...
МЕНЮ
ONLINE TV

Нефть ишлаб чиқаришни музлатиб қўйишдан кимлар манфаатдор?


14:56, 17.02.2016 Олам
 3 527

Саудия Арабистонининг нефть вазири Али Ал-Наимининг айтишича, нефть ишлаб чиқаришни музлатишдан мақсад нефтга нисбатан барқарор нархларга эришиш, жаҳон нефть бозоридаги талаб ва таклифни мувозанатга солиш ҳисобланади.

16 февраль, сешанба куни Қатарнинг Доҳа шаҳрида Нефть экспорт қилувчи давлатлар ташкилоти (ОПЕК) ва Россия вакилларининг учрашуви бўлиб ўтди. Бугун 17 февраль куни ОПЕК доирасидаги музокаралар давом этади. Россия ва Саудия Арабистони Қатардаги учрашув чоғида нефть ишлаб чиқаришни музлатиб қўйиш, яъни январ ойи даражасида ушлаб туриш ҳақида келишиб олдилар. Қатар, Венесуэла, Қувайт ва Ироқ давлатлари ҳам бу қарорга қўшилмоқда. Лекин, мазкур қарорнинг кучга кириши учун ОПЕКнинг барча аъзолари уни қўллаб-қувватлашлари керак.

Нефть ишлаб чиқарувчи давлатларнинг бундай қарорга келишига, жаҳон бозоридаги нефть нархининг пастлиги сабаб бўлмоқда. Саудия Арабистонининг нефть вазири Али Ал-Наимининг айтишича, нефть ишлаб чиқаришни музлатишдан мақсад нефтга нисбатан барқарор нархларга эришиш, жаҳон нефть бозоридаги талаб ва таклифни мувозанатга солиш ҳисобланади. Лекин, бу нефть етказиб беришни тўхтатиш дегани эмас.

Қатардаги учрашувдан сўнг, жаҳон бозорида нефтнинг нархи 35. 55 АҚШ долларига етган, аммо Эроннинг нефт ишлаб чиқаришни музлатишга рози бўлмаслик эҳтимоли пайдо бўлгандан сўнг, нефть нархи 34 АҚШ долларига тушган ва нархнинг пасайиши ҳамон давом этмоқда.

Нефть ишлаб чиқаришни музлатиб қўйиш ҳақидаги қарорининг кучга кириши Эронга боғлиқ бўлиб қолмоқда. Эрон вакиллари Доҳада 16 февралдаги музокараларда иштирок этмадилар. Бугун ОПЕКнинг икки аъзоси – Венесуэла ва Ироқ вакиллари Теҳронга ташриф буюриб, Эронни қабул қилинган қарорга нисбатан ижобий фикр билдиришига эришмоқчилар.

Жаҳоннинг йирик нефть ишлаб чиқарувчи ва экспорт қилувчи давлатларининг бу қароридан уларнинг қайси бири кўпроқ манфаатдор? Бу вазиятда ҳаммадан кўпроқ Венесуэла манфаатдор ҳисобланади. Шу йилнинг январь ойида Венесуэла Россияга ОПЕК доирасида фавқулодда сессия ўтказишга ёрдам беришни сўраб мурожаат қилган эди. 11 февраль куни Венесуэла нефть вазири Эулохио дель Пино қора олтин қазиб чиқарилишини музлатишни таклиф этган. Дунёда нефть нархининг кескин тушиб кетишидан Венесуэла иқтисодиёти катта зарар кўрди. Халқаро валюта фондининг прогнозига кўра, 2016 йилда мазкур давлатдаги нархлар 720 фоизга ўсиши мумкин. Бундан ташқари мамлакат пул бирлиги – боливарнинг расмий ва қора бозордаги қиймати ўртасидаги фарқ 10 минг фоизни ташкил қилади. Венесуэла иқтисодиётини фақат барқарорлашган нефть нархи қутқариб қолиши мумкин.

Саудия Арабистони ва Россия гарчи Венесуэладек қийин аҳволда бўлмасалар ҳам, нефть нархининг ўсишидан бирдек манфаатдор. Икки давлат ҳам бюджет дефицитини ёпиш йўлларини қидирмоқда. Россия Молия вазирлигининг маълумотларига кўра, давлат бюджети дефицити 2015 йилда 1.945 триллион рублни ёки ялпи ички маҳсулотнинг 2.6 фоизини ташкил этган. Саудия Арабистони эса 2015 йилни 87 миллиард АҚШ доллари миқдорида дефицицит билан ёпган.

Эрон нефть ишлаб чиқришни музлатишдан унчалик манфаатдор эмас. Эронга қарши санкциялар бекор қилинганидан сўнг, мамлакатда нефть қазиб олиш ўсмоқда. “Thestar.com” интернет-нашрининг маълумотларига кўра, Эрон санкциялар киритилишидан олдин кунига 2.3 миллион баррель нефть экспорт қиларди. Санкциялар оқибатида бу кўрсаткич 1 миллион баррелга тушди (2012). Январь ойида мамлакат нефтига нисбатан санкция тўлиқ олингандан сўнг нефть экспорти кунига 3.1 миллион баррелга етиши кутилмоқда.

Бугун, 17 февраль Теҳронда бўлиб ўтадиган музокаралар жаҳон бозоридаги нефть нархини белгилаб беради. Кўрамиз, Венесуэла ва Ироқ Эроннинг фикрини ўзгартиришда ижобий натижага эриша олармикин?
Руслан Сулаймонов

Теглар:Нефть Саудия Арабистони Ироқ Эрон Венесуэла Қатар Қувайт Россия ОПЕК 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!