...
МЕНЮ
ONLINE TV

Автобус бекатларига электрон ахборот таблолар ўрнатилмоқда. Муаммолар барҳам топадими?


09:34, 16.12.2016 Жамият
 3 560

Жорий йил 20 ноябрдан 20 декабргача Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан “Автотранспортда йўловчиларга сифатли хизмат кўрсатиш ойлиги” деб эълон қилинган.

Тошкент шаҳридаги автобус бекатларига ахборот таблолари ўрнатилмоқда. Йўловчиларга кўрсатилаётган хизмат даражасини янада ошириш мақсадида йўлга қўйилган бу ҳаракат Янги йил байрами олдидан халқимиз учун ўзига хос туҳфа бўлди. Бу ҳақда “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ Матбуот хизмати хабар бермоқда.
 
“Тошшаҳартрансхизмат” АЖ ва “Тоштрансдиспетчерхизмат” УК “Grand Technology Systems” МЧЖ билан ҳамкорликда шаҳар автобус бекатларига ўрнатаётган электрон ахборот таблоларида жамоат транспортининг ҳаракат жадвали, шу жойгача етиб келиш вақти, валюта курси, Тошкентдаги об-ҳаво маълумоти каби ахборотлар ёритилиб турилади.
 
Айни вақтда электрон ахборот таблолари Тараққиёт кўчасидаги “6-туғруқхона”, Шаҳрисабз кўчасидаги “Дунё супермаркети”, Мирзо Улуғбек шоҳ кўчасидаги “Чимён магазини” бекатларига ўрнатилди. Ахборот таблолари 24 соат давомида ишлайди. Автобуслар ҳаракат жадвали эса 06:00 да бошланади ва 23:00 да иш фаолиятини тугатади.
 
Бундай турдаги ахборот таблоларини пойтахтдаги барча автобус бекатларига ўрнатиш режалаштирилган.
 
Кўпчиликка яхши маълумки, жамоат транспорти ҳайдовчилари кўп ҳолларда йўл қоидаларига риоя қилишмайди. Айниқса, ижтимоий тармоқлар орқали автобусларнинг кечикиб келиши ёки аксинча, бекатларда тўхтамай ўтиб кетиши, ўзига хос автобус пойгалари, маълум бекатларда узоқ вақт туриши, ҳайдовчиларнинг қўполлигидан шикоят қилувчилар тез-тез учрайди. Ачинарлиси, бу борада чоралар кўрилганлигига қарамасдан ҳамон шундай вазиятлар юзага келишда давом этяпти. Шаҳар бекатларига ўрнатилаётган таблоларда автобусларнинг келиш вақтлари аниқ кўрсатилиши айтилмоқда. Энди бу таблолардаги вақтга қатъий риоя қилинармикан? Шу орқали автобус билан боғлиқ турли муаммолар бартараф этилса, ажаб эмас.
Дурдона Расулова

Теглар:Ахборот таблолари Автобус Бекат Тошкент 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар