...
МЕНЮ
ONLINE TV

Акмал Саидов: “Ислом Каримов Конституцияни етти марта таҳрир қилган”


15:40, 19.01.2017 Жамият
 6 713

Профессор, юридик фанлар номзоди Акмал Саидов Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг яратилиш тарихи ҳақида сўзлаб берди.

Одатда ҳар бир давлат ўзининг Конституциясига ва шу асосда ўз конституциявий тузумига эга бўлади. Соҳибқирон Амир Темурнинг “Темур тузуклари” Шарқ цивилизациясига хос алоҳида шаклдаги конституциявий ҳужжат хусусиятига эга бўлган. Амир Темур тузуклари фиқҳ қоидалари билан бир қаторда, Осиё қитъаси, хусусан, Марказий Осиё минтақаси халқлари тақдирига кучли таъсир ўтказган.
 
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси яратилишининг мураккаб ва муҳим ҳамда тарихий солномасига назар солинса, ҳеч шубҳасиз, Ўзбекистон Конституцияси халқимизнинг мустақиллик сари узоқ изланишлари мантиқий натижаси эканига ишонч ҳосил қилиш мумкин. Конституция “пойдевори”ни қуришда уч минг йиллик миллий давлатчилик тажрибасига таянилган.
 
Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, замонавий Ўзбекистоннинг тарихи – бу мамлакатимизнинг ҳақиқий мустақилликка эришиш йўлида Ислом Каримов раҳнамолигида олиб борилган ўта мураккаб ва оғир курашлар тарихидир. Буюк Йўлбошчимиз ҳақли равишда демократик талаблар ва халқаро мезонларга тўлиқ жавоб берадиган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг асосий муаллифи эди.
 
Конституциявий мустақиллик йўлидаги биринчи ҳуқуқий қадам – ўзбек тилига давлат тили мақоми берилишидир. Мен ўша даврда ҳукуматнинг Тил муаммоларини ўрганиш ишчи гуруҳи аъзоси сифатида Ислом Каримовнинг 1989 йил 23 июнда Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари сифатида иш бошлаши билан боғлиқ тарихий жараёнларнинг бевосита иштирокчиси бўлганман.
 
1989 йил 21 октябрда “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилиниб, матбуотда эълон қилинди. Қонунда мустаҳкамланган муҳим ҳуқуқий қоидалар кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 4-моддасида қуйидагича мустаҳкамланди: “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир. Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади”.
 
Конституциявий мустақиллик йўлидаги иккинчи ҳуқуқий қадам – Президентлик институти таъсис этилиши билан боғлиқ. Юртимиз ҳаётидаги бу ғоят муҳим тарихий воқеа 1990 йилнинг 24 мартида юз берди. Мустақиллигимиз эълон қилинишидан анча олдин, ўн иккинчи чақириқ Олий Советнинг биринчи сессиясида Ўзбекистон Президенти лавозимини жорий этиш ҳақида қарор қабул қилинди. Ушбу сессияда Ислом Каримов Ўзбекистоннинг биринчи Президенти этиб сайланди.
 
Мустақил Ўзбекистоннинг биринчи Конституциясини яратиш ғояси илк бор ана шу сессияда илгари сурилди. Собиқ иттифоқ республикалари орасида биринчи бўлиб мамлакатимизда Президентлик лавозими таъсис этилгани бунинг яққол тасдиғидир. Президентлик институтининг жорий этилиши Ўзбекистоннинг давлат суверенитети ва мустақиллигига эришиш йўлида чинакам сиёсий ва маънавий жасорат намунасидир.
 
Конституциявий мустақиллик йўлидаги учинчи ҳуқуқий қадам – Конституциявий назорат комиссиясининг ташкил этилишидир. Президентлик институтини жорий этиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган сессияда тасдиқланган Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга доир қонун лойиҳасида Конституцион назорат комитетининг тузилиши ҳам назарда тутилган эди. Бунда депутатлар томонидан ушбу олий давлат органининг Президентлик ҳокимиятини мувозанатга келтириб турувчи ўзига хос ҳуқуқий восита вазифасини бажаришига алоҳида урғу берилди. Шу тариқа бугун амалда бўлган яна бир конституциявий институт – Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига истиқлол арафасидаёқ асос солинди.
 
Конституциявий мустақиллик йўлидаги тўртинчи ҳуқуқий қадам – давлат рамзларининг қабул қилиниши бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи, герби ва мадҳиясини яратишдир.
 
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилиниши, Президент лавозимининг таъсис этилиши, давлат номининг эълон қилиниши, расмий давлат рамзлари – Давлат байроғи, герби ва мадҳиясининг қабул қилиниши, ўз валютаси, пойтахти, тили, ҳудуди, фуқаролиги, умумхалқ байрамларига эга бўлиш дунё харитасида янги давлат – Ўзбекистон Республикаси пайдо бўлганлигининг ифодасидир.
 
Конституциявий мустақиллик йўлидаги бешинчи ҳуқуқий қадам – Мустақиллик декларациясининг эълон қилинишидир. Ўзбекистон Олий Кенгаши томонидан 1990 йил 20 июнда эълон қилинган Мустақиллик декларациясининг 8-бандида Ўзбекистон “ўзининг тараққиёт йўлини, ўз номини белгилайди”, деган қоида мустаҳкамланган. Декларациянинг 12-бандида ушбу ҳужжат республиканинг “янги Конституциясини ишлаб чиқиш учун асос” бўлиши қайд этилган.
 
Конституциявий мустақиллик йўлидаги олтинчи ҳуқуқий қадам – Конституциявий комиссиянинг ташкил этилиши билан боғлиқдир. Олий Кенгаш қарори билан 1990 йил 21 июнь куни Ислом Каримов раислигида давлат арбоблари, депутатлар, мутахассислардан иборат 64 нафар аъзони ўзида жамлаган Конституциявий комиссия тузилди ва Конституция лойиҳаси ана шу комиссия томонидан икки йилдан ортиқ вақт мобайнида тайёрланди. Ушбу вазифаларни амалга оширишда Биринчи Президентимиз буюк давлат ва жамоат арбоби, истеъдодли сиёсий етакчи сифатида намоён бўлди.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида бу ҳақда шундай деди: “Олий Кенгаш депутати сифатида мен ҳам Конституциявий комиссия таркибида Бош қомусимизни яратиш ва қабул қилиш жараёнида бевосита иштирок этганимни доимо фахрланиб эслайман. Конституциямизнинг қандай қилиб ҳозирги мазмун ва шаклга келгани, бу мураккаб жараёнда кечган қизғин тортишув ва баҳс-мунозаралар бугунгидек ёдимда. Ҳақиқатан ҳам, 90-йиллардаги ўта оғир даврда Асосий қонунимиз лойиҳасини ишлаб чиқишда Ислом Абдуғаниевичдек кенг миқёсда, стратегик фикрлайдиган, узоқни кўра оладиган буюк сиёсий арбобнинг бу ишга раҳбарлик қилгани ҳал қилувчи аҳамият касб этди”.
 
Конституциявий мустақиллик йўлидаги навбатдаги ҳуқуқий қадам – Давлат мустақиллигининг эълон қилинишидир. Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 1991 йил 31 августда, ўн иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг навбатдан ташқари олтинчи сессиясида сўзлаган нутқидаги: “Мен шу бугундан эътиборан 1 сентябрни республикамизда Мустақиллик куни, умумхалқ байрами, деб эълон қилишни таклиф этаман”, деган сўзлари Ватанимиз тарихига олтин ҳарфлар билан мангуга ёзилган.
 
Худди ўша куни Олий Кенгаш Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги тўғрисида Баёнот қабул қилди. Баёнотда таъкидландики, “Бундан буён Ўзбекистон Республикаси ҳудудида республика Конституцияси ва қонунлари шак-шубҳасиз устун деб эътироф этилади”. Шу куни “Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги асослари тўғрисида”ги конституциявий қонун қабул қилинди.
 
1991 йил 29 декабрда биринчи умумхалқ Президент сайлови ва давлат мустақиллиги тўғрисидаги референдум ўтказилди. Халқимиз давлат мустақиллигини қўллаб овоз берди ва муқобиллик асосида ўз Президентини сайлади.
 
1992 йил 4 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг ана шу сайлов ва референдум якунларига бағишланган тўққизинчи сессияси очилди. Ушбу сессияда Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимини бажаришга киришиш тантанали маросими бўлди.
 
Конституциявий комиссия 1992 йил 8 сентябрда Конституция лойиҳасини умумхалқ муҳокамаси учун эълон қилишга қарор қилди. Янги Конституциянинг биринчи лойиҳаси 1992 йил 26 сентябрь куни тайёр бўлди ва шу куни матбуотда чоп этилди. Лойиҳа эълон қилингач, унинг умумхалқ муҳокамаси жуда кенг тус олди. Бу очиқ-ошкора муҳокамалар фуқароларнинг сиёсий фаоллиги, ижодий кўтаринкилиги руҳида ўтди.
 
Конституция лойиҳаси ўтказилган муҳокамалар давомида келиб тушган таклифлар асосида тузатилди ва қайта ишланди. 1992 йил 21 ноябрь куни умумхалқ муҳокамасини давом эттириш учун Конституция лойиҳаси иккинчи марта газеталарда эълон қилинди.
 
Шундай қилиб, ҳуқуқий прецедент – икки босқичли умумхалқ муҳокамаси юз берди. Ушбу ҳолат, бир томондан, муҳокама иштирокчиларини фаоллаштириш учун қудратли рағбат вазифасини бажарган бўлса, иккинчи томондан, Асосий қонунимизнинг халқчиллигини таъминлади. Конституция лойиҳаси кенг жамоатчилик экспертизасидан ўтди.
 
Конституциявий комиссия томонидан 1992 йил 6 декабрда Конституция лойиҳаси охирги марта муҳокама этилди. Биринчи Президентимиз сессияда Конституцияни “халқчил қомус” деб атаб, унинг лойиҳаси устида тахминан икки йил давомида ишлангани, икки ярим ой мобайнида умумхалқ муҳокамасидан ўтганлиги ва шу вақт мобайнида у халқнинг фикр хазинаси дурдоналари билан бойитилганини, сайқал топганини таъкидлади.
 
Ислом Каримов Конституция лойиҳасини биринчи маротаба эълон қилингунча тўрт марта, кейинги эълон қилингунича икки марта, ҳужжатни сессияга киритишдан олдин яна бир марта таҳрир қилди. Бу тузатишлар ва қўшимчаларнинг ҳаммаси жуда муҳим эди.
 
Ислом Каримов Конституция лойиҳасини аёллар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги, давлатнинг маданий ёдгорликлар, оналик ва болаликни муҳофаза қилиши ҳақидаги моддалар билан тўлдиришни таклиф қилди. Биринчи Президентимиз Конституциянинг инсон ва фуқаролар эркинликлари ва бурчларини қонуний мустаҳкамловчи моддаларига катта эътибор қаратди. Шу тариқа Конституция лойиҳаси Юртбошимиз томонидан етти марта текшириб чиқилганидан кейингина сўнгги муҳокама учун депутатларга тақдим этилди.
 
Ислом Каримов Конституциявий комиссия раиси сифатида сессияда маъруза қилди. Ушбу маърузада мустақил Ўзбекистоннинг биринчи Конституциясидаги кўплаб муҳим нормалар, жумладан, “Ўзбекистонда давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи халқ бўлиб, давлат халқнинг иродасини ифодалайди, унинг манфаатларига хизмат қилади”, “Давлат, унинг идоралари ва мансабдор шахслар жамият ҳамда фуқаролар олдида масъулдирлар”, шунингдек, “Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилинади”, деган мазмундаги қоидалар чуқур шарҳлаб берилди.
 
Олий Кенгаш сессиясига муҳокама қилиш учун киритилган Конституция лойиҳасига 80 га яқин ўзгартириш, қўшимчалар таклиф этилди ва аниқликлар киритилди. Парламент депутатлари томонидан лойиҳа моддама-модда муҳокама қилиниб, унга яна бир қатор ўзгартиришлар киритилгач, 1992 йил 8 декабрь куни Бош қомусимиз қабул қилинди. Шу кундан эътиборан 8 декабрь – умумхалқ байрами деб эълон қилинди.
 
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси том маънода янги Конституция бўлиб, жаҳоннинг ривожланган давлатларида қарор топган демократик конституциялар принципларига асосланган. Асосий қонунимиз бевосита изчил демократик эканлиги, ҳуқуқий давлат ва адолатли фуқаролик жамияти тамойилларига мувофиқлиги туфайли янги конституциявий тузумга ўтиш даврининг мураккаб шароитларида конституциявий қонунчилик ва ҳуқуқий майдон доирасида туб демократик ўзгаришларни ўтказишни таъминлаган асосий ҳуқуқий ҳужжат бўлди.
 
Айни чоғда мамлакатимизни кенг миқёсда демократик янгилаш ва эркинлаштириш йўлида биз қўйган изчил қадамлар ҳамда эришган марралар, шиддат билан ўзгариб бораётган ҳозирги дунё, шунингдек, ўз олдимиздаги буюк мақсадимиз – истиқболда ривожланган демократик давлатлар қаторига кириш, ўз навбатида, ўтказилаётган ислоҳотларни янада кучайтириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш соҳасида олдимизга улкан вазифаларни қўяётганини ўзимизга аниқ-равшан тасаввур этамиз.
 
Мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш тизимли ва босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Конституция нормалари давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ривожланишининг юридик мезонларини белгилаб бермоқда. Конституциямиз давлат сиёсий ва ҳуқуқий ҳаётининг кўзгусидир. Амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар “конституциявий кўзгу”да акс этмоқда.
 
Хулоса қилиб айтганда, Конституцияни ишлаб чиқиш, муҳокама этиш ва қабул қилиш жараёнлари, шунингдек, Асосий қонунимизнинг 25 йилдан буён амалда намоён этаётган самаралари Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг “Конституция – давлатни давлат, миллатни миллат сифатида дунёга танитадиган Қомуснома” бўлганлиги, у “халқимизнинг иродасини, руҳиятини, ижтимоий онги ва маданиятини” акс эттириши, унинг “халқимиз тафаккури ва ижодининг маҳсули” экани ҳақидаги ҳикматли хулосалари ғоятда тўғри ва асосли эканини яққол тасдиқлайди.
 
Конституция – суверен давлатимизнинг ҳуқуқий асосини шакллантиришнинг мустаҳкам пойдевори, мустақил давлатчилигимизнинг тамал тоши бўлди. Бугун ҳаётнинг ўзи, мамлакатимиз эришаётган юксак марралар Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилган, халқимизнинг орзу-умидлари, бугунги ва келажак манфаатларига жавоб берадиган қоида ва принциплар нақадар тўғри эканини исботлаб бермоқда.
Акмал Саидов, 
юридик фанлар доктори, профессор

Теглар:Акмал Саидов Ислом Каримов 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар