...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ислом Каримов Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларидаги ободонлаштириш ишлари билан танишди


13:19, 01.07.2016 Жамият
 5 474

Ислом Каримов Сурхондарё вилоятида бўлиб Хотира майдони билан танишди, Ҳаким ат-Термизий мажмуасини зиёрат қилди. Амир Темур кўпридаги реконструкция ишлари билан танишди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш мақсадида 30 июнь куни Сурхондарё вилоятига ташриф буюрди. Бу ҳақда ЎзА ёзмоқда.
 
Ислом Каримов вилоятга сафарини Термиз шаҳрида миллий ва замонавий меъморлик услублари асосида барпо этилган Хотира майдони билан танишишдан бошлади. 



Президентимизнинг 2015 йил 22 майдаги “2015-2017 йилларда Сурхондарё вилоятининг йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида бунёд этилган майдонда ўтганларни хотирлаш, ёши улуғ инсонларни эъзозлаб, ҳурмат бажо келтириш учун барча шарт-шароит яратилган. Мазкур майдон икки гектарни эгаллаган. Бу ерда Мотамсаро она ҳайкали ўрнатилган. Турли манзарали дарахт ва анвойи гуллар билан бурканган майдонда замонавий архитектура ва меъморлик анъаналарини мужассам этган кенг айвон барпо этилиб, алюминийдан тайёрланган махсус китоблар ўрнатилган. Ушбу китобларга Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган сурхондарёликларнинг исм-фамилияси зарҳал ҳарфлар билан ёзилган.
 
Давлатимиз раҳбари мазкур майдоннинг халқимиз маънавиятини юксалтириш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, миллий қадрият ва анъаналаримизга ҳурмат руҳида тарбиялашдаги аҳамияти ҳақида тўхталди. 
 


“Бундай муқаддас масканларни кўпайтириш, асраб-авайлаш борасида амалга ошираётган ишларимиз аждодларимиз хотирасига чексиз эҳтиромнинг ёрқин ифодасидир. Бугунги тинч, осойишта ҳаётимиз йўлида жонини қурбон қилган ота-боболаримиз билан ғурурланиш, уларнинг муборак номларини доимо ёдда тутиш барчамизнинг фарзандлик бурчимиздир”, деди Ислом Каримов.
 
Президентимиз раҳнамолигида халқимизнинг муносиб турмуш кечириши, дам олиши, маданий ҳордиқ чиқаришига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Термиз шаҳрида бунёд этилаётган муҳташам санъат саройи ҳам бунинг ёрқин ифодасидир. 
 


“Қурилиш ишларини бугунги замон талабларига мос ҳолда олиб бориш керак. Бу жараёнда аввало лойиҳани пухта ишлаш, салоҳиятли пудратчи ташкилотларни танлаш, замонавий технологиялардан унумли фойдаланиш даркор. Энг муҳими, бундай салобатли иншоотларга замонавий қурилиш материалларини ишлатиш, дизайни мослигига алоҳида аҳамият қаратиш зарур. Биз қураётган бундай бинолардан наинки бугунги, балки келгуси авлодлар ҳам завқ олсин, асрлар давомида эслаб, ўзгача ғурур билан яшасин”, дейди Ислом Каримов. 
 
Давлат раҳбари Термиз туманидаги “Янгиариқ пахтакори” фермер хўжалиги даласида бўлиб, вилоят фаоллари ва фермерлари билан суҳбатлашди. 
 
Президент учрашувда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари парваришида замонавий технологиялардан самарали фойдаланиш, истиқболли навларни экиб, ҳосилдорликни янада ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Дунёда озиқ-овқат маҳсулотлари тақчиллиги кучайиб бораётган бир пайтда мавжуд экин майдонларидан самарали фойдаланиш ва ҳудуднинг экспорт салоҳиятини ошириш бўйича ўз таклифларини билдирди. 
 
Ислом Каримов ташриф чоғида Термиз шаҳридаги Ҳаким ат-Термизий мажмуасини зиёрат қилди.
 


Давлат раҳбари Ҳаким ат-Термизий мажмуасини таъмирлаш юзасидан тегишли тавсиялар берди. Бунда воҳанинг ўзига хос анъаналари, замонавий меъморлик усулларидан фойдаланиш кераклигини қайд этди. 
 
Куннинг иккинчи ярмида Президент Ислом Каримов Қашқадарё вилоятига ташриф буюрди. 
 
Давлат раҳбарининг 2013 йил 25 июлдаги “Қарши шаҳрини келажакда қайта қуриш режаси ва замонавий йўл-транспорт коммуникацияларини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори асосида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
 
Қарши шаҳрининг ҳудуди 9 минг гектардан 17 минг гектарга кенгайтирилди. Янги йўл ва кўприклар, кўп қаватли уй-жойлар, боғ ва хиёбонлар, хизмат кўрсатиш объектлари бунёд этилди. Ўзбекистон, Мустақиллик, Амир Темур, Алишер Навоий, Насаф, Хонобод кўчалари кенгайтирилиб, атрофи ободонлаштирилди.
 
Йўл-транспорт инфратузилмасини яхшилаш мақсадида 56 километрлик ҳалқа йўли қурилмоқда. Унинг темир йўл ва дарёлар билан кесишадиган жойларида 6 замонавий йўл ўтказгич ва кўприклар бунёд этилмоқда. Бу шаҳар ҳавоси мусаффолигини ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлайди. 

Президент капитал таъмирланиб, замонавий қиёфа касб этган Қарши темир йўл вокзалига ташриф буюрди. 

Давлат раҳбарининг 2012 йил 5 январдаги қарорига асосан амалга оширилган “Мароқанд-Қарши темир йўл участкасини электрлаштириш” лойиҳаси мамлакатимизда транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътиборнинг яна бир ёрқин намунасидир. Қарорга мувофиқ қарийб 141 километрлик Мароқанд-Қарши участкаси тўлиқ электрлаштирилди. Поездлар ҳаракатини бошқарадиган замонавий тизим йўлга қўйилди. 
 
Президент “Насаф” марказий стадионини бориб кўрди. 
 
Ислом Каримов стадионни реконструкция қилиш, спортчилар ва томошабинлар учун қулайликларни янада ошириш, хавфсизлик чораларини кучайтириш бўйича зарур тавсиялар берди.

Президент Қарши шаҳрининг Мустақиллик ва Ўзбекистон кўчалари чорраҳасида бунёд этилган курантни кўздан кечирди.


 
Қарийб 30 метрлик курант оқ мармар билан қопланган, миллий колорит билан безатилган. Аҳоли ва транспорт воситаларининг ҳаракатланиши учун қулайлик ва хавфсизлик яратиш мақсадида улкан қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилган. 
 
Давлати раҳбари Мустақиллик кўчаси бўйидаги хиёбонга ташриф буюрди.
 
Шаҳар аҳолиси ва меҳмонларининг дам олиши учун имконият яратиш, майдонда мўътадил иқлимни таъминлаш мақсадида бу ерда улкан фавворалар бунёд этилди. Турли шакл ва катталикдаги фавворалар шаҳарга салқинлик бағишлайди, тунда ранг-баранг чироқлар ёғдусида жилоланади. Мутасаддиларнинг маълум қилишича, Қарши шаҳрида 50 та фаввора қурилиши режалаштирилган, бугунги кунда уларнинг 28 таси ишлаб турибди. 
 
Ислом Каримов ўтган йили Қашқадарёга ташрифи чоғида Амир Темур тарихий кўпригини таъмирлаш, дарё атрофини дам олиш масканига айлантириш бўйича зарур тавсиялар берган. 
 
Президент ушбу кўприк ва хиёбон билан танишди.



“Собиқ тузум даврида Қашқадарё вилояти қолоқ ҳудудлардан эди. Одамлар ҳар томонлама эзилган, ҳаётдан норози бўлиб яшарди. Ўша пайтда вилоят раҳбари сифатида уларнинг дардини кўп эшитганман, “қачон бу замон ўзгаради, қачон кўксимизга шамол тегади”, деб куюнганларни кўп кўрганман. Мана, ўша орзу қилинган кунлар келди. Мустақиллик шарофати, халқимизнинг фидокорона меҳнати туфайли мамлакатимиз ҳар томонлама обод бўлиб бормоқда, одамлар ҳаётидан рози бўлиб яшамоқда. Бугунги замонавий шароитлар биз ҳеч кимдан кам эмасмиз, ҳеч кимдан кам бўлмаймиз деган эзгу мақсадимизнинг амалий ифодасидир”, дейди Ислом Каримов.
 
Давлат раҳбари қурилиш ва ободонлаштириш ишларини изчил давом эттириш, шаҳар қиёфасини янада яхшилаш, аҳолининг дам олиши учун бунданда кўпроқ қулайликлар яратиш бўйича зарур тавсиялар берди. 

Теглар:Ислом Каримов Сурхондарё Қашқадарё Ташриф 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар