...
МЕНЮ
ONLINE TV

Футболчи, гол, баклашка! Фарғонада кузатилган нохуш ҳолатга ЎзПФЛ эътибор қаратди


18:56, 04.08.2018 Спорт
 7 526

2 август куни Фарғонадаги стадионда нохуш ҳолат кузатилган эди.

Аввалроқ, “Qalampir.uz” Фарғонадаги “Истиқлол” стадионида бўлиб ўтган “Нефтчи” – “Навбаҳор” (2:1) ўйинида мезбонларнинг ғалаба голига муаллифлик қилган футболчи Абдураҳмон Абдулҳақов ўз ҳаракати билан меҳмонлар мухлисларини ғазабларини келтириши натижасида наманганлик мухлислар унга баклажка (пластик идиш) лар улоқтиргани ҳақидаги мақолани эълон қилган эди.
 
Ушбу вазият юзасидан ЎзПФЛ ўз сайтида расмий баёнот берди. Унга кўра, Абдураҳмон Абдулҳақов Мусобақалар Регламентининг интизомий ва жарималар кодекси 1-қисми 5.4 бандини бузгани учун “Нефтчи” жамоаси футболчиси Абдураҳмон Абдулҳақов 2 миллион сўм миқдорида жаримага тортилди.
 
“Суперлиганинг 20-тур учрашувлари доирасидан ўрин олган “Нефтчи” – “Навбаҳор” ўйини 68-дақиқасида “Нефтчи” жамоаси футболчиси Абдураҳмон Абдулҳақов рақиб жамоа дарвозасини ишғол этганидан сўнг голни нишонлаш мақсадида “Навбаҳор” жамоаси мухлислари жой олган сектор томон ҳаракатланиб, рақиб мухлисларини ғазаблантиришга ва кескин эътирозларига олиб келган хатти-ҳаракатларни амалга оширган.
 
Натижада наманганлик мухлислар ўтирган сектордан майдон томон турли хил майда буюмлар (пластик идишлар) улоқтирилган.
 
Наманганнинг “Навбаҳор” жамоаси мухлислари “Бунёдкор” ҳамда “Локомотив” клублари майдонига уюштирган сафар учрашувлари чоғида интизом борасида оммавий равишда камчиликларга йўл қўйгани мазкур ўйинларга тайинланган учрашув комиссарлари томонидан қайд этилган эди.  Суперлига 20-тур учрашувлари доирасидан ўрин олган “Нефтчи” – “Навбаҳор” ўйинида ҳам аксарият наманганлик ишқибозларнинг одоб-аҳлоқ қоидалари доирасидан четга чиқиш ҳолатлари давом этди. Жумладан, ўйиннинг 68-дақиқасида “Нефтчи” жамоаси футболчиси Абдураҳмон Абдулҳақов “Навбаҳор” дарвозасини ишғол этгач, голни “Навбаҳор” жамоаси мухлислари жой олган сектор томон ҳаракатланиб нишонлади. Футболчи амалга оширган хатти-ҳаракатлар 3 мингга яқин наманганлик мухлислар ўтирган сектордаги кўп сонли ишқибозларни оммавий тарзда ғазабланишига ва кескин эътирозларига олиб келди. Натижада наманганлик мухлислар ўтирган сектордан майдон томон турли хил майда буюмлар (пластик идишлар) улоқтирилди.
 
Шу сабабдан “Навбаҳор” футбол клуби мухлисларининг хулқи ва маданияти борасида тегишли тартибда иш олиб борилмагани учун “Навбаҳор” клуби охирги марта огоҳлантирилди. Агар ушбу ҳолат яна бир бора такрорланса, клуб ўз уй учрашувини мухлисларсиз бўш стадионда ўтказиши ҳам мумкин. Зеро стадионларга футбол ишқибозлари ўз оилалари, фарзандлари билан биргаликда ташриф буюраётган пайтда айрим мухлисларнинг одоб-аҳлоқ меъёрларини бузаётгани ёш футболсеварларга салбий таъсир ўтказиши мумкин. Бу борада Суперлига барча иштирокчи жамоаларининг мухлислар билан ишлаш бўлимлари мунтазам иш олиб боришлари лозим”, дейилади ЎзПФЛ хабарида.
 
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Абдураҳмон Абдулҳақов Нефтчи Навбаҳор 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!