...
МЕНЮ
ONLINE TV

Энди келин тушадиган хонадонни куёв томон жиҳозлайди


13:00, 08.08.2017 Жамият
 53 553

Тошкент шаҳар ҳокимининг тўй-ҳашам, тантана, маросим ва бошқа оилавий тадбирларни тартибга солиш ҳамда ихчамлаштириш тўғрисидаги тавсиявий тартибнинг фармойиш-илова матни ижтимоий тармоқларда эълон қилинди.

Ҳозирда тўй мавсуми эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Шу кунларда ана шундай маросимлар кўплиги бир томондан кишини қувонтиради. Ахир айтишадику, “Тинч юртга тўйлар ярашади”, деб. Масаланинг бошқа томонини ҳам ўйлаб кўриш мақсадга мувофиқ назаримизда, яъни тўй-ҳашамларни ўтказиш тартиби бугун қандай? Ким тўйга қанча сарфлаяпти? Қандай удумлар ўтказиляпти-ю қайсиларини ўзлаштиряпти?
 
Албатта тўй мавзуси ўзбек миллати учун нозик масала, шу билан бирга долзарб ҳамдир. Бу бўйича бир неча йиллардан буён тинимсиз муҳокамалар олиб борилади. Жумладан, 1998 йил 28 октябрда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан “Тўй-ҳашамлар, илавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотираларига бағишланган тадбирларни ўтказишни тартибга солиш тўғрисида”ги Фармонни имзолаган эди. Орадан қарийб 4 йил ўтиб, 2012 йилда Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг шу маънодаги қарори эълон қилинганди. Ана шу қарорда ҳам айниқса, Тошкент шаҳрида авж олиб бораётган дабдали тўйлардаги каби ортиқча сарф-ҳаражатларни йўқ қилиш масаласи кўтарилган.


 
Тўйлардаги европача одатлар, “келин навкар”, ортиқча сарф-ҳаражат талаб этувчи сарполар, бундан ташқари, маросимдаги хонандаларнинг иштироки борасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 3 август куни ижодкор зиёлилар билан учрашуви чоғида алоҳида тўхталиб ўтганди.
 
“Мана, ўзинглар кўряпсизлар, соппа-соғ юрган айрим одамлар элликка кирмасдан туриб тўсатдан инсульт бўляпти, инфаркт бўляпти. Сабабини суриштирсангиз, бошқалардан қолмасликка тиришиб, катта тўй қиламан, деб қарзга ботган бўлади. Ҳали қарзидан қутулмасдан, яна тўй қилиши керак.

Бугун ҳаётимизда кўпайиб бораётган оилавий можаролар, уруш-жанжаллар, ажралишлар, қудалар ўртасидаги совуқчилик сабаблари ҳам аксарият ҳолларда худди шу нарсага бориб тақалади. 

Энг ёмони, айрим пул топиб ақл топмаган, маънавий савияси паст кимсалар тўй-ҳашамлар, маъракаларни ўтказиш бўйича мусобақа ўйнаб, турли-туман янги одатларни ўйлаб топяпти. Буларни эшитиб, баъзан одам ҳайратдан ёқасини ушлаб қолади. 

Мана, Тошкентдаги тўйларда “келиннавкар” деган яна бир бало чиқибди. Нима эмиш, энди келиннинг ота-онаси қизига қўшиб унинг ўнлаб дугоналарини ҳам бир хил кийинтириши, ясантириши керак экан. Бундай бемаза қилиқлар қаердан чиқяпти? Ёшларимиз кимдан ўрганяпти буни?”, деб савол берди Президент.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев тўй-маърака ижтимоий масала эканлигини инобатга олган ҳолда, Бош вазир Абдулла Арипов ҳамда Бош вазир ўринбосари – Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоевага бундай маросимларни тартибга солиш, уларни ихчамлаштириш борасида 1 ой муддат ичида Президент қарори лойиҳасини тайёрлаш вазифасини топширди.
 
7 август куни ижтимоий тармоқлар Тошкент шаҳри ҳокимининг 2017 йил 18 июлдаги фармойишига илова матни тарқалди. Президентнинг ижодкор зиёлилар билан учрашувидан аввал тасдиқланган фармойиш нусхаси расмийми ёки йўқлиги ҳозирча номаълум. Аммо илова матнида тўй-ҳашамлар мавзуси кўтарилган бўлиб, бу борада бир қатор таклифлар, тавсиялар берилган ва улар тарғиб қилиниши лозимлиги қайд этилган. 
 
Жумладан, илова матнида келтирилишича, тўйларга ёки бошқа катта маросимларга таклиф этиладиган меҳмонлар сони 200-300 кишидан ошмаслиги тавсия этилади. Бундан ташқари, янги туғилган чақалоқ шарафига ўтказиладиган барча тадбирлар фақат яқин қариндошлар ўртасида ташкил этилиши қайд этилди. Бунда туғруқхонадан она ва болани олиб чиқиш маросими санитар нормаларга риоя қилинган ҳолда ортиқча дабдасиз ўтказилиши, бешик тўйи, ўғил тўйи, ақиқа каби маросимларни эса 20-30 кишидан иборат яқин қариндошлар даврасида ортиқча сарф-ҳаражат ва тоғораларсиз ташкил этилиши тавсия этилган.
 
Шунингдек, ҳужжатда никоҳ тўйи маросимларини ўтказиш бўйича алоҳида банд ажратилган бўлиб, унда келтирилишича, оқўрар, унаштирув, фотиҳа каби маросимлар бирлаштирилиб, бир марта ташкил этилиши таъкидланган. Келин хонадонида ўтказиладиган тўй олди маросимида ҳар икки тарафдан 2-3 нафар, умумий 4-6 киши иштирок этиб, одатга кўра патир синдирилади ва тўй куни белгиланади.
 
Бугунги кунда айрим оилаларнинг ажрашишларига сабаб бўлаётган келин сепи – мебели, гиламлари ва жиҳозлари бўлғуси қайноналар томонидан талаб қилинишига чек қўйиш лозим, дейилади иловада. Келин тушадиган уйни жиҳозлаш куёв томонидан амалга оширилиши кераклиги тарғиб қилиниши зарур.
 
Тўй олдидан келин ва куёвга қилинадиган сарполарга “Келинчак одоби” ва “Куёвнинг оиладаги ўрни” тўғрисида адабиётлар қўшиш тавсия этилди. Аслида бундай адабиётларни бўлғуси келин ва куёв тўйдан аввал ўзлаштиришлари мақсадга мувофиқ бўлади.
 
Иловада “куёв навкар” тадбири тўғрисида ҳам тўхталиб ўтилган. Унга кўра, куёв ўзининг битта жўраси билан келин уйига келиб, ФҲДЁ томонидан берилган маълумотнома асосида шаърий никоҳ ўқитишлари, кейин келин ва куёв янга ҳамда куёвжўра билан биргаликда турли масканларга бориб, эсдалик учун суратга тушишлари тавсия этилган.
 
Тўй маросимини ресторанда ўтказиш тартиби ҳам баён этилган. Тўй концертга айланмаслиги ғояси илгари сурилган иловада келтирилишича, никоҳ тўйлари ёки бошқа маросимларда иштирок этувчи хонандаларнинг одоби, кийиниш ва саҳна маданиятига қатъий риоя этишлари лозим. Концерт-томоша фаолияти ҳуқуқи учун лицензияга эга бўлмаган ижодкорлар – хонандалар, раққосалар, созандалар, операторлар ва бошловчилар аҳолига хизмат кўрсатмаслиги, бунинг олдини олиш мақсадида аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб бориш лозимлиги қайд этилди.
 
Рамазон ва Қурбон хайити айёмларида келинларнинг ота-оналари йўқлов юборишлари, шу куни “келин кўриш” баҳонасида дастурхонга баҳо бериш маросими ўтказилиши анъанага айланган. Тошкент шаҳар ҳокимининг янги фармойишига кўра, энди келин томонидан юбориладиган йўқловларга чек қўйилади.
 
Юқоридаги таклиф ва тартиблар жуда ўринли бўлиб, бу тартиблар фақат қоғозда қолиб кетмаслигига умид қиламиз. 
Дурдона Расулова 

Теглар:Тўй-ҳашам Тошкент Ҳоким Янги тартиб 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

Доно
09:46 10.08.2017

Хаммаси яхши, тугри юкорида курсатилгандек килинса ва иккала томон яни келин ва куев томонлари тушуниб хамда келишиб туй маросимларини утказишлари лозим. Лекин изох берган Нодир айтганларидек куёв уз шароитига караб жихозласа унга келин томон рози булармикан? Ота-онаси кизим шу шароитда яшайдими деб гап-сузлар хам чикиши мумкин. Агар хакикатда тартиб асосида туй маросимлари утказилса аъло нур булар эди.


Бахромжон
16:04 09.08.2017

Хамма нарсани хам секин боскичма-боскич амалга оширилмаса уртада жуда куп тушинмовчиликлар келиб чикади. Битта коидага хаммани бирданига мос тушириш кийин. Шунинг учун мени таклифим туй килаётган хонадон аъзолари туйни кандай утказиш буйича махалла фукаролар раиси билан хамкорликда маслахатлашиб амалга ошириши керак. Туй бошланишида "Фотиха туйи" куни совчилар томонидан белгиланганидан сунг махалла фукаролар йигинига хабар беришни ташкил килиш керак шунда махалла фукаролар йигинида руйхатга олинади. Келин томон ва куёв томон Махалла фукароси райислари уша "Фотиха туйи" кунида албатта иштирок этиши ва туйнинг маслахатида ортикча харажатларсиз утказиш буйича маслахат бериб назоратга олишни йулга куйилади. Ортикча харажатларга йул куймасликни иккала томон махалла фукаролар йигинидан хам назоратга олиш максадида куёв томонидаги махалла райиси ва келин томон махалла райислари туйни кам харж утказиш буйича келишилган фикрлар буйича баённома тузиб уша баённома асосида туй утказилишни ташкил килиб борилади. Махаллада утказилаётган туйлар буйича маълумотлар жамланиб борилади. Боскичма-боскич туйларни назорати уша баённома асосида тартибга солиб борилади.


nodira
15:07 08.08.2017

Qiziq bunga qaynonalar kunarmikan. Agar bunga ular amal qilmasachi? Aniqrogi qilishmaydi.


Нодир
13:08 08.08.2017

Жихозлайди деганда яна ўша-ўша иш фақат куёвни ҳисобидан бўлади деган тушунча келмаслиги керак. Куёв ўзини уйини шароитига қараб жихозлайди.



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар