...
МЕНЮ
ONLINE TV

Футзалчиларга ҳам Malibu берилдими?


15:49, 12.03.2018 Спорт
 4 542

Аввалроқ, ЎФА ҳар бир футзалчига 2 000 000 сўм миқдорида мукофот пули тақдим этганди.

Бугун, 12 март куни Ўзбекистон футбол Ассоциациясида Хитой Тайпейида бўлиб ўтган Осиё чемпионатида бронза медалларини қўлга киритган футзал бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва Тайландда ўтган 18 ёшгача бўлган Заиф эшитувчилар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида ғалаба қозонган футзалчиларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
 
Хабарингиз бор, футзал бўйича миллий терма жамоа Хитой Тайпейидаги Осиё чемпионатида 3-ўрин учун баҳсда Ироқ терма жамоасини мағлуб этиб, бронза медалларини қўлга киритганди.
 
Яхши натижага эришган футзал терма жамоасининг ҳар бир аъзосига 24 564 000 сўм миқдорида мукофот пули берилди.  
 
Ўтган йили Тайланда ўтган U-18 World Deaf Futsal Championship — футзал бўйича заиф эшитувчилар ўртасидаги Жаҳон чемпионати ғолиб чиққан футзалчилар эса ушбу ажойиб ғалаба учун 15 декабрь куни Ўзбекистон футбол федерациясида бўлган маросимда мукофотланишган эди.
 
Ўшанда ҳар бир футзалчига 2 000 000 сўм миқдорида мукофот пули тақдим қилинганди.
 
U-18 World Deaf Futsal Championship норасмий мусобақа бўлиб, ФИФА таснифига кирмайди. Ўзбекистон футбол Ассоциацияси қарамоғида эса фақат ФИФА таснифига кирувчи терма жамоалар бўлади.
 
Шунга қарамай, U-18 World Deaf Futsal Championship — футзал бўйича заиф эшитувчилар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида ғолиб чиқиб, Ўзбекистон байроғини юксакка кўтаргани учун ёш футзалчиларга ЎФА яна бир бор мукофот пуллари тақдим қилишга қарор қилди.
 
Бу сафар Заиф эшитувчилар терма жамоасининг ҳар бир аъзосига 16 376 000 сўм миқдорида мукофот тақдим қилинди.
 
Футзалчиларга мукофот пулларини Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси президенти ва ЎФА 1-вице-президенти Умид Аҳмаджонов топширди.
 
“Қўлга киритилган юксак натижалар билан барчангизни яна бир бор табриклайман. Эришилган бу ютуқлар билан тўхтаб қолманглар. Олдинга интилишда давом этинглар.
 
Бунинг учун Ўзбекистон футбол Ассоциацияси барча зарур шарт-шароитларни яратиб бермоқда. Барчамиз бир оила бўлиб, биргаликда ҳаракат қилсак, бундан ҳам катта натижаларни қўлга киритамиз”, деди Умид Аҳмаджонов.
 
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ МОҚ томонидан қиличбозлик бўйича Дубайда ўтказилган Осиё чемпионати мусобақасида ғолиб чиқган спортчилар автомобиллар билан тақдирланишган эди.
 
Яхши биласиз, футбол бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси аъзоларининг ҳар бирига Осиё чемпионатидаги ғалаба учун биттадан Malibu автомобилининг калитлари топширилганди.
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Заиф эшитувчилар Футзал 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!