...
МЕНЮ
ONLINE TV

Бухорода Абу Али ибн Синога атаб йирик мажмуа барпо этилади


11:23, 02.08.2018 Жамият
 1 632

Боғ ҳудудида от ва туяларда сайр қилиш имконияти яратилади.

Бухоро вилояти Пешку тумани Афшона қишлоғида Абу Али ибн Синога атаб йирик мажмуа қурилади. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
 
Ушбу мажмуа Туркия Республикасининг “Medifemo Assistance” компанияси таъсисчилигида ташкил этилган “Alke group companies” компаниясининг 51 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағи ҳисобидан барпо этилади.
 
Умумий майдони 5 гектардан иборат мажмуадаги ҳар бир объект ўзига хос бўлади. Айниқса, каттагина ўрин эгаллайдиган Халқ табобати марказида буғли эффектга эга тош ҳаммом, оёқ касалликларига қарши яхши фойда берадиган сандал, зулук олиш, уқалаш хизматлари ташкил этилади. Шифобахш гиёҳларга тўйинган чорва моллари сутидан қатиқ, қаймоқ ва мева-сабзавот шарбатлари, шунингдек, гиёҳ ва дуккакли дон дамламалари тайёрланади. Беморлар асал, туз, ўсимлик мойи билан муолажа олиб, тоза ҳавода сайр қилади. 

Ҳудудда барпо қилинадиган экобоғ ҳам меҳмонлар эътиборини тортиши шубҳасиз. Бу ерда Абу Али ибн Сино томонидан хусусиятлари алоҳида таърифланган ўрик, ёнғоқ, анжир, жийда каби мевали дарахтлар ҳамда хушбўй гуллар парвариш қилинади. Боғ ҳудудида от ва туяларда сайр қилиш имконияти яратилади.
 
Мажмуада буюк ҳакимнинг илмий асарлари, қўлёзмалари, қўлланма ва рисолалари бурчаги ташкил этилади. Доривор гиёҳлар савдоси йўлга қўйилади. 

Мажмуага ташриф буюрувчилар оқими кўпайиши билан 100 ўринли тўрт юлдузли меҳмонхона қурилади. Бадминтон, стол тенниси майдончалари меҳмонлар хизматида бўлади.
Шунингдек, тиббиёт коллежлари битирувчиларининг Абу Али ибн Сино қасамёдини қабул қилиш маросими ушбу мажмуада анъанавий ўтказилади. Тиббиёт йўналишидаги олий ўқув юртлари талабалари ва коллежлар ўқувчилари ўртасида ташкил этиладиган “Абу Али ибн Сино издошлари” республика кўрик-танлови ғолиблари ҳам ушбу мажмуада тақдирланади. 

Мажмуа қурилиши жорий йил кузида бошланиб, 2019 йил август ойида ниҳоясига етказилиши мўлжалланган. 
Санжар Жўра

Теглар:Абу Али ибн Сино Афшона Пешку 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар