...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўзбекистонда куйдирги касали тарқалгани ростми?


14:14, 07.07.2016 Саломатлик
 13 342

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда куйдирги касаллиги тарқалгани билан боғлиқ суратлар пайдо бўлмоқда. Расмий ташкилотлар бу суратларни қандай изоҳлайди.

Бир неча кундан буён ижтимоий тармоқларда, Telegram месенжерида Ўзбекистонда куйдирги касаллиги (Сибирская язва) тарқалгани борасидаги турли тахминлар, касаллик кузатилган беморларнинг суратлари тарқалмоқда. Кўпчилик “Касаллик бизда эмас, қўшни мамлакатларда тарқалган”, деган фикрни билдираётган бир пайтда, буни инкор этаётган, ўз кўзи билан “гувоҳ” бўлганини таъкидлаётганлар ҳам топилмоқда. Одамлар орасида кўтарилган ваҳимага суратлардаги беморларнинг кийимлари, суратдаги беморлар кроватидаги чойшабларнинг кўриниши сабаб бўлмоқда. Айримларнинг фикрича, Ўзбекистондаги шифохоналарда фойдаланиладиган чойшаблар ҳам суратдаги билан бир хил.

Суратлардаги беморларнинг аҳволини яхши деб бўлмайди. Ижтимоий тармоқлар орқали мулоқотга киришаётган, мазкур суратларни муҳокама қилаётганлар бир-бирларини мол гўштини истеъмол қилмасликка чақиришяпти. Уларнинг ёзишмаларини кузатар эканмиз, суратдаги нохуш кўриниш одамлар орасида турли гап-сўзларга ва ваҳимага сабаб бўлаётганини пайқадик. Баъзилари гўшт ва гўшт маҳсулотларини истеъмол қилишни тўхтатганини айтса, яна бошқалар мол гўштидан умуман фойдаланмаётганини ёзмоқда. Бироқ шунга қарамай, “сибирская язва” – куйдирги касаллиги ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмасликларининг гувоҳи бўлишингиз мумкин.

РИА Новостининг куни кеча тарқатган хабари одамлар орасидаги шов-шувни янада жонлантириб юборди. Унинг 5 июль, душанба куни чоп этилган хабарида ёзилишича, куйдирги касаллиги туфайли Ўзбекистоннинг Қозоғистон билан чегарасида назоратни кучайтирилган.

Хабарда июнь ойининг сўнгида Қозоғистоннинг Қарағанда вилоятидан тўққиз киши куйдирги касаллигига чалингани эҳтимоли билан юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилгани, шулардан икки нафари ҳаётдан кўз юмгани айтилган. Мамлакат миллий иқтисодиёт вазирлиги матбуот хизмати берган маълумотларга кўра, Ерқиндик тумани аҳолиси орасида 8 киши шу касаллик билан оғриган. Кўп ўтмай, Ўзбекистон билан чегарадош ҳудуд — Жанубий-Қозоғистон вилоятларида куйдирги касаллиги авж олгани ҳақида маълумотлар тарқалган.

Нашр тақдим этган маълумотларда назорат-ўтказув пунктларида чегарадан олиб ўтилаётган маҳсулотлар қаттиқ тафтиш ўтказилиб, жониворлар эмланаётгани, аҳоли ўртасида вакцинация ўтказилаётгани ҳақида ҳам айтиб ўтилган.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ветеринария бош бошқармаси маълумотларига кўра, ёзги мавсумда жазирама туфайли кўплаб юқумли касалликлар тарқалиши ҳолати авж олади. Шу туфайли ҳудудларда профилактика ишлари кучайтирилади.

РИА Новостининг хабарида айтилишича, Ўзбекистонда касалланган йирик қора мол гўштидан юқадиган куйдирги касаллиги ташхиси билан 2014 йилнинг июлида Сирдарё вилояти (мамлакатнинг марказий қисми)да 30 кишининг шифохонага ётқизилгани ҳақида хабар берилганди. Бироқ Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари мамлакатда касаллик қайд этилгани борасидаги саволларга бир неча бор рад жавобини беришган.

Нашр тақдим этган маълумотлардан сўнг, вазият жиддий тус олаётгани борасидаги тахминлар, ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларининг тинимсиз ёзишмалари, сайтимизга мобил мухбир иловасига мухлисларимиз томонидан йўлланган саволларни ҳисобга олиб, биз айни ҳолат юзасидан тегишли ташкилотларга мурожаат қилишга ва уларнинг фикрини олишга уриндик.

Дастлаб, Ўзбекистон Республикаси Давлат санитария-эпидемиология назорат маркази бош шифокори ўринбосари Ботир Қурбоновга мурожаат қилдик.

— Айни кунларда ижтимоий тармоқларда “Ўзбекистонда куйдирги касаллигининг тарқалгани” борасидаги ваҳимали гаплар билан бирга касаллик қайд этилган беморларнинг суратлари тарқалмоқда. Бу қанчалик ҳақиқатга яқин?

— Ижтимоий тармоқларда тарқалган суратларни мен ҳам кўрдим. Мутахассис сифатида суратдаги касаллик куйдирги эмаслигини айтмоқчиман. Куйдирги касаллигининг кўриниши бундай бўлмайди. Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, бу суратлар бизнинг мамлакатимизда олинмаган. Ўзбекистонда куйдирги касаллиги тарқалмаган. Бу ассосиз фикр.

Табиий ўчоқларда, бир неча йиллар давомида тупроқда куйдирги касаллигининг споралари сақланиб қолади. Куйдирги чорва моллари орқали юқадиган касаллик бўлгани сабаб, мамлакатимиздаги чорва моллари доимий равишда эмланади. Ҳар йили бир ёки иккита куйирги касаллиги билан касалланиш ҳолатлари учраб туради. Касалланган одамлардан бирортаси вафот этмаган. Улар кучли антибиотик дори-воситалари билан даволанади. Марказимизда куйдирги ва шу каби хавфли касалликлар билан шуғулланувчи “Ўта хавфли юқумли касалликлар бўлими” ташкил қилинган. Ушбу бўлим томонидан куйдирги касаллигининг олдини олиш бўйича кўплаб ишлар амалга оширилади. Шунингдек, чорва молларининг куйдирги билан касалланишининг олдини олиш мақсадади махсус янги тизим жорий қилинган бўлиб, айни тизим орқали юртимиздаги хонадонларда мавжуд бўлган чорва молларининг эмланган ёки эмланмаганини, касаллик гумон қилинган ҳолатларнинг бор ёки йўқлиги назорат қилинади. Бундан мақсад эпидемиологик барқарорликни таъминлашдир.

Суратларда куйдирги касаллиги акс этмаган. Чунки касалликнинг терида учрайдиган шакли бармоқнинг учида, игна учидан каттароқ қора яра кўринишида бўлади. Касаллик чорва моллари билан ишлайдиган инсонларда кузатилади. У ҳам бўлса қўлни кесиб олиш ҳолатларида касаллик вируси қўлдаги очиқ жароҳатга тушади ва ўша жойда кичик қора яра ҳосил бўлади. Суратларда кимнингдир қўлида акс этган қўрқинчли, қора, катта яра куйдирги эмас. Бу суратлар фотошопнинг маҳсули бўлиши ҳам мумкин. Биз тинч мамлакатда яшаймиз, бу суратлар давлатимизни кўра олмайдиган, унга таҳдид солиш истагидаги шахслар томонидан ўйлаб топилган ёлғон суратлардир.

Тошкент шаҳар Давлат ветеринария бошқармаси бошлиғи Фарҳод Тўхтаев одамлар орасида тарқалган шов-шувларни қуйидагича изоҳлади.

— Қўшни давлатларда учраётган куйдирги касаллиги фурсат ўтиб, бизнинг мамлакатимизга етиб келмаслиги учун нималар қилиняпти?

— Мен ҳам Telegram мессенжери орқали тарқалиб кетган суратларни кўрдим. Булар ваҳима уйғотувчи суратлар холос. Айни вақтда мамлакатимизда ҳайвонларни касалликлардан муҳофаза қилиш, уларни даволаш, ишлаб чиқариш ва аҳолининг юқори сифатли чорва маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш, одамларнинг ҳайвонга ҳам, инсонга ҳам хос касалликларга чалинишининг олдини олиш, шунингдек, атроф муҳитни муҳофаза қилишнинг ветеринария-санитария муаммоларини ҳал этишга доир давлат, жамоат, хўжалик ва махсус ветеринария тадбирлари кўрилмоқда. Шунга асосан Ўзбекистонда куйдирги касаллиги учрагани, қайд этилгани нотўғри маълумот. Бундай касаллик билан ҳеч ким рўйхатга олинмаган.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, куйдирги касаллигининг малакатимиз ҳудудида тарқалгани билан боғлиқ хабарлардан сўнг, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари бир-бирларини дўкон ва супермаркетлардаги мол гўштини истеъмол қилмаслик, мол гўштидан эҳтиёт бўлиш кераклиги ҳақида огоҳлантиришда давом этмоқда.

Бугун биз дўкон ва супермаркетдан сотиб оладиган ҳар қандай гўшт маҳсулоти махсус текширувдан кейингина сотувга чиқарилиши лозим. Савдо дўконлари биз харид қилаётган гўштнинг эртага саломатлигимизга зарар келтирмаслигига кафолат бера олиши керак, шундай эмасми? Гарчи биз, дўконларга келтириладиган гўшт маҳсулотлари текширувдан ўтказилибгина сотувга чиқарилишини билсакда, халқимиз кўнглида уйғонган шубҳаларни йўқотиш учун Korzinka.uz супермаркетлар тармоғи Харид бўлими бошлиғи Мансур Тиллабоев билан боғландик ва супермаркетларда савдога чиқарилаётган гўшт маҳсулотлари ҳақидаги фикри билан қизиқдик:

“Фикримча, бу шунчаки ваҳима кўтариш учун айтилган гаплар. Бир нечта сурат орқали Ўзбекистонда куйдирги касаллиги тарқалгани ҳақида хулоса чиқариш нотўғри. Биз Korzinka.uz супермаркетлари тармоғидаги барча дўконларимизда савдога чиқариладиган гўшт маҳсулотларини қаттиқ назорат қиламиз. Ҳамиша эҳтиёт чоралари кўрилади. Гўшт маҳсулотларини Тошкент шаҳридан сотиб оламиз. Яъни, қўй ва моллар Тошкентдаги Қушхоналарда сўйилади ва бизнинг дўкониларимизга зарарсизлигини тасдиқловчи махсус ҳужжатлар асосида келтирилади. Бундан ташқари, дўконларга келтирилган гўшт, гарчи уларда касаллик мавжуд эмаслиги борасидаги ҳужжатлар бўлса ҳам, ҳодимларимиз томонидан текшириб чиқилади.

Биз ҳам гарданимизда жавобгарлик борлигини тушунамиз ва аҳоли саломатлигини сақлашга алоҳида аҳамият берамиз. Шу сабабли, одамларни куйдирги касаллиги ҳақидаги гапларга эътибор қилмасликка чақирамиз”, дейди Korzinka.uz супермаркетлар тармоғи Харид бўлими бошлиғи Мансур Тиллабоев.

Суҳбатдошларимизнинг жавобларидан мамлакатимизда санитария-гигиена қоидаларига риоя қилиш, аҳоли саломатлигини сақлашга доир кўплаб ишлар амалга оширилаётганини эшитдик. Аммо Тошкент шаҳри ва вилоятларда уйида майда ва йирик уй ҳайвонларини ушлайдиган фуқароларимиз ҳам санитария гигиена қоидаларига амал қилишяптими, уйларидаги ҳайвонларнинг ўз вақтида эмланишига эътибор қаратишяптими?

Тегишли ташкилотлар Ўзбекистонда куйдирги касаллиги ҳолати йўқлиги ҳақида маълумот бераётганликлари қувонарли ҳол. Тузалиши ўта мураккаб бўлган охири ўлимга олиб борувчи бу касалликнинг мамлакатимиз ҳудудида тарқалмаслиги учун қилинаётган саъй-ҳаракатлар ижобий натижа беришига ишонамиз. Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда куйдирги касаллигининг аниқлангани билан боғлиқ маълумотларни тарқатиш, мамлакатимиздаги тинч ва осойишта муҳитга рахна солиш, одамлар орасида ваҳима уйғотиш учун қилинаётган ишдир. Бу саволларга тез орада жавоб топилади, деган умиддамиз. Мавзуга яна қайтамиз. 
Умида Якубова

Теглар:Куйдирги Ўзбекистон 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!