...
МЕНЮ
ONLINE TV

Муқаддас Холиқова театр актрисаларига қўйилган “отарчи” тамғасидан ғазабланишини айтди


11:05, 11.07.2016 Интервью
 8 932

Актриса ҳамкасби Гулчеҳра Иброҳимбекованинг танқидий фикрларига жавоб қайтарар экан, тўйга чиқиш айб саналмаслиги, бугун театрни ниқоб қилиб олиб, фақат тўй учун ишлаётган актёрларни яхшисидан ажратиш фурсати етганига тўхталди.

“Qalampir” лойиҳаси доирасида “Қалампирмунчоқ” кўрсатуви суратга олингани ҳақида хабар берган эдик. Кўрсатувнинг галдаги меҳмони Ўзбекистон халқ артисти Муқадддас Холиқова бўлди. Актриса журналистнинг аччиқ саволларига жавоб берар экан, ўзи ҳақидаги оғриқли танқидларни ҳам рад этгани йўқ. Аксинча, бугунги кун актёрлари олдида турган муаммолар, театрда ишлаётган айрим актёр ва актрисаларнинг театрни ниқоб қилиб олганига алоҳида тўхталди. Актёрларнинг тўйга чиқиши билан боғлиқ савол эса Холиқованинг ғазабини қайнатди.

 

Ўзбекистон халқ артисти Фароғат Раҳматова ҳаётлик чоғида бир воқеани айтиб берганди: “Ёшлик даврларимда, аниқроғи, театрга эндигина ишга кирган пайтларим тўйга бордим, бир жуфт қўшиқ айтдим. Ўшанда Ўзбекистон халқ артисти Лутфихоним Саримсоқова мени тўйда кўриб қолган экан. Эртаси куни ишга борсам йўлимни пойлаб ўтирибдилар денг. “Ассалому алайкум, устоз”, деганимни биламан юзимга тарсаки тушириб қолсалар бўладими... Ер ёрилмади, ерга кирмадим. “Иккинчи сени тўйларда кўрмай...” Шу-шу тўйга оёқ босмадим. Устозимнинг тарсакиси бир умрга етадиган дарс бўлди. Ҳозирги актрисаларни қаранг, қадами театрга етмасдан тўйга чопади”.
 
Кўрсатув давомида журналист Муқаддас Холиқовага юқоридаги ҳикояни айтиб, бугунги кун актёр ва актрисаларини театр ва киностудиялардан эмас, тўйдан топиб келинаётгани, ўз устида ишлаш, чиройли роллар яратиш ўрнига, тўйга чиқиш билан банд бўлиб қолаётгани масаласига тўхталиб, актрисани саволга тутди.
 
— Бир вақтлар Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулчеҳра Иброҳимбекова “Чарлари ёки бешик тўйда қўшиқ айтиб келаётган актёр Увайсий ёки Нодирабегимни ўйнаши мумкинмас”, деган эди. Сиз бунга қандай қарайсиз?
— Актёрларга талаб борми, демак тўйга чиқишади. Бу қийинчилик ё йўқчиликдан эмас. Шукр маошимиз ҳам етарли. “Тўйдан келиб Увайсийни ўйнай оладими?”, деган гап хато. Яхши актёр бўлса ўйнай олади. Тўғри, айнан Ўзбек миллий академик драма театрини ўзига ниқоб қилиб олганлар ҳам бор...
 
—Тўйдан келиб Увайсий ёки бошқа тарихий ролларни ижро этиши мумкиндир, бунга ҳеч ким қаршилик қилмайди. Бироқ тўйга чиқишнинг ҳам чегараси борми? Спекткални ташлаб, тўйга кетаётганлар ҳам бор-ку.
— Йўқ, мутлақо нотўғри эшитгансиз. Шахсан мен “Кўнгил” спектакли бўладиган куни тўйга чиқмайман. Чунки 600-700 киши мени кўргани келади. Менга ўхшаган актёрлар жуда кўп. Мен шахсий манфаатимни деб спектаклни ташлаб кетмайман.
 
Ўша гапираётганларнинг ўзи тўйга чиқолмайди, лекин ҳаммани “отарчи” дейди. Лекин ўша “отарчи” деётганларнинг фарзанди тўйма-тўй юрибди. Хўш, бунисига нима дейсиз? Бошқаларни муҳокама қилишдан аввал, одам ўзига ташқаридан баҳо бериши керак. Тўй масаласини ҳал қилиш ўз йўлига, айни дамда ҳақиқий актёрларни саралаш фурсати етди. Марҳамат, аттестация қилинсин, сарагини саракка, пучагини пучакка ажратилсин.
 
Санъаткорсиз тўй ўтмаса, одамлар талаб қилиб келиб турса, қандай қилиб бормаслик мумкин... Албатта, бу билан мен ишни ташлаб тўйга кетишни назарда тутаётганим йўқ. Ваҳоланки тўйга чиқаётгани учун лицензиясига пул тўлаётганлар бор. Фалон пулга лицензия олгандан кейин, нега тўйга чиқмаслиги керак?  Мен соғлиғим бироз ёмонлашгани учун бироз тўйга чиқолмадим. Лекин тўйга бораётган актёрларни қораламайман.
 
Фақат тўйга чиқиш учун театрни ниқоб қилиб олган актёрлар ажралиб туради. Улар минглаб роль ўйнаса ҳам, юзлаб фильмларда банд бўлса ҳам томошабиннинг ёдида қолмайди. Чунки, ўйнаётган роли, хатти-ҳаракатлари томошабинга яқинмас. Сохталиги сезилиб туради. “Кўриниб турсам бўлди”, деб ҳамма кўрсатувга чиқадиганлар бор. Халқ эса ҳақиқий санъаткорларини ўзи саралаб олаверади.

Теглар:Муқаддас Холиқова Қалампирмунчоқ Театр Ўзбек миллий академик драма театри 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!