...
МЕНЮ
ONLINE TV

Давлат активларини бошқариш агентлиги ташкил этилади – Президент қарори


11:06, 15.01.2019 Жамият
 1 430

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 14 январь куни “Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорни имзолади. Қарорнинг тўлиқ матни билан қуйида танишишингиз мумкин.
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 январдаги ПФ–5630-сон “Давлат активларини бошқариш, монополияга қарши курашишни тартибга солиш тизимини ва капитал бозорини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида:
 
1. Қуйидагилар:
 
Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигининг таркибий тузилмаси 1-иловага мувофиқ;
 
Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги марказий аппаратининг тузилмаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
 
2. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигининг (кейинги ўринларда – Агентлик) бошқарув ходимлари чекланган сони 432 нафар, шу жумладан, Агентлик марказий аппарати – 109 нафар этиб белгилансин.
 
Агентлик директорига қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:
 
зарур ҳолларда, бошқарув ходимларининг белгиланган умумий сони доирасида Агентлик марказий аппаратининг тасдиқланган тузилмасига ўзгартиришлар киритиш;
 
Агентликнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармалари тузилмаларини тасдиқлаш;
 
Агентликнинг ҳудудий бошқармаларининг бошқарув ходимлари чекланган сонини тасдиқлаш;
 
Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Давлат активларини бошқариш, трансформация ва хусусийлаштириш жамғармаси (кейинги ўринларида – Жамғарма) маблағлари ҳисобидан Агентликнинг бошқарув ходимлари мутахассисларининг қўшимча штат бирликларини киритиш;
 
маҳаллий ва хорижий малакали мутахассисларни ходимлар ва маслаҳатчилар сифатида, уларга истисно тариқасида Жамғарма маблағлари ҳисобидан иш ҳақи ва бошқа тўловларни белгилаган ҳолда жалб қилиш;
 
Жамғарма маблағлари ҳисобидан Агентлик ходимларига асосий эгаллаб турган лавозимлари бўйича лавозим маошлари (тариф ставкалари)га, қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа тўловлардан қатъи назар, устама ва бошқа рағбатлантирувчи тўловларни белгилаш;
 
Агентликка юклатилган вазифаларни бажариш учун шартнома асосида жалб этиладиган малакали хорижий мутахассислар меҳнатига ҳақ тўлаш шартларини халқаро амалиёт ва бозор шароитларидан келиб чиққан ҳолда белгилаш.
 
3. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар Агентликнинг марказий аппарати ва унинг ҳудудий бошқармаларини таъминлаш бўйича харажатларнинг молиялаштириш манбалари этиб белгилансин.
 
4. Белгилансинки:
 
а) Агентлик:
 
Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг (кейинги ўринларда – Давлат рақобат қўмитаси) барча ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва давлат, шу жумладан, чет элдаги активларини бошқариш, хусусийлаштириш тадбирларини амалга ошириш (шу жумладан, давлат улушларини сотиш), давлат активларини ижарага бериш, хўжалик жамиятларида корпоратив бошқарувни жорий этиш, иқтисодий ночор хўжалик жамиятларини молиявий соғломлаштириш, банкротлик, баҳолаш фаолиятида давлат томонидан тартибга солиш ва мулкни баҳолаш стандартларини тасдиқлаш бўйича ҳуқуқий ворис ҳисобланади;
 
“Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Давлат активларини бошқариш маркази” ДУКнинг барча ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;
 
ўз ваколатларини мустақил равишда ва барча давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил равишда олиб боради ҳамда ўз фаолиятида бевосита Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ва Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсунади ва ҳисобот беради;
 
давлат активларини бошқариш соҳасида вазирликлар ва идоралар, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини мувофиқлаштиради;
 
Ўзбекистон Республикасининг “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ҳамда “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги қонунларига мувофиқ хўжалик жамиятларининг устав капиталида ўзига берилган давлат акция пакетлари (улуш) бўйича акциядор (таъсисчи ва иштирокчи) ҳуқуқини амалга оширади;
 
Давлат рақобат қўмитаси ва унинг ҳудудий органлари томонидан савдоларга қўйилган объектлар бўйича сотувчи функциясини бажаради. Бунда Давлат рақобат қўмитаси қайта ташкил этилиши муносабати билан савдо шартлари ва турлари ўзгаришсиз қолдирилади, объектларни савдодан ечиш, қайта баҳолаш ва қайтадан савдога қўйиш талаб этилмайди;
 
давлат улуши иштирокидаги хўжалик жамиятларининг (кейинги ўринларда – хўжалик жамиятлари) жорий фаолиятига аралашмаган ҳолда ўзига юклатилган вазифаларни фақат корпоратив бошқарув усулларини қўллаган ҳолда бажарилишини таъминлайди;
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасига ҳар йили ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 октябридан кечиктирмай Агентлик фаолияти, шу жумладан, хўжалик жамиятлари фаолиятида стратегик ўзгаришлар натижалари тўғрисида ҳисобот тақдим этади;
 
б) Агентлик директори, унинг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тақдимномасига асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади, мақоми, тиббий ва транспорт хизмат кўрсатиш шароитлари бўйича тегишли равишда вазир, вазирнинг биринчи ўринбосари ва вазир ўринбосарига тенглаштирилади;
 
в) Агентлик директори, унинг биринчи ўринбосари, ўринбосарлари ва Агентлик ходимлари белгиланган тартибда хўжалик жамиятлари кузатув кенгаши аъзолигига сайланиш ҳуқуқига эгадирлар;
 
г) Агентликнинг ҳудудий бошқармалари раҳбарларини лавозимга тайинлаш Агентликнинг директори томонидан тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари билан келишилган ҳолда амалга оширилади;
 
д) Агентлик ходимларига тугатилаётган Давлат рақобат қўмитаси ходимлари учун назарда тутилган тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби сақлаб қолинади;
 
е) Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификаторини Агентликда қўллашда таълим даражаси минимал қисми бўйича хорижий олий таълим муассасаларини тамомлаган тегишли йўналишдаги мутахассисларга нисбатан ишга қабул қилишда, ишчилар касблари бўйича малака даражаларини белгилашда, истисно тариқасида, тавсиявий хусусиятга эга;
 
ж) Давлат рақобат қўмитаси қайта ташкил қилиниши муносабати билан у ва унинг ҳудудий органлари томонидан аввал берилган лицензиялар, ҳуқуқ берувчи, рухсатнома ҳужжатлари ва илгари улар томонидан қабул қилинган қарорлар ўз кучини сақлаб қолади ва уларни бекор қилиш ёки ўзгартириш талаб этилмайди.
 
5. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
 
2019 йилнинг 1 апрелидан хўжалик жамиятларининг кузатув кенгаши (банклар кенгаши) таркиби ва ижроия органи аъзоларини норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тасдиқлаш, шунингдек, уларни давлат органларининг раҳбарлари ёки раҳбар ўринбосарларига тенглаштириш амалиёти бекор қилинади;
 
2019 йил 1 июлидан бошлаб давлат органларининг раҳбарлари ёки раҳбар ўринбосарлари, Агентлик бундан мустасно, уларда корпоратив бошқарув малака аттестати мавжуд бўлганда давлат иштирокидаги корхоналарнинг кузатув кенгаши аъзолигига давлат улуши бўйича сайланишлари мумкин;
 
хўжалик жамиятлари кузатув кенгаши (банклар кенгаши) таркиби давлат органлари, ташкилотлар ёки уларнинг мансабдор шахслари билан келишилмасдан акциядорлар умумий йиғилиши қарори билан тасдиқланади;
 
хўжалик жамиятининг ижро органи (раҳбар ва раҳбар ўринбосарлари) танлов асосида юқори малакали, шу жумладан, хорижий мутахассислар орасидан танлаб олинади ва давлат органлари, ташкилотлар ёки уларнинг мансабдор шахслари билан келишилмасдан акциядорлар умумий йиғилиши ёки кузатув кенгаши қарори билан тайинланади;
 
келгусида хўжалик жамиятлари устав капиталида (фондида) шаклланадиган, акциядорнинг (таъсисчининг) ҳуқуқлари давлат органлари ва муассасалари томонидан амалга ошириладиган давлат улуши Агентликка берилади;
 
келгусида хўжалик жамиятлари устав капиталида шаклланадиган давлат органлари ва муассасалари томонидан акциядор (таъсисчи) ҳуқуқлари амалга ошириладиган давлат улуши Давлат активларини бошқариш агентлигига берилади;
 
илгари давлат акцияларини ишончли бошқарувга инвестиция активлари бўйича ишончли бошқарувчиларга бериш бўйича тузилган битимлар уларнинг амал қилиш муддати тугагунга қадар илгари имзоланган шартлар асосида Агентлик томонидан қўшимча битимларни тузиш йўли билан қайта расмийлаштирилади;
 
хўжалик жамиятлари иш ҳақи миқдорини, бошқарув ва техник ходимлар бирлигини, автотранспорт воситалари сонини белгилаш ҳамда қонун ҳужжатларига мувофиқ хўжалик бошқаруви органлари учун алоҳида тартиб ўрнатилган масалалар бўйича қарорларни мустақил равишда қабул қилади.
 
6. Хўжалик жамиятларининг устав капиталидаги давлат улушлари 3-иловага мувофиқ Агентликка берилсин.
 
Агентлик Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги билан биргаликда икки ой муддатда давлат улуши мавжуд хўжалик жамиятларини хатловдан ўтказсин.
 
Белгилансинки, хатлов натижасида аниқланадиган ва мазкур қарорнинг 3-иловасига киритилмаган, акциядорнинг (таъсисчининг) ҳуқуқлари давлат органлари ва муассасалари томонидан амалга ошириладиган хўжалик жамиятлари устав капитали (фонди)даги давлат улуши Агентликка берилади.
 
7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:
 
ушбу қарор ижросини таъминлаш доирасида 2019 йилга мўлжалланган Агентлик харажатлари учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрлари доирасида маблағ ажратсин ва 2020 йилдан бошлаб зарур бюджет маблағларини кўзда тутсин;
 
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2019 йил учун тасдиқланган харажатлар параметрларига ушбу қарор талабларидан келиб чиқиб тегишли ўзгартиришлар киритсин;
 
Агентликка хизмат автотранспорт воситаларини сотиб олиш учун зарур маблағларнинг ажратилишини таъминласин ва 12 та, шу жумладан, 9 та шахсий бириктирилган хизмат енгил автомобилларини сақлашга лимит белгиласин;
 
Агентликнинг асосланган ҳисоб-китобларидан келиб чиқиб, маъмурий биноларини таъмирлаш ва моддий-техник базасини шакллантириш мақсадида зарурий жиҳозлар ва ахборот-коммуникация технологияларини харид қилиш учун зарур маблағлар ажратилишини таъминласин.
 
9. Агентлик икки ой муддатда “Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Давлат активларини бошқариш маркази” ДУКнинг белгиланган тартибда Агентлик таркибига қўшилишини таъминласин.
 
10. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Агентликни телефон алоқаси, жумладан, ҳукумат алоқаси билан белгиланган тартибда таъминласин.
 
11. Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Давлат рақобат қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий органларининг тугатилиши муносабати билан тегишлилиги бўйича давлат божлари ва бошқа турдаги йиғимларни ундирмаган ҳолда:
 
Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармаларига кўчмас мулк ва бошқа мулк объектларига ҳуқуқнинг қайта рўйхатдан ўтказилишини;
 
Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари тасарруфига ўтадиган автотранспорт воситаларининг Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги органларида қайта рўйхатдан ўтказилишини;
 
давлат акция пакетлари (улушлари) бўйича акциядор (таъсисчи ва қатнашчи) функция ва ҳуқуқлари Агентликка ўтганлиги муносабати билан хўжалик жамиятлари таъсис ҳужжатларига киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин.
 
12. Агентлик Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 7 октябрдаги 336-сон қарори билан тасдиқланган Раҳбарлари ходимларни Тошкент шаҳри
ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш тўғрисида илтимоснома киритиши мумкин бўлган давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотлари рўйхатига киритилсин.
 
13. Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари ўзига юклатилган ваколатларга мувофиқ судларга кўриб чиқиши учун киритиладиган даъволар бўйича давлат божи тўлашдан озод қилинсин.
 
14. Агентлик Тошкент шаҳри, А.Темур кўчаси, 6-уй манзилига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.
 
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари бир ой муддатда Агентликнинг ҳудудий бошқармаларини тугатилган Давлат рақобат қўмитаси ҳудудий органларининг ҳозирги жойлашуви бўйича биноларига жойлаштирилишини таъминласин.
 
15. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига Агентлик, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда давлат активларини тадбиркорларга сотиш бўйича амалга оширилаётган ишлар кўламини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш тавсия этилсин.
 
16. Агентлик Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:
 
а) 2019 йил 1 апрелга қадар:
 
хўжалик жамиятларининг кузатув кенгашлари ва ижро органларининг аъзоларини тасдиқлаш, шунингдек, ижро органларининг аъзоларини давлат органларининг раҳбарлари ёки раҳбар ўринбосарларига тенглаштириш тўғрисида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бекор қилиш бўйича таклифларни;
 
илғор хорижий амалиётни ҳисобга олган ҳолда, давлат иштирокидаги корхоналар фаолиятига кузатув кенгашлари ва назорат органлари фаолияти самарадорлигини оширишни, корпоратив бошқарувнинг халқаро тамойилларини назарда тутувчи корпоратив бошқарувнинг замонавий усулларини жорий этиш бўйича “Йўл харитаси”ни;
 
б) икки ой муддатда:
 
Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги тўғрисидаги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Давлат активларини бошқариш, трансформация ва хусусийлаштириш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида қарор лойиҳасини;
 
қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни киритсин.
 
17. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов зиммасига юклансин.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти                                        
Шавкат Мирзиёев

 
Тошкент шаҳри, 2019 йил 14 январь

Теглар:Давлат активларини бошқариш агентлиги Президент қарори 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар