...
МЕНЮ
ONLINE TV

Европа аҳолиси қуролланяпти


19:27, 06.02.2016 Олам
 4 490

Антон Павлович Чеховнинг таниқли формуласига кўра, агарда пьесанинг биринчи актида қурол саҳнада осиғлиқ турса, унда иккинчи актда албатта мазкур қурол ўқ узиши лозим.

Европа туб аҳоли ва муҳожирлар тўқнашувидан ларзага келмоқда. Совуқ қуролга бўлган талаб рекорд даражасига етди. Туб аҳоли тан жароҳат етказувчи ва ўлимга сабаб бўлувчи қуролларни оммавий тарзда сотиб оляпти. Улар муҳожирларнинг ўзбошимча қонунбузарликларига қарши курашишга киришишган. Бунда ҳукумат фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлай олмаётгани сабаб қилиб кўрсатилмоқда.

“Lenta.ru” нашрининг маълумотига кўра, ўтган йилнинг октябрь ойида Линц шаҳрининг Жамоатчилик фикрини ўрганиш институти (IMAS) кузатувларига биноан австрияликлар кўпроқ жамиятдаги исломчилардан ҳамда муҳожирларнинг қонунбузарлик ҳолатлари ошиб бораётганидан қўрқишар экан. Париж воқеалари эса бу ҳолатнинг янада авж олишига сабаб бўлди. Бундан ташқари Париж воқеаларида алоқаси бор деб тахмин қилинаётган муҳожирларнинг Зальцбургда жойлашганлари эса австрияликларнинг сабр косасини тўлдирди.

Юқоридаги ҳолатлардан сўнг Европа Иттифоқи қонунлари ёдга тушди чоғи, фуқаролар қуролларни сотиб олишга оммавий равишда киришиб кетишди. Ов қуроллари ва милтиқлар қурол дўконларидан сувдек оқиб кета бошлади. Қуролларни олиш учун илгари беш ҳафтада бир маротаба имтиҳон ташкил этилган бўлса, ҳозирги кунга келиб талабнинг ошганлиги туфайли ҳар куни имтиҳон ўтказиляпти.

Яқин кунларда Швецияликлар ҳам жон-жаҳти билан ўқ дори захираларини тўлдириш ҳаракатига тушиб қолишган. Швеция қонунларига биноан 19 ёшдан 31 ёшгача бўлган ва тиббий комиссия томонидан ҳизматга яроқли деб топилган барча эркак фуқаролар ҳарбий хизматни ўташга мажбурдирлар. Ва уларга ҳарбий хизматдан сўнг ўз қуролларини уйларида сақлашга рухсат этилади. Шунга қарамасдан ўтган йил якунига кўра, мамлакатнинг 12 та ҳудудида қуролларнинг сотилиши 20 фоизга ўсган. Қолган барча ҳудудларда эса рекорд даражаси 70 фоизни ташкил этади. Бу ҳам Париж воқеаларидан таьсирланиш ҳолатидан келиб чиқмоқда. Айниқса янги йил арафасида Германияда бўлганидек, Цюрих шаҳрида ҳам аёлларга қилинган тажовузлар фуқароларни ҳушёр тортишга мажбур қилди.

Норвегияда ҳам юқоридагидек ҳолатлар кузатилмоқда. Январь ойининг ўзида мамлакатда қуролга бўлган талаб 50 фоизгача ўсди. Бунда ҳам Россия ҳудуди орқали ноқонуний “ташриф буюрган” муҳожирлар туфайли қуролланиш ҳолатлари кузатилган. Рождество ҳамда христианларнинг байрамларида қочоқларнинг тегажонлик каби маънавиятсизликларига жавобан қурол ишлатилиш ҳолатлари кескин ошган. Қиролликнинг қонунларига биноан мамлакатда ўқотар қуролнинг кўплаб турларидан фойдаланишга рухсат берилади. Фақатгина автоматик қуроллардан фойдаланиш тақиқланган.

Германиянинг Кёльн шаҳри полициясининг маълумотига кўра, ҳозирги кунда шаҳарда ўтказилаётган анъанавий карнавалнинг биринчи кунидаёқ 22 нафар аёлга тегажонлик қилиш, зўрлаш ҳолатлари қайд этилган. Мазкур ҳолатда 190 та қонунбузар қўлга олинган. Тажовузлар натижасида 100 дан ортиқ аёллар жабр кўрган. Юқоридаги ҳолатдан сўнг, карнаваль ҳафталигида 2,5 минг нафар полиция ходими тартибни сақлаш ишларига сафарбар қилинган. Одатда эса Кёльн шаҳридаги карнаваль 1,5 миллиондан ортиқ иштирокчиларни жалб қилади.

Антон Павлович Чеховнинг таниқли формуласига кўра, агарда пьесанинг биринчи актида қурол саҳнада осиғлиқ турса, унда иккинчи актда албатта мазкур қурол ўқ узиши лозим. Минг афсуслар бўлсинки, Европанинг аксарият мамлакатларида қонли қуроллар аллақачон ўз вазифасини бошлаб юборган.

Ёдгор Абдулло

Теглар:Европа қурол Германия 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!