...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ноқонуний бўшатилган ходим сал кам 23 млн сўм товон пули оладиган бўлди


18:52, 17.12.2018 Жамият
 9 173

Тиббиёт бирлашмаси ходими ишига ҳам тикланди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда барча жабҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилаётган, адолатли меҳнат шароити устувор масалага айланган бир вақтда, иш берувчининг ходими ҳуқуқларини топтаётгани ҳам учраб турибди. Шундай ҳоллардан бири Тошкент шаҳрининг Бектемир туманида юз берди.
 
Бектемирлик Лола Рўзматова ишга тикланишида амалий ёрдам сўраб Бектемир тумани адлия бўлимига мурожаат қилган.
 
Маълумки, ҳар бир шахс адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга эканлиги конституциявий ҳуқуқи саналади. Аммо баъзан бу ҳуқуқлар кўр-кўрона топталади. Хусусан, мурожаат эгаси Лола Рўзматова ҳам адолатсизликка учраган.
 
Аниқланишича, Бектемир тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаган Лола Рўзматова Соғлиқни сақлаш вазирлигида бўлиб ўтадиган йиғилишга тиббиёт бирлашмаси раҳбарининг ўрнига Damas русумли хизмат машинасида кетаётганида Cobalt русумли автомашинанинг айби билан Яшнобод тумани Мирзо Улуғбек ва Маҳтумқули кўчалари кесишган чорраҳасида тўқнашув содир бўлган. Натижада Лола Рўзматова тан жароҳати олиб, ҳушсиз аҳволда Травматология ва ортопедия илмий марказига олиб келинган.
 
Меҳнат қонунчилигида ҳар бир ходим иш билан боғлиқ ҳолда соғлиғига ёки мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳуқуқига эгадир, дейилган. Шунингдек, давлат меҳнат шартномасини ғайриқонуний равишда бекор қилишдан ҳимоялаши кафолатланган.
 
Жабрланувчи Бектемир ТТБ жарроҳи Ш.Беков томонидан кўрикдан ўтказилиб, шифокор тавсияси асосида унга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси очилган ва тегишли журналда қайд этилган.
 
Бироқ Лола Рўзматовадан меҳнатга лаёқатсиз бўлган ҳолида у билан тузилган меҳнат шартномасини ўз хоҳиши билан бекор қилиш ҳақида ариза ёзиб бериши талаб этилиб, 2018 йил 20 май куни (якшанба) 4 кун аввалги кун билан мажбуран ариза ёздирилиб, 16.05.2018 йил санаси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақида ноқонуний буйруқ чиқарилган.
 
Иш берувчи томонидан амалдаги қонунда кўрсатилган икки ҳафталик огоҳлантириш муддатига амал қилинмаган ҳолда Лола Рўзматова билан меҳнат шартномаси бекор қилинган.
 
Мазкур ноқонуний ҳолатни бартараф этиш мақсадида Бектемир туман адлия бўлими томонидан фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судига даъво аризаси киритилган. Суд қарорига асосан Тошкент шаҳар Бектемир туман тиббиёт бирлашмасининг юқорида қайд қилинган меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги буйруғи ғайриқонуний деб топилиб, Лола Рўзматова яна аввалги лавозимига ишга тикланган.
 
Жавобгар Тошкент шаҳар Бектемир тумани тиббиёт бирлашмасидан Лола Рўзматова фойдасига мажбурий прогул вақти учун 5 956 677,4 сўм миқдорида иш ҳақи, Лола Рўзматованинг соғлиғи шикастланишидан келиб чиққан қўшимча харажатлар учун 15 млн сўм ҳамда маънавий зарар учун 2 млн сўм — жами 22 млн 956 минг 677,4 сўм ундирилиши тўғрисида суд қарори чиқарилган.
Суннатилла Абдуллаев

Теглар:Бектемир туман тиббиёт бирлашмаси Меҳнат ҳуқуқи 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар