...
МЕНЮ
ONLINE TV

Энди энергетик ичимликларга “18+” қоидаси жорий қилинади


18:37, 17.10.2017 Жамият
 3 909

“”Қувват бағишловчи” ичимликларни реклама қилиш тартибига ҳам ўзгартиришлар киритилади.

Бугун, 17 октябрь куни Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан болалар саломатлигини ҳимоя қилиш мақсадида бир қанча ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси жойлаштирилди.
 
Қонун лойиҳасининг муҳокамаси 13 ноябрга қадар давом этиши белгиланган. Лойиҳа 6 моддадан иборат бўлиб, “Озиқ-овқат маҳсулотлари сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги, “Реклама тўғрисида”ги қонунларга ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилишини кўзда тутади.
 
Бунда ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга энергетик ичимликлар савдосини тақиқлаш бўйича тузатиш киритиш таклиф қилинган.
 
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталида жойлаштирилган қонун лойиҳасига кўра, энергетик ичимликлар рекламаси, бундай ичимликларни белгиланган миқдордан ортиқ даражада истеъмол қилиш болалар саломатлигига жиддий зарар етказишини ҳисобга олган ҳолда, ушбу турдаги маҳсулотларни кимлар истеъмол қилиши мумкин эмаслиги ҳақидаги огоҳлантириш билан бирга амалга оширилиши керак.
 
Энергетик ичимликлар барча реклама майдонининг камида 10 фоизи ва электрон шаклдаги рекламада ролик эфир вақтининг камида 5 сонияси унинг зарари ҳақида огоҳлантиришга ажратилиши зарурлиги айтиб ўтилган.
 
Бундан ташқари, бу турдаги ичимликлар рекламаси ичимликларни истеъмол қилиш жараёнини кўрсатмаслиги, ижтимоий ва спорт муваффақиятларига эришиш ёки истеъмолчиларнинг жисмоний ва ақлий ҳолатини яхшилаш учун бунинг муҳимлиги ҳақида таассурот қолдирмаслиги зарур.
 
Кўрсатилган талабларни бузганлик учун жисмоний шахсларга ЭКОИҲнинг 5 бараваридан 10 бараваригача, мансабдор шахслар учун эса 7 бараваридан 15 бараваригача бўлган миқдорда жарима шаклидаги маъмурий жазо қўлланилиши таклиф этилган.
 
Тақиқланади:
 
- эрталабки соат 7 дан кечки соат 22 га қадар энергетик ичимликларнинг электрон шаклдаги рекламасини намойиш қилиш;
 
- 18 ёшга тўлмаган шахслар ўртасида энергетик ичимликлар намуналарини реклама мақсадларида бепул тарқатиш;
 
- асосан 18 ёшга тўлмаган шахсларга мўлжалланган тадбирларга ҳомийлик қилиш, бунда энергетик ичимлик номи, товар белгиси ва тасвирини қўллаш;
 
- 18 ёшга тўлмаган шахслар орасида энергетик ичимликлар номи, товар белгиси қўлланган маҳсулотларни (футболкалар, бош кийимлари, ўйинлар ва ҳоказо) тарқатиш, шу жумладан сотиш;
 
- кўп қисми болалар ва ўсмирларга мўлжалланган босма нашрларда энергетик ичимликлар рекламаси;
 
- энергетик ичимликларнинг босма нашрларнинг биринчи ва охирги саҳифалари, шунингдек ушбу нашрларнинг телерадиодастурлар жадвали эълон қилинадиган саҳифаларидаги рекламаси;
 
- энергетик ичимликларнинг тиббий, спорт, мактабгача, таълим муассасаларида, умумий фойдаланишдаги йўловчи транспорти воситалари салонларидаги рекламаси.
 
Қонун лойиҳасида Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 164-моддаси махсус қисм билан тўлдирилиб, унга кўра, энергетик ичимликларни ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга реализация қилиш — фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда, мансабдор шахсларга эса етти бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши кўзда тутилган.
 
Ушбу қонун лойиҳаси 2018 йилнинг 2 февралидан кучга кириши режалаштирилган.
Зоҳиршоҳ Жўраев

Теглар:Энергетик ичимликларни сотиш ва реклама қилишни чеклаш 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар