...
МЕНЮ
ONLINE TV

Кўп қаватли уйларда нечта мушук ёки ит боқиш мумкин? Қўшниларнинг розилиги керакми?


16:19, 14.11.2017 Жамият
 4 147

Сиз қўшнилар билан дўстона алоқаларини бузмасдан ўз ҳақ-ҳуқуқингизни ҳимоя қилишни биласизми? Уй ҳайвонларини боқувчилар қандай мажбуриятларга эга?

Ўзбекистоннинг кўпгина шаҳарларида кўп қаватли уйлардан иборат. Мазкур уйларга хизмат кўрсатувчи уй-жой мулкдорлари ширкати ҳамда ҳар бир кўп қаватли уйнинг ўз “уйбоши”си, яъни “домкоми”, ҳатто ҳар бир подезднинг ўз “подезкоми” бор... “Девор ва остоналар” қўшничилигида яшайдиган аҳоли буни яхши билади.
 
Буни қарангки, ҳеч бир ҳақ тўланмайдиган, ёки имтиёзларга эга бўлмаган, ўзининг ташаббуси билан жамоатчилик ишлари билан шуғулланувчи бундай “уйбоши”ларнинг ташвиши, муаммолари, таъбир жоиз бўлса, маҳалла фуқаролар йиғини ёки ҳокимиятиникидан кам эмас.
 
Шундай муаммолардан бири — кўп қаватли уйлардаги хонадонда сақланадиган уй ҳайвонлари билан боғлиқ.
 
Тасаввур қилинг, ишдан хориб-чарчаб келдингиз... Асабларингиз таранг! Кўп қаватли уйнинг подезига кирсангиз, мушуклар егулик талашиш билан овора. Баҳорда, қўпайиш мавсумидаги “нолалар”дан безиганингиз ёдга тушиб, мушукларни қувиб солган бўласиз. Мушуклар эгаси, яъни қўшнингиз эса худди унинг боласи қувилгандай ола қарайди...
 
Ярим тунда, ширин тушлар кўраётганингизда, бирдан итлар пайдо бўлади-ю сизни қувишга тушади. Сапчиб уйғонасиз ва қўшнининг ити вовулаётганини билиб хуноб бўласиз...
 
Юқоридаги ҳолатлар сизга танишми?
 
Сиз қўшнилар билан дўстона, қўшничилик алоқаларини бузмасдан ўз ҳақ-ҳуқуқингизни ҳимоя қилишни биласизми?
 
Бундай муаммолар қандай ҳал этилиши лозим?
 
Умуман, уй ҳайвонларини боқувчилар қандай мажбуриятларга эгалар? Бугунги мавзу шу ҳақда...
 
Маълумки, аҳоли пунктларида итлар ва мушукларни сақлаш қоидаларига асосан итлар рўйхатга олиниши ва ҳар йили қайта рўйхатдан ўтказилиши шарт.  Бу тегишли давлат ветеринария бўлимлари томонидан амалга оширилади.
 
Кўп қаватли уйнинг алоҳида квартирасида қўшниларнинг ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатининг розилиги билан биттадан ортиқ бўлмаган итни ва битта мушукни сақлашга рухсат берилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 июлдаги 202-сонли қарори ва мазкур қарорнинг “Аҳоли пунктларида итлар ва мушукларни сақлаш қоидалари” номли иловасида батафсил маълумотлар берилган.
 
Жумладан, турар-жой биноларида итларнинг эгалари тинчлик сақланишини таъминлашлари — эрталаб соат 8.00 гача ва кечқурун 22.00 дан кейин итларнинг вовиллашининг олдини олишлари керак.
 
Бундан ташқари, уй ҳайвонларининг вакцинация қилиниш ёши, муддатлари ва тартиби мазкур иловада аниқ-тиниқ кўрсатилган.
 
Аҳоли пунктларида итлар ва мушукларни сақлаш қоидаларига риоя қилиш юзасидан назоратни кучайтириш ҳамда ушбу Қоидалар бузилишига йўл қўйган шахсларни жавобгарликка тортиш бўйича таъсирчан чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.
Ўғилой Сафахонова

Теглар:Вазирлар Маҳкамасининг қарори Уй ҳайвонлари Тартиббузарлик Жамоат тартиби 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар