларидан сўнг икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА маълум қилди.
Хабарда Шавкат Мирзиёев ва Алмазбек Атамбоев Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида стратегик шериклик, дўстлик, аҳил қўшничилик ва ишончни мустаҳкамлаш тўғрисида декларацияни имзолаганлари айтилган.
Бундан ташқари, икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг турли соҳаларига доир 10 дан ортиқ ҳужжат имзоланди.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев Қирғизистон президентини Тошкент халқаро аэропортида кутиб олгани, Алмазбек Атамбоев Мустақиллик майдони ҳамда “Ўзэкспомарказ”да ташкил этилган кўргазмага ташриф буюрди.