...
МЕНЮ
ONLINE TV

Жосус можароси. Австрия Россия билан боғлиқ муаммога дуч келди


18:20, 09.11.2018 Олам
 4 909

Расмий Вена РФга нисбатан қандай чоралар кўрилиши мумкинлигини Европа Иттифоқидаги дўстлари билан маслаҳатлашади.

Россия ва Австрия муносабатларига жиддий путур етказиши мумкин бўлган можаро кўтарилди. Расмий Вена австриялик полковник расмий Москва фойдасига жосуслик қилганини таъкидлаяпти.
 
Россия Федерацияси элчихонаси вакиллари австриялик полковникнинг расмий Москва фойдасига айғочилик қилгани ҳақидаги хабарлар сабаб Австрия Ташқи ишлар вазирлигига чақирилган.
 
Тергов 70 ёшли истеъфодаги австриялик полковникка нисбатан олиб бориляпти. У 1990-йиллар охиридан миграция инқирози, Австрия ҳарбий авиацияси ва артиллерия тизимлари ҳақида рус ҳарбий разведкасига маълумот етказиб туришда айбланяпти. “Kronen Zeitung” нашри маълумотларига кўра, хизматлари учун офицер 300 минг евро олган. Ҳозирда полковник ҳибсга олинган.


 
Австриялик жосус ҳар икки ҳафтада алоқадаги рус махсус хизмати ходимлари билан боғланган ва унга махфий ҳужжатларни берган. Австрия армия контрразведкаси хизмати таъкидлашича, Россия агентни фош бўлгани ҳақида огоҳлантириб улгарган.
 
Австрия прокуратураси хорижий давлат разведкасига хизмат қилган полковникка нисбатан жиноий иш очган. Гумонланувчига икки йил қамоқ жазоси тайинланиши мумкин.
 
Расмий Вена жосуслик ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди. Австрия канцлери Себастьян Курц бу ҳол Россия билан муносабатларнинг яхшиланишига хизмат қилмаслигини айтган. Унинг сўзларига кўра, Австрия Россиядан тергов жараёнида шаффофликни хоҳлайди. Бундан ташқари, расмий Вена РФга нисбатан қандай чоралар кўрилиши мумкинлигини Европа Иттифоқидаги дўстлари билан маслаҳатлашади. Ҳозирча Австрия Москвадаги элчисини чақириб олишга шошмаяпти.
 
Жосус полковник муаммоси келиб чиққач, Австрия ташқи ишлар вазири Карин Кнайсль Россияга ташрифини бекор қилди. У 2-3 декабрь кунлари Россияга боришни режалаштирганди.
 
Россия тараф ҳам полковникнинг айғоқчилиги ҳақидаги хабарга муносабат билдирди. РФ ташқи ишлар вазири Сергей Лавров расмий Вена муаммони ечиш учун сўров юбормаганини таъкидлаган.
 
“Қадим асрлардан қайсидир мамлакатда бошқа бир давлат билан боғлиқ гумон ва шубҳа юзага келса ва у мамлакат хавфсизлигига доир бўлса, халқаро нормаларга кўра, муаммони ечиш учун гумондаги давлатга тўғридан-тўғри мурожаат қилинади. Афсуски, сўнгги вақтларда бизнинг ғарбдаги шерикларимиз анъанавий димломатия қоидаларига кўра ҳаракатланмаяпти. Масалани оммага эълон қилиб, ечим топишга уриняпти”, деган Сергей Лавров.
 
Вазир масалага ойдинлик киритиш учун Австрия элчиси Россия ТИВга чақиртирилганини таъкидлаган.
 
Эслатиб ўтамиз, Австрия ташқи ишлар вазири Карин Кнайсль жорий йил август ойида РФ президенти Владимир Путинни тўйига таклиф қилганди. Путин базмга казак ансамбль гуруҳи билан бориб, вазир билан рақс тушганди.
Суннатилла Абдуллаев

Теглар:Австрия-Россия Жосус можароси 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!