...
МЕНЮ
ONLINE TV

Дональд Трамп АҚШ Япония ва Жанубий Кореяни сариқ чақа эвазига ҳимоя қилаётганини айтди


00:05, 02.04.2016 Олам
 4 123

Дональд Трамп: Жанубий Корея пул машинаси ҳисобланади, лекин биз уларни ҳимоя қилаётганимиз учун сариқ чақа тўламоқда.

АҚШ президентлигига номзод, Республикачи Дональд Трампнинг Узоқ Шарқ минтақаси ҳақида айтган сўзлари Япония ва Жанубий Кореяни ҳайратга солди, дея CNN хабар бермоқда. Трампнинг Американинг икки кучли иттифоқчиси ҳудудларидан АҚШ ҳарбийларини чиқариб, ядро қуролларини жойлаштириш кераклиги ҳақидаги фикри Япония ва Жанубий Корея раҳбарларини эсанкиратиб қўйди.

Ҳозирда, Японияда 54.000 нафар ва Жанубий Кореяда 28.500 АҚШ аскари мавжуд.

“Япония ўзини маньяк Шимолий Кореядан ҳимоя эта олса, яхши бўларди”, – дейди Трамп CNN нашрига берган интервьюсида. “Очиқча гапирадиган бўлсак, Жанубий Корея ҳам ўзини-ўзи мудофаа этишга бел боғласа мақсадга мувофиқ бўлар эди. Улар ўзларини-ўзлари ҳимоя қилишларига тўғри келади ёки бизга ҳақ тўлашсин”.

Трампнинг бу сўзларига Япония Бош вазири Синдзо Абэ оммавий тарзда жавоб берди: “АҚШнинг кейинги президенти ким бўлишидан қатъи назар, Токио ва Вашингтон ўртасидаги иттифоқ Япония дипломатиясининг асосий мақсади бўлиб қолади”.

Япония унга нисбатан ядро қуроли ишлатилган ягона давлат ҳисобланади. Мазкур давлат Иккинчи жаҳон урушидан буён ядро қуролини тарқатмаслик сиёсатини олиб боради.

Трампнинг “Японияда атом бомбаларини жойлаштириш керак”, – деган сўзларига Япония Ташқи ишлар вазири Фумио Кишида, “Япония ядро қуроллари билан қуролланмайди”,– дея жавоб қайтарди.

Жанубий Кореяда эса Трампнинг ядро қуроли билан боғлиқ фикрини қўллаб-қувватловчилар кўплаб топилди. Сейжонг институти академиги Чонг Сонг-Чаннинг айтишича, агар Жанубий Кореяда атом бомбаси бўлса, Шимолий Корея билан зиддиятларда яхши позицияни эгаллашга имкон бўлади.

Жанубий Корея ҳукумати Трампнинг “Сеул мудофаа учун ҳақ тўламаяпти”, – деган иддаосига реакция билдирди.

Аввалроқ, миллиардер Дональд Трамп, “Жанубий Корея пул машинаси ҳисобланади, лекин биз уларни ҳимоя қилаётганимиз учун сариқ чақа тўламоқда”, – деган эди.
Руслан Сулаймонов 

Теглар:Япония Жанубий Корея Шимолий Корея Ядро қуроллари Дональд Трапм АҚШ ҳарбийлари 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!