...
МЕНЮ
ONLINE TV

Наримон Умаров: “Натижа биз кутган даражада бўлмаса-да, биз бундан хафа эмасмиз”


13:47, 06.12.2016 Жамият
 3 422

Сайлов натижалари юзасидан “Адолат” социал-демократик партияси томонидан ўтказилган брифингда Наримон Умаров сўзга чиқиб, нуқт сўзлади.

4 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига ўтказилган сайловда “Адолат” социал-демократик партиясидан номзод Наримон Умаровга 619 минг 972 нафар ёки сайловчиларнинг 3,46 фоизи овоз берди.
 
Сайлов натижалари юзасидан “Адолат” социал-демократик партияси томонидан ўтказилган брифингда Наримон Умаров сўзга чиқиб, нуқт сўзлади.
 
“Сайлов куни шунга яна бир бор гувоҳ бўлдикки, фуқароларимизнинг сиёсий билим ва маданияти ўсиб, давлат раҳбарини сайлашдек муҳим тадбирга юқори даражадаги дахлдорлик ҳисси билан ёндашдилар. Буни сайловчилар рўйхатига олинган фуқароларнинг 87,73 фоизи сайловда иштирок этганлиги ҳам тасдиқлаб турибди. Зеро, ушбу кўрсаткич ҳатто дунёнинг энг демократик ривожланган давлатлари ҳам ҳавас қиладиган натижадир.
 
Таъкидлаш лозимки, мамлакатимизда Президентлик сайлови ташкилий жиҳатдан юқори савияда, миллий ҳамда халқаро қонунчилик меъёрлари ва талабларига тўлиқ риоя этилган ҳолда ўтказилди.
 
Сайлов куни партиямизнинг барча сайлов штаблари тўлиқ таркибда фаолият олиб борди. Ҳудудий ва маҳаллий сайлов штабларимиздан келган ахборот ва маълумотлар партиямизнинг марказий штабида умумлаштирилиб, таҳлил этиб борилди.
 
Шунингдек, Республика бўйича ташкил этилган барча сайлов участкаларининг ҳар бирида партиямиз кузатувчилари овоз бериш жараёнларини кузатиб борди. Сайлов жараёнларида қонунбузилиш ҳолатлари бўйича партия марказий штабига ва ҳудудий штабларга ҳеч қандай шикоят ёки мурожаатлар келиб тушмади.
 
Таъкидлаш лозимки, 2015 йилда миллий сайлов қонунчилигига киритилган янгиланишлар ўз самарасини бериб, сайловнинг янада демократик руҳда ўтишига шароит яратди. Яъни, бу йилги Президент сайлови ҳам адолатлилик, очиқлик, ошкоралик ва транспарентлик асосида бўлиб ўтгани мамлакатимизда демократик тамойиллар тўла қарор топаётгани ва қонун устуворлиги таъминланаётганини яна бир намоён қилди.
 
Қолаверса, халқимиз сайловолди ташвиқоти Президентликка номзодлар ва сиёсий партиялар ўртасида очиқ рақобат муҳитида ўтганига гувоҳ бўлишди. Бу айниқса, ҳар бир сиёсий партия ўз номзодини тарғиб қилишда бир-биридан фарқ қилувчи замонавий шакл ва услублардан, сиёсий PR технологияларидан самарали фойдаланганида, оммавий ахборот воситаларида чиқишларида яққол намоён бўлди.
 
Шу ўринда, сайлов кампанияси даврида барча номзодларга сайловолди ташвиқотини амалга ошириш учун кенг ва тенг имкониятлар яратиб берилгани, сайловолди ташвиқотини ҳеч қандай тўсиқларсиз, эркин амалга оширганлигимиз ҳамда сайловнинг юқори савияда ташкил этилгани учун Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.
 
Қолаверса, сайловолди ташвиқотини самарали ташкил этиш ҳамда дастурий ғояларимизни кенг тарғиб этишда матбуот, телевидение, радио ва бошқа оммавий ахборот воситалари муҳим рол ўйнади. Шу боисдан сайловларни ёритиб борган мамлакатимиздаги барча турдаги оммавий ахборот воситалари ходимларига, соҳа фидойиларига ҳам чуқур миннатдорчилигимизни билдирамиз.
 
Мамлакатимизда бўлиб ўтган навбатдаги Президентлик сайловига хулоса ясар эканмиз, сайлов кунига қадар биз сайловчиларнинг қўллаб-қувватлашига эришиш учун бор саъй-ҳаракатларимизни сафарбар этдик. Ҳудудлардаги ишончли вакилларимиз, қолаверса, партиямизнинг ҳар бир аъзоси сайловдаги муносиб иштирокимизни таъминлашда фаоллик кўрсатишди.
 
Барчамизга маълумки, сайлов натижаларини сайловчилар берган овозлар ҳал қилади. Сайловнинг дастлабки натижаларига кўра биз 3,46 фоиз овоз олдик. Албатта, ушбу натижа биз кутган даражада бўлмаса-да, биз бундан хафа эмасмиз.
 
Юқорида айтиб ўтганимиздек, кўппартиявийлик шароитида, очиқ, ошкора, халқаро андозалар, демократик талабларга тўла мувофиқ тарзда бўлиб ўтган мазкур сайлов натижаларини тан олган ҳолда унинг адолатли бўлганлигини эътироф этамиз ва халқимизнинг танловини ҳурмат қиламиз.
 
Ушбу сайлов яна бир бор партиямиз учун мамлакатимиз сиёсий майдонида ўз ўрнини мустаҳкамлаш, халқимиз орасида танилиш, электоратимизнинг манфаатларини ифодалаш имконини берганлиги билан биз учун муҳим аҳамиятга эга.
 
Сайловда мағлуб бўлган бўлсак-да бизга овоз берган сайловчиларнинг ишончини оқлаш, қолаверса, партиямизнинг кўпминг сонли аъзолари ҳамда хайхироҳларимизнинг манфаатларини ҳимоя қилишда давом этамиз.
 
Сайловолди дастуримизда белгиланган мақсад-вазифаларимизни амалга ошириш учун бизда қонуний механизм мавжуд ва ундан тўла фойдаланиб, сайловчиларга берган ваъдаларимиз устидан чиқишга ҳаракат қиламиз. Яъни, қонунда белгиланган ваколатлардан унумли фойдаланган ҳолда депутатлик корпусларимиз орқали олдимизга қўйган мақсадларимиз ижроси йўлида бор куч ва имкониятларимизни сафарбар қиламиз.
 
Марказий сайлов комиссияси томонидан эълон қилинган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг дастлабки натижаларига кўра Ўзбекистон Либерал демократик партиясидан кўрсатилган номзод Шавкат Миромонович Мирзиёев сайловчиларимизнинг 88,61 фоиз овозини тўплашга муваффақ бўлдилар. Шу муносабат билан уларни халқимиз томонидан билдирилган юксак ишонч билан бутун партиядошларимиз номидан муборакбод этамиз. Ишонамизки, мамлакатимизнинг янги Президенти халқимиз фаровонлиги йўлида олдимизга қўйган дастурий мақсадларимизни амалга оширишда бизга ҳам камарбаста бўладилар ва қўллаб-қувватлайдилар.
 
Юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги ва Ватан равнақи йўлида мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов бошлаган ислоҳотларни изчил давом эттириш, мамлакатимизни янада ривожлантириш ва халқаро майдондаги нуфузимизни юксалтириш, халқимизнинг энг муҳим бойлиги саналган тинчлик, осойишталикнинг бардавомлигини таъминлашдек юксак ва машаққатли вазифаларни амалга оширишда Шавкат Миромонович Мирзиёевга улкан муваффақиятлар ҳамда мустаҳкам соғлик тилаймиз.
Ўғилой Сайсултонова
 

Теглар:Наримон Умаров Адолат социал-демократик партияси Сайлов натижалари 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар