...
МЕНЮ
ONLINE TV

Мирзиёевдан топшириқ: университет ўқитувчиларига 20 та уй берилади


16:18, 23.12.2017 Жамият
 4 863

Президент университет ўқитувчилари учун Тошкент шаҳридан 20 та уй ажратиш бўйича топшириқ берди

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, янги лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида бугун, 23 декабрь куни Тошкент шаҳридаги бир қатор ижтимоий объектларга ташриф буюрди.
 
Президент йўл олган навбатдаги манзил – Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети бўлди.
 
Университет Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 2016 йил 13 майдаги қарорига мувофиқ ташкил этилган бўлиб,  унда уч факультет, ўн иккита кафедра мавжуд.
 
Ўтган вақт мобайнида ушбу олий таълим муассасасига ажратилган ўқув бинолари капитал таъмирдан чиқарилиб, замонавий шароитлар яратилди. Бугун университетда 1 минг 100 талаба таҳсил олмоқда, уларга фан докторлари ва PhD даражасига эга юқори малакали мутахассислардан иборат ўқитувчилар жамоаси дарс бермоқда.
 
Шавкат Мирзиёевнинг ташрифи доирасида мазкур университет бинолари фойдаланишга топширилди.
 
Университетда таълим жараёни тўлиқ электронлаштирилган. Видеоконференция зали, синхрон таржима ва овоз ёзиш хоналари, ахборот-ресурс маркази замонавий технологиялар билан таъминланган. Wi-Fi тармоғига уланган мулоқот масканлари, Алишер Навоий достонларидагидек кўшклар ташкил этилган.
 
Президент Шавкат Мирзиёев университетда яратилган шароитларни кўздан кечирди. Ўқитувчи ва талабалар билан суҳбатлашди.
 
Шавкат Мирзиёев Навоий асарларининг мультимедиавий луғатини яратиб, халқимизга етказиш, илмий изланишларни рағбатлантириш зарурлигини таъкидлади.
 
Ўзбек тилининг халқаро нуфузини ошириш, ўзбек адабиёти намуналарини чет тилларга таржима қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
 
“Она тилимизнинг бойлигини, унга ҳурматингиз ва муҳаббатингизни тилимизни дунёга тараннум этиш билан кўрсатишингиз керак”, деди Шавкат Мирзиёев университет мутахассислари билан суҳбатда.
 
Президент уларнинг ижтимоий шароитлари билан ҳам қизиқди. Университет ўқитувчилари учун Тошкент шаҳридан 20 та уй ажратиш бўйича топшириқ берди.
 

Теглар:Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети Ўқитувчилар 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар