...
МЕНЮ
ONLINE TV

Грециядан Туркияга депорт қилинган мигрантлар кемаси Дикили портига етиб келди


14:40, 04.04.2016 Олам
 2 756

Европадан депорт қилинган мигрантлар Туркия орқали ўз давлатларига қайтарилади.

Аввалроқ, Греция ҳукумати ноқонуний муҳожир ва мигрантларни Туркияга депорт қилиш операцияси бошлангани ҳақида хабар берган эдик.  Мазкур ҳаракат Европа Иттифоқи ва Туркия ўртасидаги келишув асосида олиб борилмоқда.  Келишувга биноан, Европага ҳар бир депорт қилинган ноқонуний мигрантлар ўрнига Туркиядан суриялик муҳожирларни қабул қилиб олади. Туркияга депорт қилинган мигрантлар ва муҳожирлар эса ўз давлатларига қайтарилади. 
 
4 апрель тонгида Грециядан йўлга чиққан биринчи кема Туркияга  депорт қилинган 131 мигрантни олиб келди. Уларнинг аксарият қисми покистонликлар ва бангладешликлардир. Улар Дикили портига келиб тушдилар, дея “Dailysabah” хабар берди.
 
Туркия Ички ишлар вазири Эфкан Аланинг айтишича, Туркия душанба куни 500 мигрантни қабул қилишга тайёр эди, лекин Греция ҳукумати 400 кишилик рўйхатни юборган. Бу рўйхат ўзгариши ҳам мумкин.
 
“Туркия орқали фақат 20 мартдан сўнг Европага борган мигрантлар ва муҳожирларгина мамлакатга қайтарилиши мумкин”, – дейди Ала.
 
Ноқонуний мигрантлар ўрнига суриялик муҳожирларнинг 35 кишилик биринчи гуруҳи 4 апрель куни Германияга келиши кутилмоқда.  Муҳожирларнинг бошқа гуруҳлари Франция,  Финландия ва Португалияга жойлаштирилади.
  
Туркияга депорт қилиниш муддатини чўзиш мақсадида, Грецияда минглаб мигрантлар ҳукуматга бошпана сўраб мурожаат этмоқдалар.  Бу ҳақда ТАСС ёзмоқда.
 
Биргина Лесбос оролидаги Мория лагерида,  қарийб икки минг мигрант бошпана сўрамоқда.  Шундай қилиб, уларнинг аризаси кўриб чиқилгунча, Туркияга қайтиш жараёни кечиктириб турилади. Бу бир неча ойга чўзилиши мумкин. 
Руслан Сулаймонов

Теглар:Греция Туркия депорт мигрантлар 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!