...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўзбекистонда инфляция даражаси 5.7 фоизни ташкил этди


18:31, 27.03.2017 Жамият
 3 340

2016 йилда тижорат банклари депозитларининг умумий ҳажми 25,2 фоизга кўпайди ва 44,6 трлн. сўмни ташкил этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг 26 март куни бўлиб ўтган мажлисида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2016 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи дастлабки тарзда кўриб чиқилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати хабар берди.
 
Мажлисда сенаторлар, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Марказий банк, манфаатдор вазирликлар ва идоралар вакиллари, тижорат банклари раҳбарлари, экспертлар, шунингдек оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
 
Марказий банк бошқаруви раиси Файзулла Муллажоновнинг ҳисоботида қайд этилганидек, Марказий банкнинг ўтган йилдаги фаолияти “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ амалга оширилди ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларига ва 2016 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан белгилаб берилган ҳамда Марказий банкнинг аввалги ҳисоботлари якунлари бўйича Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарорларида қайд этилган вазифаларни сўзсиз бажаришга қаратилди.
 
Таъкидланганидек, ҳисобот йилида самарали пул-кредит сиёсатининг амалга оширилиши ташқи талабнинг паст суръатлари сақланган бўлса-да, мамлакатнинг иқтисодий ўсишини таъминлашга ва “2016 йилги монетар сиёсатнинг асосий йўналишлари”да белгиланган вазифаларни тўлиқ бажаришга кўмаклашди, инфляция даражаси тасдиқланган параметрлар доирасидан четга чиқмади ва 5,7 фоизни ташкил этди. Мамлакатнинг банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва унинг барқарорлигини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар бажарилди, бу эса юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришиш имконини берди.
 
Банк тизими капиталлашуви даражасини ошириш, унинг ликвидлигини ва барқарорлигини янада мустаҳкамлаш юзасидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида ҳисобот йили давомида тижорат банкларининг умумий капитали 20,2 фоизга кўпайди ва 9,35 триллион сўмни ташкил этди. 2016 йил якунларига кўра, банк тизими капиталининг етарлилик даражаси халқаро Базель қўмитаси томонидан белгиланган халқаро стандартлардан деярли 3 баравар, унинг ликвидлиги эса энг юқори индикатор баҳолардан 2 баравар юқори бўлди. 2016 йилда банклар депозитлари ҳажми ошиши таъминланди. 2016 йилда тижорат банклари депозитларининг умумий ҳажми 25,2 фоизга кўпайди ва 44,6 трлн. сўмни ташкил этди. Бу, ўз навбатида, банклар активлари ҳажмларининг 15,2 трлн. сўмга ёки 23,3 фоизга ошишига ижобий таъсир кўрсатди. Банклар активларининг ҳажмлари 2017 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра 80,4 трлн. сўмни ташкил этди.
 
2016 йилга мўлжалланган устувор вазифаларни бажариш доирасида тижорат банклари томонидан кенг кўламли чора-тадбирлар кўрилди. Бунинг натижасида иқтисодиётнинг реал секторига йўналтирилган банкларнинг кредит маблағлари қолдиқлари ҳажмлари 25,1 фоизга ошди ва 53,4 трлн. сўмни ташкил этди. Ҳисобот йилида тижорат банклари томонидан инвестиция лойиҳаларини бажариш учун 12,2 триллион сўм миқдорида кредитлар ажратилди, бу эса 2015 йилга нисбатан 1,2 баравар кўпроқдир.
 
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлашга доир тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида 2016 йилда тижорат банклари томонидан ажратилган кредитлар ҳажми 2015 йилга нисбатан 1,3 баравар ошди ва 15,8 трлн. сўмни, шу жумладан микрокредитлар 3,3 трлн. сўмни ташкил этди. Тижорат банклари томонидан коллежларнинг битирувчиларига ўз бизнесини ташкил этиши учун қарийб 362,1 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредитлар берилди, бу эса 2015 йилдагидан 1,3 баравар кўпроқдир.
 
Шунингдек, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бизнес-лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлашга доир ишлар давом эттирилди. Масалан, тижорат банклари томонидан коллеж битирувчиларига ўз бизнесини ташкил этиши учун қарийб 362,1 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредитлар берилди, бу эса 2015 йилдагидан 1,3 баравар кўпроқдир.
 
Умуман олганда, 2016 йилда банк тизимида ўтказилган аниқ мақсадга қаратилган тадбирлар иқтисодиётнинг юқори ўсиш суръатларини сақлашга ва аҳоли фаровонлиги янада оширилишини таъминлашга кўмаклашди.
 
Республика банк тизимида эришилган ижобий натижалар халқаро рейтинг агентликлари берган баҳоларда ўз аксини топди. Охирги етти йил давомида “Мудис” рейтинг агентлиги Ўзбекистон банк тизимига “барқарор” рейтингини бермоқда.
 
Дастлабки муҳокама якунларига кўра Сенат қўмитасининг ушбу масалани Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг навбатдаги ялпи мажлиси кун тартибига киритиш учун уни Сенат Кенгаши мажлиси муҳокамасига киритиш тўғрисидаги қарори қабул қилинди.

Теглар:инфляция Марказий банк Сенат 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар