...
МЕНЮ
ONLINE TV

Дмитрий Шокин: “Тарихда қолишни истайман”


19:13, 26.07.2018 Спорт
 2 374

Таэквондо бўйича жаҳон ва Осиё чемпиони Дмитрий Шокин саволларга жавоб қайтарди.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Матбуот ва Медиа департаменти Осиё ўйинлари мусобақасига бағишлаб “Шоҳсупа сари йўл” лойиҳасини ишга туширган.
 
Унда яқинлашиб келаётган Осиё ўйинларида юртимиз шарафини ҳимоя қилувчи етакчи спортчилар билан интервьюлар ташкил қилинмоқда.
 
Лойиҳанинг навбатдаги сонида таэквондо бўйича жаҳон ва Осиё чемпиони, Рио Олимпиадаси иштирокчиси, Инчеондаги Осиё ўйинлари кумуш медали соҳиби Дмитрий Шокин саволларга жавоб қайтарди.
 
Мактабдаги таэквондо тўгараги
 
Болалигимда яккакураш спорт турларидан бири билан шуғулланишни истардим. Биринчи синф ўқувчиси бўлган пайтим мактабимизда таэквондо бўйича тўгарак очилди. Ўша тўгарак очилган кундан бошлаб таэквондо билан шуғулланиб келяпман. Шуни айтиб ўтишни хоҳлардимки, спортнинг ушбу турига кундан-кунга меҳрим ортиб бормоқда.
 
Ортиқча вазн ҳақида
 
Овқатланиш тартиби ҳақида гапирадиган бўлсам, ўзимдан хеч нарса қизғанмайман. +87 кг вазн тоифасида мусобақаларда иштирок этишим сабабли, менда ортиқча вазн масаласида муаммо бўлмайди. Хеч қачон сунъий равишда вазнимни туширишга уринмаганман. Шу билан биргаликда, ортиқча вазн йиғмасликка ҳаракат қиламан. Чунки ортиқча вазн жанг вақтида тезликка таъсир кўрсатади.
 
Тарихда қолишни истайман
 
Севимли спортчилар ва кумирларим йўқ. Аммо, мақсадим бор. Бу спорт бўладими, ёки бошқа йўналишми – тарихда қолишни истайман.
 
Ёдда қоладиган воқеалар
 
Бундай ҳолатлар кўп бўлади. 2015 йили Манчестерда бўлиб ўтган Гран-При турнирида финалга чиқдим. Масъулиятли жанг олдидан хотиржам бўлиш мақсадида чуқур нафас олиб, қайтиб чиқардим. Аммо шу вақт оғзимдан капам тушиб кетди ва даян марказигача думалаб борди. Шунда нафақат мен, балки залда йиғилганлар ҳам кулиб юборишди. Жангга жуда яхши кайфият билан чиқдим. Ғалабадан сўнг ота-онамга қўнғироқ қилдим, гаплашдим. Улар интернет орқали жангимни онлайн томоша қилишганди. Шунда дадам, “Баракалла ўғлим, жангга жуда яхши кайфиятда чиқиб келдинг” дедилар. Кейин маълум бўлишича, трансляция операторлари капа оғзимдан тушиб кетган маҳал мени эмас, рақибимни кўрсатишаётган экан. Тушундимки, яқинларим мени кайфиятимни кўтарган ҳолатни кўрмай қолишган экан.
 
Чемпион бўлиш учун…
 
Биринчидан, бунинг учун спортчида жуда кучли истак бўлиши керак. Иккинчидан, хеч нарсага қарамай ўз мақсадинг сари олға интилиш лозим. Турли оғриқлар, қийинчиликлар, мағлубиятларга қарамай ўз устингда ишлашда давом этиш талаб этилади. Мураббий кўрсатмаларига қатъий амал қилиш, меҳнат қилишдан тўхтамаслик керак. Ахир инсон чемпион бўлиб туғилмайди. Унга машаққат билан эришилади.
 
Осиё ўйинлари олдидан
 
Бу мен учун иккинчи Осиё ўйинлари бўлади. Инчеондаги мусобақада терма жамоамиз ҳисобига олтин медаль қўшиб қўйиш учун бир очко етмай қолганди. Якунда, кумуш медаль билан кифоялангандим. Мусобақага жиддий тайёргарлик кўрдик. Бу сафар Осиё ўйинларида ғолиб бўлиш учун қўлимдан келган барча ишни қиламан. Бу оилам, терма жамоамиз ва ватанимиз учун жуда муҳим.
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Дмитрий Шокин Осиё ўйинлари 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!