...
МЕНЮ
ONLINE TV

Одил йиғлади, Гейнрих тугатди... Келажак учун ким жавоб беради?


15:56, 07.09.2017 Спорт
 6 453

Ўзбекистон футболи раҳбарларидан ўз лавозимларига масъулиятли бўлишни сўраган бўлардик. Акс ҳолда...

Хабарингиз бор, Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧ–2018 йўлланмасидан маҳрум бўлди ва ўйин якунида ёмон натижа учун барча айб бош мураббий Самвел Бабаян зиммасига юклатилди...
 
Ҳа, тўғрида ҳеч кимнинг маслаҳатини олмайдиган инсонни ким ҳам ардоқласин. Унинг қайси жиҳати учун мухлислар ундан рози бўлишсин? Ёки хатоларни такрор ва такрор амалга ошириб келаётгани учун яхши кўрайликми?
 
Миллионлаб футболсевар ўзбек мухлисларнинг қалбида Бабаян ҳақида фақат салбий фикрлар уйғонди. Ҳатто, ўша Бабаянга ҳайкал қўйиш керак ёки рўза-рамазон ойларида имкон берайлик деганлар ҳам энди бурчакларда беркиниб юришади.
 
Тўғри, ҳаммасига узр сўрашни билмайдиган Бабаян ва унинг атрофида юрган ҳамтовоқлари айбдор. Бундан бошқа баҳона ёки сабабни топа олмадим. Самвел, сен шунчаки умидларимизни сўндирдинг, сенга қўштирноқ ичида катта раҳматлар айтамиз!
 
Шахсан ўзим стадионда туриб ўйинни томоша қилдим ва шунинг баҳонасида учрашувни шарҳлаб борган, умид учқунлари якунига етгандан кейин рўй берган ҳолатни кўра олмадим. Камина бу вақтда матбуот анжуманига тайёргарлик ва Бабаянга бериладиган саволларни тайёрлаётгандим.
 
Аммо ўша Бабаян матбуот анжуманида қисқача чиқиш қилди-да, журналистларнинг рухсатисиз қаергадир чиқиб кетди. Қисқаси, бизни менсимасдан манзилига йўл олди. Футболчилар эса ер ости йўллари орқали ғойиб бўлиб қолишди.
 

 
Масаланинг асосий мавзуси бу эмас. Энг таъсирланадиган ҳолатлар шундан иборат бўлдики, учрашув якунига етгач, Гейнрих, Аҳмедов, Денисов, Ҳайдаров, Нестеровларнинг афсус билан тўкаётган кўз ёшларини кўриб, гўёки уларнинг ичидан кечаётган дардларини бироз бўлсада тушунишга урундим.
 
Уларнинг жаҳон чемпионатига чиқиш орзулари сўниб бўлди, 4 йилдан кейин уларда на вақт бўлади, на жисмоний ҳолати тўғри келади. Гейнрих термадаги фаолиятини ўша куннинг ўзидаёқ якунлади.
 
Александр тўғри қилди. Аслида бу қарорни аввалроқ қабул қилиши керак эди, у ҳам нима қилсин жаҳон чемпионатига бориш имкониятини охиригача кутиб сабр қилганди. Аммо...
 

 
Бу вақтда истамасам ҳам кўзимдан шашқатор ёшлар қалқиб чиқиб турарди. Алам кўз ёшларини эса тўхтатишнинг иложи бўлмади. Анзур Исмоиловнинг Эрон–Сурия ўйини натижасини билганидан кейинги афсусланиши, мухлисларнинг ичидаги оғриги, буларнинг барига энди ким жавоб беради?
 
Ҳайрулла Хамидовнинг олов каби ёниб, куюнишларига-чи?... Жаҳон чемпионатидан маҳрум бўлганимиз учун масъулиятни энди ким ўз бўйнига олади?
 
Мухлислардан яна нима керак? Уларнинг айби —стадионни тўлдириб, бир овоздан баралла “Ўзбекистон” дея қўллаб-қувватлаб туришганими ёки чипталарни ўз нархидан икки ҳисса қимматга сотиб олишганими? Улардан яна нималар сўраш мумкин?
 

 
Дейлик, Самвел Бабаян истеъфога чиқарилди, бироқ узоқ кутилган 4 йил муддатни бизга энди ким қайтариб беради? Шунчаки, оддийгина истеъфога чиқариш билан қалблардаги яраларни қайта тиклаб бўлармикин?
 
Яхши биламизки, энди олдимизда яна 4 йил кутишдек оғир вазифа турибди. Шу сабаб асносида Ўзбекистон футболи раҳбарларидан ўз лавозимларига масъулиятли бўлишни чиндан илтимос қилиб сўраган бўлардик.
 
Ёки жаҳон чемпионатига чиқиш каби қийин вазифани яна юзлаб йиллар кутишимизга тўғри келади. Барчасига минг афсуслар дейишдан бошқа иложимиз йўқ.
 
90-дақиқадан кейин юз берган ҳолатлар:
Акмалхон Эшонхонов
 

Теглар:Ўзбекистон терма жамоаси Самвел Бабаян Одил Аҳмедов Александр Гейнрих мухлислар 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

vohid
13:06 12.09.2017

har bir soha vakillari agar unga ishonib topshirilgan vazifani uddalay olmasa, qonun oldida javobgar bo'ladi. bu faqat harbiylar, ichki ishlar va yoki boshqa organlargagina tegishli emas, masalan shifokor jarrohlar ham shunday. qiziq, nega xalq ishonchini sindirgan futbolchilarimizda bunday bo'lmsligi kerak? ularga nisbatan qonuniy jazo chorlari qo'llashni iloji yo'qmi? axir ular oddiygina istefoga chiqish bilan hammasidan "osongina" qutilib qiloshaveradimi?


Умрбек
15:00 08.09.2017

Миллий Терма Жамоамиз учун хақиқий мураббий ва ўйинчилар йўқ экан, футбол учун сарфланаётган пулларни спортнинг бошқа соҳаларига сарфлаш, ривожлантириш керак.



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!