...
МЕНЮ
ONLINE TV

Боровский қурбонининг онаси Президентга мактуб йўллади


11:34, 04.06.2017 Жамият
 14 807

Ўғлини қаро ерга топширган онаизор қотилларнинг исмларини ошкор қилди.

Тошкент шаҳридаги П.Ф.Боровский номидаги тиббиёт коллежида 1999 йил 11 декабрда туғилган Жасур Иброҳимов Муҳаммаджон ўғли ўз курсдошлари томонидан калтакланиб, ўлдирилгани ҳақида хабар берган эдик.
 
Марҳумнинг онаси юз берган фожиа юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга мактуб ёзиб, адолат қарор топишини ва айбдорлар жазоланишини сўради. Марҳум Жасурнинг онаси ёзган хатни эътиборингизга ҳавола этамиз:
 
“Менинг ўғлим, 1999 йил 11 декабрда туғилган Жасурбек Иброҳимов Муҳаммаджон ўғли Боровский номидаги тиббиёт коллежининг 2-курс 213-гуруҳида ўқиган. У яхши ўқир эди, ичмасди, чекмасди, спорт билан фаол шуғулланар эди. Мен ва турмуш ўртоғим олий маълумотлимиз, фарзандларимиз эътибор ва ғамхўрликда вояга етишяпти.
 
2017 йил 3 май куни мен эрталаб 08:30 да ишга кетдим, ўғлим эса шу куни уйда қолди, сабаби дарси 13:20 да бошланиши лозим эди. Шу куни соат 17:08 да Жасур менга уй телефонидан қўнғироқ қилиб, гўёки йиқилиб тушиб, бурнидан қон оқаётганини ва қорни оғриётганини айтиб, тезроқ уйга қайтишимни сўради.
 
Унинг овози мени, албатта, қўрқитди, сабаби у зўрға ва жуда паст овозда гапирар эди. Уйга қайтишимда мен тез ёрдам хизматига қўнғироқ қилиб, уларни чақирдим. Бу орада турмуш ўртоғим Муҳаммаджон Турсуновга ҳам қўнғироқ қилиб, уйга чақирдим.
 
Уйга деярли бир вақтда келдик. Эшик очиқ эди, ичкаридан эса Жасурнинг овози чиқиб турар эди. Болалар хонасига кирганимизда, кўз ўнгимизда даҳшатли тасвир намоён бўлди. Ўғлимиз ички кийимда полда ётган эди.
 
Унинг бурни, оғзи ва қулоқларидан қуюқ қон тўхтамасдан оқарди, бели моматалоқ бўлиб кетган, тирсаклари ҳам шилинганди. Ҳар икки тиззаси сингани, ҳатто пешоналари ёрилиб кетганига гувоҳ бўлдик. Жасурбекни дарҳол юмшоқ жойга ётқиздик, бироқ у қорнида оғриқ борлигини айтиб, бақиришда давом этарди. Қорнининг ўнг томонида пойабзал излари, томоқ ҳамда жағ қисмида бармоқлар излари борлигига гувоҳ бўлдим. Ўғлимдан нима бўлганини сўраганимда, Жасурбек ўзини Вестминстер университети атрофидаги ариққа тушиб кетганини айтди.
 
Унинг ётган жойи қонга беланланган, гилам ҳам қон қолдиқларига бурканганди, уйнинг четида эса Жасурнинг синиб кетган телефони ётарди. Шунда сочиқ олиш учун ваннахонага кирганимда, раковина, ванна, унитаз, пол қонга беланиб кетганди. Полда эса тиззаси йиртилган кийимлари. Кўйлаклари ҳам қон бўлиб кетганди.
 
17:40 да тез ёрдам машинаси етиб келди ва бизни Юнусободдаги 17-шаҳар шифохонасига олиб бораркан, йўл бўйи Жасур кучли оғриқдан бақирарди. Шифокорлар УТТ ўтказиб, ўғлимда буйрак ва ошқозоности бези ишдан чиққан бўлиши мумкинлиги ва рентген маълумотлари мия чайқалиши, бурнида синиш борлигини айтди. Шифокор бизни 5-болалар шифохонасига юборди, чунки ўғлимиз ҳали 18 ёшга тўлмаганди.
 
Тез ёрдам машинаси Юнусободдаги 5-болалар шифохонасига етиб келганида, Жасурбек қон қуса бошлади. Бироқ 5-болалар касалхонасининг навбатчи шифокори болани бу ерда олиб қола олмаслигини, унда жиддий жароҳатлар борлигини айтди ва бизни 14-болалар шифохонасига боришни тавсия қилди.
 
Соат 19:00 да “Тез ёрдам” машинаси бизни 14-болалар шифохонасига олиб борди ва у ерда Тоҳир исмли Бош шифокор ўринбосари кўрикдан сўнг ўғлимизни зудлик билан жонлантириш бўлимига жойлаштириш кераклигини айтди (бунинг учун Тоҳирга оналик таъзимимни бажо айлайман). Шифокор Жасурнинг танасидаги жароҳатлар бир нечта шахс томонидан дўппосланиш оқибатида пайдо бўлганини таъкидлади. Шифокорлар тезлик билан боламиздаги барча тан жароҳатларини суратга туширишди.
 
Кейинги икки кун давомида Жасурбекни кўрикдан ўтказишди, бу вақт давомида эса унга оғриқ қолдирувчи кучли препаратлар юборилди. Чунки, у оғриқлардан қийналаётганди. Аммо Жасурнинг аҳволи кескин ёмонлашишни бошлаганди, 11:30 да бизни МRT’га юборишди, натижалар олинганидан сўнг, 19:00 да рентген қилиниб. Кейин замбилда операция залига ўтказишди. 5 май куни соат 19:30 да Жасурнинг қорнида операцияни бошлашди. Операция беш соатдан ортиқ, яъни 00:30 гача давом этди.
 
Операцияни уч врач — Бош шифокор ўринбосари Тоҳир, Бош жарроҳ Норбўта ва навбатчи жарроҳ (исмини эслолмайман, рус эркак эди) қўл остида ўтказилди. Операция тугагандан сўнг, ўғлимнинг аҳволи оғирлигини, операциянинг ўзи мураккаблигини, Жасурда ўн икки бармоқли ичак зарарлангани, буйрагини тўла гематома қоплаб олгани, ошқозоности бези жиддий лат егани ва бошқа органлари ҳам жароҳатлангани, перитонит (йиринглаш) бошлангани сабаб қорин бўшлиғи тўқимасининг бир қисми олиб ташланганини маълум қилишди.
 
Шунингдек, шифокорлар ўғлимни бир неча кишилар калтаклагани ҳақидаги тахминимни тасдиқлади, унинг ўзи ҳам ҳушига келгач, биринчи зарбадан сўнг йиқилгани, туришга уринган вақтида турли томонидан тепкилангани, кейин ҳушидан кетганини айтиб берди.
 
6-8 май кунлари ўғлимнинг аҳволи оғирлигича қолди, 8 май куни соат 21:00 да уни яна операция қилишди. 18 май куни аҳволи оғирлиги сабабли, ўғлимни Республика шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш илмий марказига ўтказишди, 19 май куни бўлган операцияда аҳвол оғирлиги сабабли ўт пуфагини олиб ташлашди. 20 май куни такроран операция қилишди. 28 май куни қон кетиши бошлангани сабаб, соат 23:00 да операция қилишга мажбур бўлишди. Ҳозир ўғлим жуда оғир аҳволда жонлантириш бўлимида ётибди.
 
5 май куни соат 10:00 да мен шифохонага келган вақтим, реанимация олдида турган Исломнинг отасини кўрдим. Кейинроқ жонлантириш бўлими мудири Маҳфуза Тўлқиновна эрталаб соат 7:30 да Жасурни кўргани бобоси келганини ва у билан гаплашганини айтиб, Исломнинг отасини кўрсатди. Лекин у ҳеч қанақасига ўғлимнинг бобоси эмас — у ўғлимни урган Исломнинг отаси!
 
Ўғлим касалхонада ётган кунлар давомида нима бўлганини ўзим аниқлашга ҳаракат қилиб кўрдим.
 
Мана, ўғлимни гуруҳ бўлиб дўппослаган гумондорлар исмларининг рўйхати:
 
Ислом, 2-курс,
Ўлмас, 2-курс,
Темур, 3-курс,
Ҳурмат, 3-курс,
Темур, 2-курс,
Бекзод, 2-курс.
 
Боз устига, уларнинг икки нафари безори сифатида рўйхатда ҳам туради, айнан:
 
Темур, 3-курс,
Ҳурмат, 3-курс.
 
Шунингдек, муштлашувда иштирок этгани билан мақтанган П.Ф.Боровский номидаги тиббиёт коллежининг бошқа ўқувчилари айтган гапларга кўра, Исломнинг отаси ва онаси адвокат, у милицияни сотиб олган ва бу иш, аввал ҳам бўлганидек, "ёпди-ёпди" бўлиб кетади.
 
Гувоҳлар Ўлмас орқадан келиб куч билан ўғлимни тепганини, сўнг ўғлим йиқилгани, қолганлар эса уни ҳар томондан тепкилай бошлагани, охирида эса Ўлмас ерда ётган жабрланувчининг аҳволини суратга туширганини айтиб берди.
 
2-3 ой аввал ҳам мазкур коллеж ўқувчилари ўртасида шунга ўхшаш муштлашув бўлган, Ислом ва Ўлмас 2-курсда ўқийдиган Темурни дўппослаган, у юзидан жароҳатлар олган (юзига бир неча чок тушган), шундан сўнг уни суратга олиб, ҳаммага кўрсатишган, болани эса узоқ вақт масхара қилиб юришган.
 
Бироқ бу иш ими-жимида тинчитилган, Ислом ва Ўлмас жабрланувчига 200 доллардан пул берган. Коллеж ўқувчиларининг айтишича, Ислом ва Ўлмас нисбатан кучсиз ўқувчиларни уради, буни суратга туширади, сўнг уларнинг ота-оналари жабрланувчиларга пул тўлаб, ишни "тинчитади". Бу ўсмирлар эса уриб, жабрланувчини суратга туширишдан ва, албатта, жазога тортилмаслигидан завқ олади.
 
Юз берган воқеа ҳақида декан Мариэлла Туленовнадан сўраганимда, у “ҳеч қандай қўрқинчли нарса бўлмаган”ини айтди. Модомики шундай экан, унда нега 2-курсда ўқийдиган Темур ўзи билан бўлган ҳодиса ҳақида гапиришдан ва уни ҳам ўғлим Жасурнинг кўйига солишларидан қўрқади?
 
3 майдаги тепкилаш қаерда юз берганини аниқладик – ҳаммаси соат тахминан 12:00 - 16:00 оралиғида Ўзбекистон ҳарбий прокуратураси ва 145-мактаб ҳудудларига туташ жойда юз берган. Ҳарбий прокуратура биносида видеокузатув камералари бор ва ҳодиса юз берган лаҳза видеокузатув камераларига ёзиб олинган бўлиши мумкин. Гаражлар ёнида стоматология клиникаси жойлашган (Истиқбол кўчаси, 25-уй), клиника ходимлари Нигина ва Лена оқ кўйлакдаги етти ўқувчини кўрганини, улардан бири қонга ботганини, қолганлар унга нимадир деб кетаётганини тасдиқлади. Ўқувчилар Нигинага қонга ботган бола ўзи йиқилиб тушганини айтган, Нигина ва Лена ўғлимни ювинтирган ва унга биринчи тиббий ёрдам кўрсатган.
 
Бироқ, сизга йўллаётган мурожаатимга қадар на биз, на мазкур ўсмирлар "тўда"си сўроқ қилинди, видеоёзувни олишга ҳам қизиқиб кўришмади. Нима учун бу вазиятга на коллежнинг педагогик жамоаси, на бу ўсмирларнинг ота-оналари, на туман ички ишлар бошқармаси муносабат билдирмаётгани биз учун тушунарсиз. Айнан шундай ярамаслар вояга етгач, ўз Ватанини сотади ва турли криминал гуруҳларга, хусусан, ИШИД сафига қўшилади.
 
Дўппослашга алоқадор олти ўқувчининг фамилияларини ўқитувчилар билмасликларини айтишди. 4 май куни Ислом ҳақида декан Мариэлла Туленовнадан сўраганимда, у бу ўқувчи дарсда бўлганини, орадан бир неча кун ўтиб эса Исломнинг ўқитувчиси Жанна Воротникова Шуҳратовна ўз дарсини ташлаб, очиқ дарсда қатнашиш учун бошқа синфга чиққанини, қайтиб келганида Ислом дарсда бўлганини айтди.

Бироқ 19 май куни декан ўқувчилар танаффус вақтида ташқарига чиққанини, Ўлмас (2-курс, 226-гуруҳ ўқувчиси) муштлашувда умуман қатнашмаганини айтишни бошлади. Агар Жанна Воротникова Шуҳратовна, шунингдек, "Шахс ва жамият" фани ўқитувчиси ва декан Мариэлла Туленовна ёлғон гапириб, безори ўқувчиларни яшираётган экан, коллеж маъмурияти (директори) Лутфи Йўлдошевна Юсупова қаерга қараяпти?
 
Умид қиламанки, адолат қарор топиб, барча айбдорлар жиноий жавобгарликка тортилади".

Теглар:Боровский номидаги тиббиёт коллежи Жасурбек Иброҳимов Муҳаммаджон ўғли Тошкент 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

nodira
09:15 05.06.2017

Jadurbeki oila azolariga sabr tilimiz adolat qaror topiwiga umid qib qolamz urgan bolla xaqida malumot bersela



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар