...
МЕНЮ
ONLINE TV

Макаренко... Эсиз шундай фамилия


21:06, 24.08.2018 Жамият
 10 452

Маънавият сўзи саёҳларни қўрқитиб, бошқа шаҳарларга бурилишига сабабчи бўлаётган эмиш?!

Никита Макаренконинг ушбу чиқиши, бир қарашдаёқ, кимларнингдир буюртмаси экани сезилиб турибди. Сабаби унинг мазмун-моҳиятида она шаҳрини яхши кўрадиган фуқаронинг куйинчаклигидан кўра, кўпроқ шаҳарни бадном қилувчи, йўқ жойдан можаро қўзғайдиган асабий ва тажанг кишининг руҳияти ифодаланган.

Мақолада муҳокама марказига қўйилган инсонларнинг тунги клубларда ўзлари истаган тарзда дам олишлари масаласини олайлик. Хўш, бизда тунги клубларни батамом тугатиш, уларни тақатақ беркитиш деган гап бўлгани йўқ-ку? Нега жаноб Макаренко бунча асабийлашади? Мамлакатимиз бўйича бўлиб ўтган муҳокамалар, телевидениедаги чиқишлар асосан тунги клубларда содир бўлган жиноятларнинг олдини олиш, улар фаолиятини тартибга солиш тўғрисида бўлди-ку? Ҳа, биз жамоат жойларидаги тартибга, одоб-ахлоқ меъёрларига риоя этилиши тарафдоримиз. Чунки биз, шарқликлармиз. Бизнинг минг йиллик қадриятларимиз, ор, номус, шаън, ибо, ҳаё ва ҳамият деган бошқа миллатларнинг ҳатто луғатларидан ҳам қидириб топиб бўлмайдиган қадриятлар асосига қурилган. Бас шундай экан, биз ўз мамлакатимизда, ўз юртимизда, “замонавийлик”, “тарақққиёт зайли” ёки “давр талаби” деган ниқоблар остида, бизнинг азалий қадриятларимизни оёқ ости қилувчи одатларга зинҳор йўл қўймаймиз.

Макаренко жанобларига “маънавият” деган сўз шунчалар қаттиқ таъсир қилар эканки, у ҳатто бу сўзни эркинликни таъқиқловчи бир восита “занжир” тарзида талқин этади. Унинг даъвосига кўра, юртимизнинг жамоат жойларида, оромгоҳларида, одоб-ахлоқ меъёрларини ўрнатишимиз, инсон эркига хилоф эмиш. Маънавият сўзи саёҳларни қўрқитиб, бошқа шаҳарларга бурилишига сабабчи бўлаётган эмиш?! Кўплаб, фуқаролар шу туфайли пойтахтимизни ташлаб бошқа шаҳарларга кетаётган эмиш?! Бундай иш тутиш, хорижлик меҳмонларнинг ҳам юртимизга нисбатан меҳрини сусайтирар эмиш... Бу фикрларни билдирар экан Никита Макаренко, қайси хорижликнинг норозилигини баён этаётганлигини айтишни ўзига эп кўрмайди. Сабаби, ҳеч бир маданиятли хорижлик бундай дейиши мумкин эмас-да. Негаки, Халқаро муносабатларда ҳам ўзига хос тартиблар, дипломатиянинг олтин қоидалари бор, ана шулардан энг биринчиси, бу ўзинг меҳмон бўлиб турган юртнинг урф-одатларини, қадриятларини ҳурмат қилишдан иборатдир.

Энг ачинарлиси, мақола муаллифи, ўзининг маънавият душмани эканлигини ошкор этишдан ҳам тап тортмайди, буни унинг қуйидаги фикрларидан билиб олиш мушкул эмас: “Маънавият, бу ёлғон концепция, адашиш. Чунки у барча инсонларда бир хил қадрият ва эҳтиёж бўлишини талаб қилади. Универсал қадриятлар бўлмайди. Энг муваффақиятли ва барқарор жамият, бу хилма-хиллик, оз сонли гуруҳлар ҳам ўзини эркин ҳис этишидир. Моно-жамият эса – тарихий берк кўчадир”.

Макаренконинг бу ғоялари, зинҳор янгилик эмас, бу ғарб давлатларининг маънавий таназзулига сабаб бўлган, бутун жаҳон аҳлининг қаҳру ғазабига дуч келган “бир жинсли никоҳларни ёқлаб чиққан, ёки гейлар парадларини уюштираётган “инсон эркинлиги ҳимоячиларининг” ғаразли ташвиқотидан бошқа нарса эмас... Илло, шу кетишда бўлса, Никита ҳам ўзига ўхшаган оз сонлилар талаби билан бизнинг муқаддас юртда ҳам “оз сонли гуруҳлар ҳам ўзини эркин ҳис этадиган” маънавиятсиз жамиятни барпо этишга чорлаб қолса, ажабмас.

Макаренко... Макаренко ... эсиз шундай фамилия?! Ҳолбуки унинг буюк фамилиядоши бундан юз йил муқаддам дунёга машҳур “Педагогик поэмаси” билан олам аҳлига маънавиятдан, чин инсоний фазилатлардан сабоқ берган эди... Афсус, афсус...
Муҳиддин ОМОН

Теглар:Маънавият Никита Макаренко 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар