...
МЕНЮ
ONLINE TV

Лола Каримова-Тилляева: “Мен ўзбеклигимдан фахрланаман”


16:03, 12.08.2016 Жамият
 11 697

Лола Каримова-Тилляева турмуш ўртоғи ва фарзандларининг миллати ҳақидаги саволларга жавоб берди.

Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий вакили, “Сен ёлғиз эмассан” хайрия жамғармаси васийлик кенгаши раиси Лола Каримова-Тилляева Instagram’даги шахсий саҳифаси орқали турмуш ўртоғининг миллати билан боғлиқ саволларга жавоб берди. Жамоатчи аёл ижтимоий тармоқ орқали ўзининг минглаб кузатувчиларига юзланар экан, ўзбек халқининг азал-азалдан бошқа миллат вакилларига бўлган ҳурматини алоҳида эътироф этиб, ўзбеклар Иккинчи жаҳон уруши йилларида кўп элатларга ёрдам қўлини чўзганини хотирлади.
 
“Кўпинча одамлар менинг фарзандларим ва умр йўлдошимнинг миллати ҳамда ким қанчалик ва ким тамонидан ўзбек эканилиги билан қизиқишларини эшитиб қоламан. ХХI асрда бундай саволларнинг туғилиши, назаримда, омилик белгиси бўлиб, унда одатий қизиқувчанликдан ташқари, миллатчилик каби номақбул ҳислат белгилари ҳам бор.
 
Баъзи инсонларни ниҳоятда қизиқтирадиган ушбу саволга жавобим қуйидагича:
 
Мен ўзбеклигимдан фахрланаман. Мен ўз давримнинг самараси ва ўз миллатимнинг мевасиман. Бу қандай миллат дейсизми? Бу Иккинчи жаҳон уруши даврида ва ундан сўнг ўнлаб турли хил элат вакилларига бошпана бериб, уларни туғишган жигарларидек қабул қилган халқдир. Бу шундай миллатки, у ҳеч қачон ўзга халқлар вакилларига нисбатан ирқчилик туйғуларини ҳис этмаган, уларга нисбатан ҳимиша бағрикенг муносабатда бўлган. Бу миллат вакиллари оила қураётиб, ўз манфаатлари эмас, балки севги-муҳаббат туйғуларига суянганлар. Шу маънода мен беларусь бувим ва асли фарғоналик, миллати ўзбек бобомнинг мураккаб бўлса-да, аммо ниҳоятда қизиқали ва мазмунли ҳаётларини мисол тариқасида келтириб ўтмоқчиман. Ҳаётнинг барча қийинчиликлари, шулар қаторида муҳтожлик ва қаҳатчилик йилларини бошдан кечирганликларига қарамай, улар умр йўлларидаги энг муҳим – бир-бирларига нисбатан бўлган ҳурмат ва муҳаббат туйғуларини сақлаб қолганлар.
 
Уруш тугугач, орадан бир неча йил ўтиб, бобом бувимни ва кичик қизалоқларини (менинг онамни) ўзлари туғилиб ўсган Қувасой шаҳрига олиб келганлар. Менинг бувим эса кейинчалик ўз оналари (менинг катта бувимни) ҳамда сингилларини Ўзбекистонга олиб келганлар. Улар водийда узоқ йиллар умр кечириб, бобом Акбар қўйилган мўмин-мусулмонлар қабристони яқинида жойлашган насронийлар мозоратига дафн этилганлар. Бир-бирига жуда яқин бўлган бу икки қабристон битта тепаликда жойлашган. Ушбу тепаликда менинг болалик йилларим ўтган кўкаламзор Қувасой шаҳарчасининг чиройли манзараси намойиш бўлади. У ерда бобом ва бувим ҳозир ҳам биргалар.
 
Бу шундай миллатки, ўзгаларга нисбатан ҳамиша ҳурмат ва дўстона муносабатда бўлган. Ахир асрлар оша Ипак йўлида истиқомат қилиб келган халқдан ўзгача муносабатни кутиш мумкин эмасди.
 
Бу Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент, Қўқон, Фарғона каби улуғвор шаҳарларни бунёд этган ва жаҳон цвилизациясига бебаҳо ҳисса қўшган мутафаккирларни инъом этган миллатдир.
 
Бу шундай заминки, унинг фарзандлари тафаккур эркинлиги ва илмга талпиниб, тараққиёт сари интилиб яшаганлар. Бу заминда илм эгаси бўлмоқлик ва олижаноблик азалдан энг асл ҳислатлар ҳисобланиб, устозларга нисбатан эса ота-онага бўлгани каби чуқур ҳурмат кўрсатилган.
 
Шарқдан ғарбга олиб борувчи йўлда жойлашган ушбу заминда улуғ истеъдод эгалари таваллуд топиб, инсоният оламини узоқ асрлар давомида маърифат чироғи билан ёритиб келганлар. Уларнинг кашфиётлари ҳозирги кунга қадар ҳам кўпчиликни ларзага солиб келади.
 
Бу заминда Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд, Нажмиддин Кубро ва бошқа кўплаб илм буюк илм эгалари яшаб ўтиб, жаҳон узра диний илмнинг ривожланишига катта ҳисса қўшганлар.
 
Мен ўзимни айнан ушбу буюк маънавий мероси ҳамиша жаҳолат ва нодонлик устидан ғолиб келган улуғ халқ авлоди деб биламан. Илдизи кучли бўлмаган дарахт кучли бўлмайди, ўзим маданиятини ардоқламаган ҳамда унинг моҳиятини тушуна билмаган, ўзи вояга етган заминни севмаган киши кучли инсон бўла олмайди”, деб ёзади Каримова-Тилляева.
 
Лола Каримова-Тилляева ўз мулоҳазаларига якун ясар экан, ёзганларининг сўнггида “Сиз ўзингизни қайсидир илдизлар билан боғлиқ деб биласизми?”, дея ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига мурожаат қилди. 

Теглар:Лола Каримова-Тилляева Сен ёлғиз эмассан 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

Nuriddin
19:30 12.08.2016

Жуда маъноли гаплар баракалла



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар