...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўзбекистонда дабдабали тўйлар давом этмоқда! Навбатдигиси Рашид Холиқовнинг ўғлиники бўлди


16:38, 08.04.2018 Жамият
 66 122

Аслида бошқа санъаткорларнинг хонадонидаги тўйлар ҳам Рашид Холиқовникидан кам ўтмаган. Ҳатто, ортиқлари ҳам бор.

Ўзбекистонда тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар ва маърака маросимларини ортиқча дабдаба ва шуҳратпарастликдан ҳоли ўтказиш ҳукумат даражасига кўтарилганига анча бўлди. Давлат раҳбари 2017 йилнинг 3 август куни Ўзбекистон ижодкор зиёлилари билан ўтказган йиғилишида илк бор ушбу масалага катта минбардан туриб эътибор қаратгани, энг оғриқли нуқталарга тўхталиб, ғарбдан кириб келган "оммавий маданият" ниқоби остидаги одатларни танқид қилганидан сўнг тўйларни дабдабадан ҳоли ўтказиш Ўзбекистонда кун тартибига чиқди. Ўшанда Президент Шавкат Мирзиёев Бош вазир Абдулла Ариповга бир ой муддатда тўйларни тартибга солиш бўйича Президент қарори лойиҳасини тақдим этишни топширган эди. 

Шундан сўнг, Президент Шавкат Мирзиёев Олмалиқ шаҳрига амалга оширган ташрифи давомида бундан буён тўйлар қандай тартибда ўтиши бўйича аниқ кўрсатмалар бериб, "Олмалиқ шаҳар тажрибаси"ни амалга татбиқ этиш ҳақида гапирди.

Тўйларни тартибга солиш сўнгги бир ой ичида яна Ўзбекистонда кун тартибида турган масала бўлаётгани кўпчиликка сир эмас. Давлат раҳбари жорий йилнинг март ойи бошида Навоий вилоятига ташрифи давомида минбардан туриб, тўйлардаги дабдабага чек қўйиш фурсати келганини айтиб, буни амалдорлардан бошлашини айтди. Олий Мажлис Сенати қарор чиқариши, тўйлардаги меҳмонлар сони 150 кишидан ошмаслиги, ортиқча сарф-харажат бўлган маросимлар ўтказилмаслигини қўшимча қилди. 

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 15 март куни “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати қарори Норматив ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталига жойлаштирилди. 

Сенатнинг куни кеча бўлиб ўтган ўн тўртинчи ялпи мажлисида ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши бир неча ойга қолдирилди. 

Қарор ҳали қабул қилинмаган бўлса-да, Президентнинг айтганларидан руҳланиб, дабдаба ва шуҳратпарастликдан ҳоли, ортиқча сарф-харажатларсиз тўй ўтказаётганлар кўплаб учрамоқда. Улар орасида нафақат ўртаҳоллар, балки бадавлат одамлар ҳам бор. Халқ Президентнинг бу борадаги таклифи, жонкуярлигини Сенатнинг  қарори расман кучга киргунга қадар қўллаб-қувватлашни бошлаган. 


Бироқ ҳамон дабдабанинг ортидан қуваётганлар йўқ эмас. Уларни айблаш фикридан йироқмиз. Йиллар давомида тўплаган давлатини ўзи истаганидек сарфлагиси келади. Орзу-ҳаваслари тўй куни ушалашини хоҳлайди. Ахир йиллар давомида бу кунни орзиқиб кутади. Шундайлардан бири Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Рашид Холиқов бўлди, десак муболаға бўлмайди.




Кеча, 7 апрель куни Рашид Холиқов ўғли Исломни уйлантираётгани ҳақида хабар берган эдик. Тўй Тошкентдаги энг қимматбаҳо ресторанлардан бири "Яккасарой"да бўлиб ўтди.




Тўйда қатнашганларнинг маълум қилишича, "Яккасарой" ресторани шу куни аввалгидан анча фарқланган. Тўй учун махсус декорация ясалган. Осма қандиллар, турли чироқлар, гуллар... Айтишларича, бошқа тўйлардагидан фарқли алоҳида стуллар ижарага келтирилган. Бу стулларнинг 8 март - Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан ҳукумат тарафидан "Ўзэкспомарказ" кўргазмалар мажмуасида ўтказилган тантанали маросимдаги стулларга жуда ўхшашлиги, декорациядаги баъзи деталларда ҳам такрорланиш борлиги айтилмоқда. Тахмин қилишларича, бунинг учун бир неча минг АҚШ доллари сарфланган. 




Тўй учун яратилган Love Story’да эса Рашид Холиқов, унинг турмуш ўртоғи Саида, ўғли Ислом ва келини Файруза иштирок этган. Love Story’да улар "Маҳаллада дув-дув гап" фильми қаҳрамонлари образида гавдаланишгани ижтимоий тармоқларда тарқалган видео ва суратлардан маълум.





Бунга ўхшаш тўйлар, ҳатто, бунданда дабдабали тўйлар Ўзбекистонда биринчи бор ўтказилаётгани йўқ. Ўтган йил охирларида "Ўзэкспомарказ" павильонида шундай дабдабали иккита тўй ўтказилиб, унда хорижлик санъаткорлар ҳам иштирок этганди. Булардан бири россиялик миллиардер Алишер Усмонов оиласига тегишли бўлган.

Аслида бошқа санъаткорларнинг хонадонидаги тўйлар ҳам Рашид Холиқовникидан кам ўтмаган. Ҳатто, ортиқлари ҳам бор.

Бу ўринда Рашид Холиқовни айблаш фикридан йироқмиз, зотан ижтимоий тармоқлардаги фикрларни ҳам ижобий деб бўлмайди. Гап шундаки, ваъда қилинган қарор тез орада қабул қилинмас экан, навбатдаги тўй мавсумини ҳам дабдаба билан қаршилаймиз.

Теглар:дабдабали тўй Рашид Холиқов 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар