...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўзбекистонлик қурувчи йигит Россияда киноактёрга айланди


11:18, 07.05.2018 Кино
 13 446

9 йилдан буён Геленжик шаҳрида қурилиш-пардоз ишларини бажарган, ўзбекитонлик йигит ўзини актёрликда синаб кўрди.

Сир эмаски, бир қатор ёшларимиз яхши даромад илинжида юқори маош берадиган иш излаб, Россия Федерациясига йўл олишган ва ҳозир ҳам у ерга жўнаб кетишмоқда.
 
Қўпол қилиб айтганда,  аксарият ҳамюртларимиз рус ўлкасида ўз “бахтлари”ни синаб кўришади. Яъни, омади келганлар яхши жойларда меҳнат қилиб, шунга яраша даромад олишади. Баъзилари эса виждонини пулга сотган кимсаларга алданиб қолишади ва икки  бармоғини бурнига тиқиб, қайтиб келишади.  Шу тариқа “Узоқнинг буғдойидан яқиннинг сомони яхши” қабилидаги мулоҳазали даккиларни эшитишга мажбур бўлишади... 
 
Зотан, аҳён-аҳёнда омади кулиб боққан мусофир ҳамюртларимиз ўзлари билмаган ва кутмаган ҳолда,  машҳур ҳам бўлиб кетишади.  Масалан, 4 йил “автомойка”да ишлаб юрган Шер Мамазулунов таниқли кикбоксёрга айланди. Бу ҳақда "Zakovat.uz" нашри хабар бермоқда.

Қурилиш ишларида плитка териш билан шуғулланган Достонбек Исломов (МС Дони) нинг тақдирига эса машҳур рэппер бўлиш ёзилган экан. Асли фарғоналик бу йигит ҳозирда Россияда ҳам ашаддий мухлисларига эга қўшиқчи саналади.
 
Наманган вилоятининг Косонсой туманида яшайдиган Нодиржон Абдураҳмонов ҳам юқоридаги каби қизиқарли ҳолатга тушганлардан бири ҳисобланади. Нодиржон 9 йилдан буён Краснодар ўлкаси, аниқроғи, Геленжик шаҳрида вақти- вақти билан қурилиш-пардоз ишларини бажариб келган. Қарангки, у кутилмаган ҳолда, киноактёрга айланиб қолди.


 
Тўғри, Нодиржон ҳали кенг миқёсда машҳур эмас, аммо Геленжик кўчаларида юрганида, маҳаллий аҳоли уни актёр сифатида танийди. Краснодар ўлкасининг машҳур нашрларидан бири – “Наша газета”нинг  ходими ҳамда ҳаваскор актёр ҳисобланган Александр Бочнев уйида ишлаб юрган Нодиржон унинг тавсиясига кўра, “Под напряжением” сериалида (32 қисм, режиссёр - Стас  Мореев, “Геленфильм”, НТВ телеканали) полициячи ролини ижро этишга киришган.
 
Айни кунга келиб мазкур сериалнинг 6-қисмида полициячи ролини мақомига етказиб ижро қилган Нодиржондан фильм режиссёрлари хурсанд. Чунки улар ўзбекистонлик оддий қурувчи ролни шунчалик ижро этишини кутишмаган экан.
 
Бошида умумий кўриниш (“массовка”) ларда суратга тушиб, синовдан ўтган Нодиржон кейинчалик эпизодик ролларга жалб этилди. Мана, у 3 ойдан буён суратга олиш майдончаларида жонбозлик кўрсатмоқда. Тўғри, бир марталик съёмка учун 1000 рубль (қарийб 150 минг сўм) гонорар олаётган бўлсада, ўзининг севимли иши, яъни пардозчи-қурувчиликни ташлаб қўйгани йўқ.
 
Суратга тушишдан бўшаган  пайтлари тирикчилик деганларидек, жавлон уриб тер тўкмоқда. Ўзининг айтишича, актёрлик унинг учун шунчаки, хобби. Яъни қизиқиш, холос.

Нодиржон актёр сифатида юлдуз бўлишга унча ошиқмайди, бунга кўзи етмайди, чоғи. Хуллас, у фақатгина имконияти даражасида тақдир тақозоси билан вақтинча “полициячи” бўлиб турибди... Яна ким билади дейсиз...
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Шер Мамазулунов Под напряжением 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!