...
МЕНЮ
ONLINE TV

Истеъмолга яроқсиз ва зарарли ёғ “тадбиркорлари” қўлга олинди


13:03, 24.04.2017 Жамият
 3 481

Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом эттирилмоқда.

Бухоро вилояти, Ғиждувон туманида истиқомат қилувчи Н.Маъруфов хонадони вилоят божхона бошқармаси ходимлари томонидан ўрнатилган тартибда ва холислар иштирокида кўздан кечирилганда, ушбу шахс давлат рўйхатидан ўтмасдан туриб, конунга хилоф равишда тадбиркорлик билан шуғулланиб келгани маълум бўлди, дея хабар берди Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати катта инспектори.
 
Н.Маъруфов ўз уйида қўлбола цех – мойжувоз фаолияти орқали сифатсиз ва инсон саломатлиги учун зарарли бўлган пахта ёғини ишлаб чиқаришни йўлга қўйган. Тезкор тадбир давомида ушбу хонадонда 1880 кг. чигит, 227 кг. кунжара ва 180 литр қўлбола усулда тайёрланган пахта ёғи қонунбузарлардан ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.
 
Ачинарлиси шундаки, ёғ ишлаб чиқариш учун мўлжалланган ушбу чигитлар аслида уруғлик чигитлари бўлиб, уларга кимёвий заҳарли дорилар билан ишлов берилган. Шу сабабли, улардан тайёрланган пахта ёғи инсон саломатлиги учун ўта хавфли ҳисобланади.
 
Қинғир қилмишлари билан юртдошларимиз соғлигига хавф туғдиришга уринган кимсалардан яна бири Ф.Мадалимовдир. Фарғона вилояти божхоначилари томонидан ушбу шахс бошқарувидаги автомашина тўхтатиб текширилганда, автомашинанинг олд буфери ва капоти ичига салкам 100 кг. шоколадларни яширгани аниқланди. Муаммонинг жиддий тарафи шундаки, божхона қонунчилигига риоя қилишни истамаган хуқуқбузар одатда тез эрувчан шоколадларни машинанинг шундоққина мотори устига жойлаштирган.
 
Шунингдек, Фарғона туманининг чегарадош ҳудудида ҳаракатланган Нексия автомашинаси ҳайдовчиси Ж.Мирзараҳимов ҳам дастлаб қочишга уринди. Тезкор тадбир давомида қўлга олинган ушбу шахс қўшни давлатдан айланма йўллар орқали қиймати салкам 27 млн. сўмлик 7 турдаги ўсимлик зараркунандаларига қарши мўлжалланган кимёвий воситаларни ҳеч қандай ҳужжатларсиз божхона назоратидан четлаб ўтиб, олиб киришга уринган экан.
 
Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом эттирилмоқда.
Бобур Жалолов

Теглар:Пахта ёғи Чигит божхона 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар