...
МЕНЮ
ONLINE TV

Бекободдаги боғчада заҳарланган 61 кишининг аҳволи бўйича расмий баёнот берилди


20:44, 11.11.2018 Жамият
 6 754

Вазирлик берган баёнотга кўра, заҳарланган тарбияланувчилар сони жами 59 нафар, тарбиячилар эса 3 нафарни ташкил этган.

Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ахборотига таяниб, Тошкент вилояти Бекобод шаҳридаги 8-сонли МТМнинг 56 нафар тарбияланувчиси ва 2 нафар тарбиячиси овқатдан заҳарланиши ташҳиси эҳтимоли билан шифохонага ётқизилгани ҳақида хабар берган эдик. Мактабгача таълим вазирлиги мазкур ҳолат бўйича QALAMPIR.UZ’га сўнгги маълумотларни етказди.
 
Вазирлик берган баёнотга кўра, заҳарланган тарбияланувчилар сони жами 59 нафар, тарбиячилар эса 3 нафарни ташкил этган.
 
Маълум қилинишича, Мактабгача таълим вазирлиги томонидан Тошкент вилояти Бекобод туманидаги 8-сонли МТМнинг 59 тарбияланувчиси ва 3 ходимининг овқатдан заҳарланиш ҳолати чуқур ўрганилмоқда. 9 ноябрь куни соат 17:15 ва 16:00 оралиғида Бекабод шаҳри тиббиёт бирлашмаси юқумли касалликлар бўлимига “Ўткир гастрит, гастроэнтерит” ташҳиси билан 62 киши келтирилган. Уларда (ич кетишсиз) заҳарланиш синдроми кузатилган. Оғир ҳолатлар қайд этилмаган. 7 нафар болада енгил, қолганларда ўрта оғирликдаги ҳолат қайд этилганлиги билдирилмоқда. Госпитализация қилинган болалар ва катталардан бактериологик ўрганиш учун турли анализлар олиниб, лабораторияга юборилган.
 
Эпидемиялогик ўрганишлар ҳамда бактериологик текширув натижалари асосида якуний хулоса – диагноз қўйилади. 10 ноябрь ҳолатига кўра, 20 киши қониқарли ҳолатда уйга қўйиб юборилган. 11ноябрь куни яна бир гуруҳ болалар саломатлиги яхшилангани сабабли шифохонадан қўйиб юборилган ва айни вақтда даволанаётганлар сони 28 кишини ташкил этмоқда.
 
Текширув жараёнида маиший музлатгич маркировка қилинмаганлиги ва ишчи ҳолатида эмаслиги(бузилганлиги) аниқланган. Ҳамшира томонидан суткалик намуна олинмаган. Мева-сабзавотларни тозалаш ва қайта ишлов бериш учун алоҳида хона ажратилмаган.
 
Эпидемияга қарши чораларни мувофиқлаштириш ва маҳаллий мутахассисларга ёрдам кўрсатиш учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий–тадқиқот институти директори, профессор Н.А.Атабеков ҳамда РесМДСЭН бош шифокори Б.И.Алматов бошчилигидаги инфекционист ва эпидемиологлар гуруҳи ишламоқда.
 
Мактабгача таълим вазирлигининг Бекобод шаҳри 8-сонли МТМ бўйича маълумотномаси:
 
Ушбу МТМ 280 ўринли бўлиб, тарбияланувчилар 11 гуруҳга бўлинган. 2 гуруҳ куни қисқартирилан, 9 гуруҳ 10, 5 соатли режимда ишлайди. 9 ноябрь куни рўйхатдаги 235 боладан 205 таси МТМда бўлган. Муассаса 1980 йили қурилган ва табиий газда ишловчи ўз қозонхонасига эга.
 
Эпидемиологик текширув давомида муассасанинг барча ташқи муҳит объектлари, озиқ-овқатлар, ошхона анжомлари, шунингдек, ходимларнинг кийим ва қўлларидан намуна сурмалар олинган. Жами 196 намуна сурмалари Бекобод шаҳри МСЭНга жўнатилган.
 
Дастлабки эпидемиологик текширув бўйича болалар қуйидаги таомнома бўйича овқатлантирилган.
 
8 ноябр:
 
Нонушта – творогли запеканка, нон, сариёғ ва сут.
 
Тушлик – суякли қайнатма асосида тайёрланган нўхат шўрва, макарон гарнирли гўштли тефтель, лавлагили салат, олчали компот.
 
Иккинчи тушлик – тухумга булғанган қовурма нон, ширин чой.
 
9 ноябр:
 
Нонушта – сут асосидаги вермишелли сметана солинган шўрва, сариёғли нон, карамель конфетлари, чой.
 
Тушлик – уграли қайнатма, гўштли палов, нон, килограммли йогурт (“Оқ чашма” ХК маҳсулоти).
 
Иккинчи тушлик – пишлоқли нон, туршакдан тайёрланган компот.
 
МТВ ушбу воқеа ва болалар ҳолатини назоратга олган ҳамда уларнинг уйга жўнатилиши бўйича маълумотлар бериб боришни ваъда қилган. Шунингдек, вазирлик ходимлари ускуналарнинг носозлиги сабаблари ва бу ҳақда туман МТБси, бошқа муттасадди ташкилотлар МТМ фаолияти учун муҳим бўлган ускуна бузилганлиги ҳақида хабардор қилингани ёки йўқлиги масаласини ўрганмоқда. Бекобод шаҳри МДСЭН қарорига кўра, МТМ фаолияти тўхтатилган, муассасада тўла ювиш дезинфекция тадбирлари ўтказилмоқда.

Теглар:Бекобод овқатдан заҳарланиш 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар