...
МЕНЮ
ONLINE TV

Европа нима учун терактлар гирдобида қолди?


13:31, 30.03.2016 Олам
 6 167

Испаниянинг “El Pais” газетасида чоп этилган мақолада Европада бўлаётган терактларнинг бир қатор сабаблари кўрсатиб берилди.

Брюсселда бўлган қўпорувчилик ҳаракатлари кўплаб инсонларнинг ҳаётига зомин бўлди.  Европа Иттифоқининг пойтахтида бўлган бу воқеа қайсидир маьнода, ташкилотга аъзо давлатлар учун  ўзига хос ишора ролини ўйнади. Сўнгги йигирма йилда Кўҳна қитъада террористик ҳаракатлар сони кўпайди. Уларнинг ҳалокат кўлами ҳам жуда кенгдир.Нима учун Европа террористларнинг нишонига айланди? Бу саволга кўплаб нашрлар, таҳлилчилар ўз фикрларини билдирмоқдалар. 
 
Биз юқоридаги саволга жавоб беришдан олдин,  сўнгги йилларда Европада бўлган энг мудҳиш терактларнинг хронологиясига назар ташлаймиз.
 
1995 йил 25 июль:  Парижнинг Сан-Мишель метро бекатида портлаган бомба саккиз кишининг умрига зомин бўлди. Портлаш натижасида 150 киши жароҳатланди. Мазкур қўпорувчилик ҳаракати “Жазоирнинг  ислом армияси” гуруҳи томонидан уюштирилган эди.


 
1998 йил 15 август: Шимолий Ирландиянинг Омагҳ шаҳрида “Ирланд  республикачилари армияси” ташкилоти томонидан миналанган машинанинг портлатилиши натижасида 29 киши ҳалок бўлди.


 
2003 йил ноябрь: Туркиянинг Истанбул шаҳрида Британия консуллиги ва HCBC банкининг бош қароргоҳида бўлган портлаш оқибатида 27 киши қурбон бўлди ва 400 дан ортиқ одам жароҳатланди.


 
2004 йил 11 март: Испания пойтахти Мадрид шаҳридан четроқда жойлашган поездда бўлган портлашлар сериясида 191 киши ҳалок бўлди,  1800 дан ортиқ одам жароҳат олди. Бу Европа тарихида энг мудҳиш қўпорувчилик ҳаракати ҳисобланади.


 
2005 йил 7 июль: Лондон метросининг учта поезди ва автобусда ал-Қоида гуруҳининг тўрт худкуш террорчиси ўзини портлатиши натижасида 52 киши қурбон бўлди.


 
2011 йил 22 июль: Анти-мусулмон экстермист Андерс Беҳрин Брейвик Норвегия пойтахти Осло шаҳрида ва Утоя оролида жойлашган оромгоҳда уюштирган ҳужуми натижасида 77 киши ҳалок бўлди. Уларнинг кўпчилиги ўспирин ёшлар эди.


 
2012 йил март: Франциянинг жануби Тулузада ал-Қоида жангариси уч нафар яҳудий мактаб ўқувчилари, бир раввин ва уч парашютчини ўлдирган эди.


 
2014 йил 24 май: Брюсселдаги Яҳудий музейига бостириб кирган жангари Калашников қуроли билан тўрт кишини ўлдирди. Террорчи ДАИШ террористик ташкилотига алоқадор деб топилган эди.


 
2015 йил 7 январь: Парижда ҳажвий газета Charlie Hebdo  нашриётига икки жангари бостириб кириб 11 кишини ўлдирди.


 
2015 йил 13 ноябрь: Парижда жойлашган кафе,  рок концерти зали ва стадион ёнида бўлган отишмалар ва портлаш натижасида  130 киши ҳалок бўлди.  Воқеа юзасидан жавобгарликни ДАИШ ўз бўйнига олди.


 
2016 йил 12 январь: Туркиянинг Истанбул шаҳридаги Султонаҳмад майдонида рўй берган терактда 10 киши ҳалок бўлди, 15 киши жароҳат олди. Мазкур терактда ҳам худкуш террорчилар қурбон сифатида европалик сайёҳлар – 9 нафар германиялик ва битта перуликни нишонга олишган эди.


 
2016 йил 22 март: Бельгия пойтахти Брюсселдаги аэропорт ва метро бекатида юз берган портлаш натижасида 30 дан ортиқ киши ҳалок бўлди,  200 га яқин одам жароҳатланди.


 
Европада бўлаётган терактларга нима сабаб бўлаётганини ҳақида Испаниянинг “El Pais” газетасида мақола чоп этилди. Ўтган йилнинг ноябрь ойида Францияда бўлган терактдан сўнг умумевропа даражасида чоралар кўрилмади.  Франция ҳукумати эса Европа Иттифоқи Фаолияти тўғрисидаги шартноманинг  бирдамлик ҳолати бўйича 222-моддасига кўра иш тутмасдан шартноманинг 42-моддаси бўйича иш тутишни афзал кўрди.  Мазкур моддага кўра, хавфга қарши жавоб чоралари ҳукуматлараро даражада кўрилади ва бу ЕИ доирасидан ташқари ҳисобланади.  Бундан келиб чиқадики, Франция ҳукумати мамлакатдаги қўпорувчилик ҳаракатларидан сўнг дарҳол ДАИШ жангарилари жойлашган ҳудудларга зарбалар беришидан мақсад, барча аксилтеррор фронтларда тўлиқ мустақил ҳаракат олиб боришни ўзида сақлаб қолишдан иборат бўлган. ЕИ доирасида терроризмга қарши курашда бошбошдоқлик ҳеч қандай натижа бермайди, аксинча, вазиятни мураккаблаштириши мумкин. Брюсселдаги терактлар бунга мисолдир.
 
ЕИ давлатлари ташкилот доирасида қочоқлар муаммоси ва Сурияга нисбатан сиёсатда хавфсизликни таъминлаш билан боғлиқ масалаларни мустасно ҳолда қолдиришни афзал кўрмоқдалар. Уларнинг деярли барчаси юқоридаги масалалар юзасидан мустақил қарор қабул қилмоқда. Париждаги терактларни Бельгияда яшайдиган бир қатор террорчилар ташкиллаштиргани шуни кўрсатдики, миллий суверенитетга нисбатан бундай ёндашув хатодир.

Бу сафарги ЕИ пойтахти Брюсселда теракт амалга оширилишидан кейин ҳам кўпгина ЕИ давлатлари террористик таҳдид Бельгияга нисбатан қилинди холос деб ҳисоблашлари мумкин. Лекин,  вазиятга бундай ёндашиш ярамайди,  балки терроризмга қарши курашда биргаликда ҳаракат қилиш керак. Акс ҳолда, ЕИнинг яна бир давлати террористлар нишонига айланиб қолиши ҳеч гап эмас. 
Руслан Сулаймонов

Теглар:Европа теракт Париж Шимолий Ирландия Туркия Испания Лондон Норвегия Франция Брюссел Бельгия 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!