...
МЕНЮ
ONLINE TV

Оғир атлетикачилар Туркманистонга кучли таркиб билан йўл олишмоқда


18:40, 13.09.2017 Спорт
 2 336

Мусобақа дастуридан 21 та спорт тури ўрин олган бўлиб, уларнинг 20 тасида ўзбекистонлик спортчилар ҳам ғолиблик учун кураш олиб боришади.

Туркманистон пойтахтида бўлиб ўтадиган Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги V Осиё ўйинларининг бошланишига 4 кун вақт қолди.
 
Ушбу нуфузли мусобақада Ўзбекистон делегацияси 189 нафар спортчи билан иштирок этади. Ҳозирда деярли барча спорт турлари бўйича терма жамоалар мусобақа олдидан ташкил этилган ўқув-машғулот йиғинларини якунлаб, Ашхобод сафарига жўнаб кетишга шай бўлиб туришибди.
 
Эътиборли жиҳати шундаки, Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинлари тарихида биринчи марта 64 мамлакат вакиллари иштирок этишади. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Матбуот хизмати хабар берди.
 
Уларнинг 45 тасини Осиё давлатлари ташкил этса, Океания минтақасидан ҳам 19 та мамлакат вакиллари Ашхободдаги мусобақада ўз омадларини синаб кўришади.
 
Мусобақа дастуридан 21 та спорт тури ўрин олган бўлиб, уларнинг 20 тасида ўзбекистонлик спортчилар ҳам ғолиблик учун кураш олиб боришади.
 
Алоҳида таъкидлаш лозимки, кўпгина спорт турларида Ўзбекистон вакиллари мусобақанинг асосий фаворитлари сифатида эътироф этилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раҳбарияти ҳам Туркманистон пойтахтига кучли таркибни юборишга қарор қилди.
 
Терма жамоанинг 11 кишилик таркибида ёшлар ва ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати ғолиб ва совриндорлари, Осиё чемпионлари, нуфузли халқаро турнирлар ғолиблари бор.
 
Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги V Осиё ўйинларида Ўзбекистон шарафини қуйидаги атлетлар ҳимоя қилишади:
 
 
Эркаклар терма жамоаси
 
-69 кг. Достон Ёқубов — Рио–2016 Олимпия ўйинлари иштирокчиси, 2017 йилги “Ислом бирдамлик ўйинлари” ва Осиё чемпионатининг бронза медали соҳиби;
 
-77 кг. Шахзод Худойберганов — 2017 йилги ёшлар ўртасида Жаҳон чемпионатининг кумуш медали соҳиби;
 
-85 кг. Улуғбек Алимов — “Ислом бирдамлик ўйинлари”нинг кумуш медали совриндори;
 
-94 кг. Фарходбек Собиров — 2017 йилги ёшлар ўртасида Жаҳон чемпионати ғолиби;
 
-105 кг. Иван Ефремов — Рио–2016 Олимпия ўйинлари иштирокчиси, 2017 йилги “Ислом бирдамлик ўйинлари” ва Осиё чемпионатида кумуш медали соҳиби;
 
+105 кг. Рустам Джангабаев — Осиё чемпиони, “Ислом бирдамлик ўйинлари” ғолиби ва рекордчиси.
 
 
Қизлар терма жамоаси
 
-48 кг. Маҳлиё Тоғоева — 2014 йилги Осиё ўйинлари бронза медали эгаси;
 
-58 кг. Муаттар Набиева — 2017 йилги “Ислом бирдамлик ўйинлари” бронза медали эгаси;
 
-63 кг. Кумушхон Файзуллаева — 2017 йилги ёшлар ўртасида Осиё чемпионатида олтин медаль соҳиби;
 
-75 кг. Омадой Отақўзиева — 2017 йилги “Ислом бирдамлик ўйинлари” ва Осиё чемпионатининг бронза медали совриндори;
 
-90 кг. Долера Давронова — 2017 йилги Осиё чемпионати бронза медали эгаси.
 
Ашхободда Ўзбекистон терма жамоасига Баҳром Абдумаликов, Баҳрам Мендибаев ва Маҳмуд Тоғоевлар мураббийлик қилишади.
 
Маълумот учун, Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги V Осиё ўйинларида оғир атлетика бўйича беллашувлар 18–25 сентябрь кунлари бўлиб ўтади.
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Оғир атлетикачилар Туркманистон V Осиё ўйинлари 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!