...
МЕНЮ
ONLINE TV

Инфекционист огоҳлантиради! Безгак хавфи бор, эҳтиёт бўлинг!


16:09, 17.06.2017 Саломатлик
 10 734

Қонда безгак паразитлари аниқланган ҳолда даволаш муолажаларини тезда бошлаш керак.

Дунёнинг юздан ортиқ давлатлари аҳолиси соғлигига хавф туғдираётган касалликлардан бири безгакдир. У асосан Африка, Ўрта Осиё, Лотин Америкаси, Яқин Шарқ ва Европанинг айрим ҳудудларида учрайди. Минг афсуски, ҳозирги вақтда касаллик бартараф этилганига қарамай, МДҲ мамлакатлари: Тожикистон, Қирғизистон, Грузия, Озарбайжон, Россия ва бошқа давлатларда қайтадан кузатилмоқда. Хасталаниш даражаси юқори ҳудудлар тропик мамлакатлардир.
 
Юртимизга ушбу касаллик кириб келинишининг олдини олиш ва касалликка чалинмаслик учун профилактик чоралар кўришда нималарга кўпроқ аҳамият бериш кераклиги хусусида тиббиёт фанлари номзоди, доцент, инфекционист Ҳусан Ҳайдаров билан суҳбатлашдик. Олим билан аввалроқ ёз ойларида турли касалликлар тўғрисида ҳам суҳбатлашган эдик.
 
Ҳусан ака, безгак касаллиги ҳақида қисқача маълумот берсангиз.
 
– Безгак жуда ўткир юқумли касаллик ҳисобланади. Анофелес (безгак чивинлари) чивини орқали юқиши, қалтираш, тана ҳарорати кўтарилиши, талоқ ва жигар катталашиши ҳамда камқонлик билан характерланади. Безгак malariae сўзидан олинган бўлиб, mal – бадбўй, ariae – ҳид ёки ҳаво деган маънони англатади. Уни жуда кичик паразит-плазмодийлар қўзғатади. Уларни фақат микроскоп остида кўриш мумкин. Вирус инсон қонида яшаб, кўпаяди ва қизил қон таначаларида жойлашиб, уларни парчалайди ҳамда қон ишлаб чиқариш, асаб, юрак қон-томир ва организмнинг бошқа тизимларини ишдан чиқаради. Баъзан касаллик шунчалик оғир кечадики, агар даволаш ўз вақтида бошланмаса, бемор бир неча кундан сўнг асосан тропик безгакда вафот этади. Ҳарорат кўтарилганда ёки безгакнинг бошқа белгилари намоён бўлганда, албатта, тиббий ёрдамга мурожаат қилиш керак. Тўғри ташхис қўйишда қон таҳлили шарт.
 
Бизнинг мамлакатимиз тропик ҳудудлар сафига кирмайди. Айтинг-чи безгак касаллиги қаердан бизгача етиб келади?
 
– Республикамизда безгак (йўқ қилиш) элиминацияси йўлидаги вазият назоратга олинган. Касалликнинг олдини олишга давлатимиз алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Касаллик келиб чиқишининг асосий қисмини Тожикистон ва Афғонистон билан чегарадош бўлган Сурхондарё вилояти ташкил этади. Аҳоли миграциясининг кучайиши инфекциянинг республикамизга кириб келиш хавфини оширади. Агар фуқароларимиз орасида охирги 3 йил давомида Марказий ва Жануби-шарқий Осиё, Африка ва Лотин Америкаси мамлакатлари ҳамда Тожикистон ва республикамизнинг жанубий вилоятларига чиққан бўлса, у ерда безгак билан зарарланиш хавфи юқорилигини ҳисобга олган ҳолда, ҳар қандай дармонсизлик кузатилса, албатта, бармоқдан қон топширишлари лозим.
 
Ҳусан Ҳайдаров билан безгак касаллигининг белгилари, соғлом инсонга қандай юқиши, безгак чиқинлари қаерда урчиши ва улардан ҳимояланиш усуллари ҳақида ҳам суҳбат қурдик.
 
Интервьюнинг тўлиқ қисмини сайтимиз орқали тез орада эълон қиламиз.
Мусулмонбек Иброҳимов

Теглар:Безгак Ҳусан Ҳайдаров Инфекционист 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!