...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўзбекистоннинг “Ҳуррият”и жар ёқасида


11:32, 14.01.2019 Жамият
 4 284

Мана, январь ойининг ярми ўтди ҳамки, марказий нашрдан дарак йўқ.

Ўзбекистонда йилнинг тўртинчи чорагида обуна масаласида роса айюҳаннос солинди. Марказий нашрларга мажбурий обуна давлат ва жамоат ташкилотларида тўхтатилгандан буён мамлакатда газеталарнинг кейинги тақдири қил устида қолди. 2019 йил учун обуна борасида на “Халқ сўзи”, на “Ишонч” ва на бошқа нашрлар кўзланган натижага етди. Обунанинг йўқлиги эса газеталарни иқтисодий жиҳатдан танг аҳволда қолдирди. Ҳолат иш ташлаш, ходимлар сонини қисқартириш тугул, газеталарнинг йил бошидан чиқмай қолишига бориб етди.
 
22 йилдан буён Ўзбекистон матбуотининг ёрқин юлдузи бўлиб келган “Ҳуррият” 2019 йилни оғир йўқотишлар билан бошлади.  Мамлакатдаги демократик жараёнлар, сўз ва матбуот эркинлигини ҳамин қадар ўзида ифода этиб келган газета ташкил топганидан 22 йил ўтиб илк бор йўқликка ғарқ бўлди. Мана, январь ойининг ярми ўтди ҳамки, марказий нашрдан дарак йўқ.
 
Айни дамда “Ҳуррият”нинг нашр этилиши тўхтаб қолиши мамлакатда кўплаб зиёлилар, жумладан “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоевни ташвишга солмоқда. У куни кеча шу мавзуда чиқиш қилиб, қуйидагиларни таъкидлади.
 
“Ҳуррият” — ҳаммамизга бирдай тегишли, бирдай қадрдон, миллий матбуотимиз рўйхатини номи билан ҳам, мазмуни билан ҳам безаб турган газета. Унинг тақдирига бефарқ қараб тура олмаймиз. Унга ёрдам қўлини чўзайлик. “Ҳуррият”ни ўқийлик, газетага бугунги кунимизнинг жаҳон эътиборига тушган ютуқлари ҳақида қизиқарли, ўқишли мақолалар ёзайлик”.
 
Аҳмаджон Мелибоевнинг мақоласини ўқигач, “Пахтакор овози” (Нарпай), “Ургут садоси”, “Оқдарё овози” газеталари муҳаррирлари Т.Тошмуродов, С.Тайлонов, Й.Муҳаммадиев, Самарқанд вилоят “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бош муҳаррири Фармон Тошев дам олиш кунлари ҳар бирлари “Ҳуррият”га беш нусхадан обуна уюштирганлар.
 
Сўнгги маълумотларга қараганда, газетага 2019 йил учун бор-йўғи 612 киши муштарий обуна бўлган. Бу эса жуда-жуда паст натижа. Мамлакатда ҳур фикрлилиликни тарғиб этувчи газетага бўлган ишонч шу бўлса, ҳатто, ўзининг соясидан ҳам қўрқадиган газеталарда аҳвол қандайлигини тасаввур қилиш қийин эмас.
 
Ўзбекистон журналистлари Фарғона вилояти бўлими раиси Муҳаммаджон Обидов “Ҳуррият”га куюниб шундай ёзади:
 
“Ҳуррият” таҳририятидаги ҳамкасбларимиз вилоятларга чиқиб газета кунлари, ижодий учрашувлар, газетхонлар билан матбуот конференциялари... каби тадбирларни ўтказмадилар. “Халқ сўзи”, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Китоб дунёси”, “Ишонч”... каби газета бош муҳаррирлари Фарғона вилоятига келди ва биргаликда шу каби тадбирлар уюштирилди. Бу газеталарнинг камида 1-4 мингтадан обунаси айнан Фарғонадан. Қолаверса, сўнгги пайтларда “Ҳуррият”да бевосита журналистик жараёнга жуда кам ўрин бериладиган, долзарб мавзулар четлаб ўтиладиган бўлди. Бу таҳририятнинг ички сиёсати (балки,муассиснинг талаби) туфайли рўй бергандир. Натижада газета ҳамкасблар эътиборидан қола бошлади”.
 
Бугунги кунга келиб Ўзбекистонда 1600 дан ортиқ ОАВ фаолият юритмоқда. Уларнинг кўп қисмини “Ҳуррият” сингари марказий нашрлар ташкил этади. Агар газеталарнинг тақдири ўрта йўлда қолишда давом этаверса, мамлакатда журналистларнинг кўп қисми ишсиз қолиши, кутилмоқда. Албатта, улар тўлалигича ишсиз қолмайди, кимдир нашриётдан, замонавий технологияни тушунганлари электрон ОАВдан ўрин топади. Бироқ, бу ечим эмас.
 

Теглар:Ҳуррият 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар