...
МЕНЮ
ONLINE TV

Олмазор туман ҳокимиятига навбатдаги Очиқ хат: Ҳокимбува, қаердасиз, алоқага чиқинг!


21:18, 31.01.2018 Жамият
 8 488

Ҳар ҳолда бугунги одамларни кечагидек куч ишлатиш йўли билан тинчлантириб бўлмайди. Биринчи навбатда Президентнинг ўзи бунга йўл қўймайди.

Аввалроқ, Тошкент шаҳар Олмазор тумани ҳокимининг Саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва комунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Алишер Акмалович Юлдашев бошчилигида туманнинг Қора қамиш ½ даҳасида жойлашган “Заречная” МЧЖга қарашли гаражлар бузилаётгани ҳақида хабар берган эдик. Ҳозирга қадар Олмазор тумани расмийлар бу “қирғин” қандай хат-ҳужжатларга асосан амалга оширилаётганини очиқлашгани йўқ. Ўзим – ўзимга хон, кўланкам – майдон, деб иш кўрувчи туман расмийлари на аҳолининг фикрини ўрганяпти ва на ОАВнинг Очиқ хатига назар ташламоқда. Қизиқ, тумандаги бу ҳол қачонгача давом этаркин?

 

Журналист Наргис Қосимова ушбу ҳолат юзасидан шахсий сайти орқали яна чиқиш қилди. У шундай ёзади:
 
“Мен Facebook’даги саҳифамда ва шахсий сайтимда Тошкент шаҳар, Олмазор тумани, Қора Қамиш ½ даҳасида “Заречная” МЧЖ тасарруфидаги аҳолига тегишли хусусий гаражлар бузилаётгани ҳақидаги мулоҳазаларимни баён этганимдан сўнг, улар юзасидан турли фикрларни ўқишга тўғри келди. “Бузилса бузилибди-да, шу гаражлар, шунга ҳам ота гўри – қозихонами?” қабилидаги гаплар ҳам анча-мунча. Асосий гап, гаражларнинг бузилаётганида эмас, балки уларнинг эгаларига бўлган муносабат ҳақида.

 

Аввало, шуни айтиш керакки, “Заречная” МЧЖда барча зарур ҳужжатлар мавжуд бўлишига қарамай, иқтисодий суд қарорида бу ҳудуд “ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган” деб талқин этилгани кишини ҳайрон қолдиради. Чунки бу гаражлар ушбу ҳудудда кеча ёки ўтган куни, хатто, ўтган йили ҳам қурилиб қолмаган, улар кўп йиллардан бери бор. (Ҳолбуки ўша вақтларда Олмазор туманининг ҳозирги ҳокими Абдуқаҳҳор Тўхтаев Тошкент шаҳар ҳокими эди) Олмазор (собиқ Собир Раҳимов) тумани ижроия кенгаши томонидан аҳолининг шахсий автотранспорт воситалари учун бугунги кунда “Заречная” МЧЖ тасарруфида бўлган ҳудудда автотураргоҳ барпо этиш тўғрисида қарор қабул қилганидан бери неча фасл, неча ўн йил алмашди. Агар ростдан ҳам “Заречная” МЧЖ бу ерни ўзбошимчалик билан эгаллаб олган бўлса, нега туман мутасаддилари бир неча ўн йиллар давомида шу ерда “ўзбошимчалик билан” гаражлар қуриб олинганига кўз юмиб келишган?! Нима давлатнинг ери шунчалар эгасизми, ёки бундай кўриб қўрмасликка олишда бошқа сабаблар бўлганми?
 


Жонажон Тошкентимиз йилдан йилга чирой очиб, кўркамлашиб, обод бўлиб бораётгани барчамизни хушнуд этади. Йўллар, кўприклар, бошқа муҳим иншоотлар қурилиши муносабати билан аҳоли турар жойлари, турли бинолар бузилиши турган гап. Бузилаётган гаражлар ўрнида ҳам аҳоли учун дам олиш масканлари, ҳиёбонлар барпо этилар, балки. Лекин нега мутасаддилар масалани “тинч йўл” билан ҳал қилиш йўлини танлашмади. Ахир шу ерда гаражи бор аҳолини бир жойга йиғиб: “Ўртоқлар, “Қичқириқ” канали бўйларини обод масканга айлантириш бўйича катта ишлар бошлаяпмиз. Шунинг учун сизларнинг гаражларингиз турган ҳудудни бузишимизга тўғри келади. Сизлар хавотир олманглар, автотранспорт воситаларингиз кўчада қолмайди, фалон ҳудуддан замонавий, қулай автотураргоҳ қуриш режамизда бор. Келинглар биргаликда, туманимизни обод қилишга бел боғлайлик”, деб вазиятни тўғри тушунтириш, аҳолига гаражларини бузиб олиш учун бир ҳафтами, ўн кунми вақт бериш мумкинмиди?
 
Хуллас, яна такрорлайман, аслида гап гаражда ҳам эмас, балки одамларга бўлган муносабатда. Менинг мулоҳазаларимга эътироз билдирган азизлар, энди айтингчи, Сиз ўзингизни ана шундай муносабатга муносиб кўрган бўлармидингиз???”
 
Журналист Наргис Қосимованинг ёзганларида жон бор. Президент Шавкат Мирзиёев ҳар қандай ислоҳотни амалга оширишда халқ манфаатларини биринчи ўринга қўйиш кераклиги, халқнинг кайфиятини, воқеликларга нисбатан муносабатини инобатга олиш зарурлигини бот-бот такрорлаб турган бир вақтда пойтахтнинг энг кўзга кўринган туманида бундай ҳолатнинг юзага келишини қандай тушуниш мумкин?
 
Бундан бир неча ҳафта аввал, Ислом маданияти маркази қурилиши муносабати билан Олмазор туманининг Ҳазрати Имом мақбараси жойлашган ҳудудида ўнлаб уйлар бузилди, бузиш ишлари ҳамон давом этмоқда. Бироқ ҳокимлик вакиллари аҳоли билан демократик тамойиллар асосида учрашувлар ташкил қилиб, уларга тўғри тушунтириш ишлари олиб бормагани, уй-жой билан ёки вақтинча турар жой билан таъминлаб, уй берилиши юзасидан кафолат хати бермагани, ишни такаббурлик билан ҳал этишга урингани боис уй эгаларининг дод солиб йиғлаётгани тасвирланган видеолари тарқалди. Бу видеолар чет эл ОАВ вакиллари қўлигача етиб борди.
 
Бу масалани-ку ҳокимлик амал-тақал ҳал этди. Лекин гараж масаласини қандай ҳал этаркин? Ҳар ҳолда бугунги одамларни кечагидек куч ишлатиш йўли билан тинчлантириб бўлмайди. Биринчи навбатда Президентнинг ўзи бунга йўл қўймайди. Майли, гаражлар ноқонуний қуриб олинган ҳам дейлик, бироқ нега аҳоли огоҳлантирилмади, нима учун уларга вазият ётиғи билан тушунтирилгани йўқ? Биз ҳамон жавоб кутяпмиз. 

Теглар:Олмазор тумани ҳокимияти Наргис Қосимова 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар