...
МЕНЮ
ONLINE TV

Депрессия тана вазнига таъсир қиладими?


19:05, 04.04.2017 Саломатлик
 3 862

Агар мазкур аломатлардан 5 таси сизга таниш ҳолат бўлса, билингки, зудлик билан шифокорга учрашишингиз даркор.

Хорижлик мутахассислар инсоннинг тушкун кайфият ва депрессияни ажратиши учун 9 та омилни келтиришди. Агар мазкур аломатлардан 5 таси сизни безовта қилиб, узоқ вақт давом этса, билингки, зудлик билан шифокорга учрашишингиз даркор.
 
1. Асосан куннинг биринчи ярмида кайфиятнинг тушиши
 
Баъзан депрессия бироз тушкунликдан бошланиб, кўкрак қисмидаги оғриқлар билан кечади. Депрессиянинг оғир шаклида эса инсон ҳаётдан маъно “топмаслиги” ҳам мумкин. Бундай ҳиссиётлар асосан куннинг биринчи ярмида пайдо бўлади. Кеч тушиши билан тарқайди.
 
2. Айбдорлик ҳисси, ўзини “кераксиз”, дея ҳис қилиш
 
Ўз айбини тан олиш – кучли инсон хислати. Бироқ ҳар бир қилган ишидан, ҳаракатидан айб топиб, бутун хаёлларини шу камчилик билан боғлаш депрессиядан дарак. Бундай ҳолда инсон миясида фақатгина битта фикр “айланаверади”. Инсон ҳар сафар хато қилганини эслаганида, ўзини кераксиз ва бахтсиз ҳис қила бошлайди.
 
3. Эътиборсизликнинг кучайиши ва беқарорлик
 
Депрессияга учраган инсон режалаштирган ишларига улгура олмайди. Бирон-бир вазифани бажаришда қарор қабул қилиш учун кўп қувват ва куч сарфлайди, яъни у ўзининг диққатини жамлай олмайди. Инсоннинг мияси тушкунлик билан “қоплангани” сабабли бошқа маълумотлар учун қувват етмайди. Натижада ўзига зарар бўлиб хизмат қилувчи таваккал ҳаракатларни амалга оширади ёки қарор қабул қилади.
 
4. Уйқунинг бузилиши
 
Депрессия инсоннинг баъзан кўп, баъзан эса кам ухлашига сабаб бўлади. Айрим кишилар ўзининг тушкун кайфияти ва салбий хаёлларидан “қочиш” учун вақтларини ухлаш билан ўтказадилар. Яна баъзи кишилар эса турли хаёллардан хавотирланиб, ухлай олишмайди. Уйқусизлик бошқа касалликларни ҳам юзага келтиради.
 
5. Қачондир сизни бахтли қилган воқеа ёки буюм энди қувонтирмайди
 
Одатда бирон-бир ҳодиса инсонни қувонтирар ёки бирор кийим унга ёқар эди, аммо бу ҳолат аввалгидек яхши кайфият бағишламаса, депрессия бошланаётганини билдиради.
 
6. Тана оғирлигининг ўзгариши
 
Айрим кишилар депрессия ҳолатида вазн йўқотадилар, баъзилар эса аксинча ортиқча вазнга эга бўладилар. Бу кўпинча овқатланиш жараёнининг ўзгариши билан боғлиқ. Масалан, айримлар тушкунлик вақтида овқатланишмайди, яна бир тоифа кишилар эса овқат депрессиядан халос этади, дея кўп миқдорда тановул қилишлари мумкин.
 
7. Безовталик, хавотирланиш
 
Хавотирланиш ҳисси, қўрқув, саросимага тушиш депрессиядан дарак беради. Бунда безовталик бесабаб юзага келади. Инсон онги орқали хавотирланиш ҳисси пайдо бўлади. Жисмоний жиҳатдан бу ҳиссиёт юракнинг тез уришига, тез терлашга, уйқунинг бузилишига олиб келади.
 
8. Инсон танасининг турли қисмларида оғриқлар пайдо бўлиши
 
Депрессия вақтида инсоннинг боши кўп оғрийди, кўнгли бузилади, қорин ва ошқозон, шунингдек, бўйин соҳаларида оғриқ юзага келади. Албатта, бу оғриқларни депрессия билан боғлаш доим ҳам тўғри эмас. Баъзан ички органларнинг хасталиги мазкур оғриқларни келтириб чиқариши мумкин.
 
9. Ҳаётни “тарк этиш” ҳақидаги хаёллар
 
Депрессиянинг энг оғир аломати ҳаётга бўлган иштиёқнинг йўқолишидир. Юқоридаги омилларнинг бирортаси ҳам кузатилмай, 2 ҳафта муддат давомида фақатгина яшашдан маъно қолмагандек туюлаётган бўлса, дарҳол шифокорга учрашиш лозим.
 
Инсон ҳаётга бир маротаба келади. Ҳар бир кунимиз, ҳар бир онимиз биз учун улкан туҳфа. Ҳар қандай вазиятда ҳам масаланинг ечими топилишини унутманг. Ҳаётга муҳаббат билан қарашни, гўзалликни ҳис қилишни ўрганинг. Бу эса нафақат сизни, балки атрофингиздаги инсонларни ҳам бахтли қилади. 
Дурдона Расулова 

Теглар:Депрессия Аломатлар 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!