...
МЕНЮ
ONLINE TV

Акмал Саидов: “Ногиронлар ўзини жамиятнинг тўлақонли аъзоси деб ҳис қилиши учун барча зарур шароитлар яратилмаган”


12:05, 26.07.2017 Жамият
 2 650

Давлатимиз раҳбари “Депутатга беписандлик – халққа беписандлик деб баҳоланиши шарт”, деган талабни қатъий қилиб қўйди.

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида парламент палаталари, сиёсий партиялар, Ўзбекистон Экологик ҳаракати, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари фаолиятининг таҳлили ҳамда истиқболдаги вазифаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди ва маъруза қилди.
 
Авваламбор, ушбу йиғилиш том маънода тарихий учрашув бўлганини таъкидлаш лозим. Негаки, бу Ўзбекистон тарихида турли даражадаги халқ ноиблари, яъни салкам 9 минг нафар депутатлар корпуси вакилларининг Президент билан илк учрашуви бўлди. Мазкур учрашувда муайян ҳуқуқий мантиқийлик мавжуд бўлиб, кейинги бир ой ичида давлатимиз раҳбари судьялар ва Вазирлар Маҳкамаси, энди эса депутат ва сенаторлар билан учрашди.
 
Давлат ҳокимиятининг учта тармоғи вакиллари билан бундай учрашувлар, Конституциямизнинг 89-моддасида қайд этилган, “Ўзбекистон Республикасининг Президенти давлат бошлиғидир ва давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ҳамда ҳамкорлигини таъминлайди”, деган нормани ҳаётга татбиқ этишга қаратилгандир. Шу маънода, мамлакатимиз раҳбари Конституция нормаларини қандай изчил бажариш кераклиги борасида бизга намуна бўлмоқда, халқона ибора билан айтганда, одамларни рози қилиш учун ҳаммамизни бир ёқадан бош чиқариб ишлашга даъват этмоқда.
 
Йиғилишда эришилган ютуқлар қайд этилган ҳолда, ҳокимият вакиллик органлари, сиёсий партиялар ва Экологик ҳаракатнинг ўтган даврдаги фаолияти танқидий руҳда таҳлил қилинди, ислоҳотларни янада чуқурлаштириш йўлидаги муҳим вазифалар белгилаб берилди. Зеро, мамлакатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак ”.
 
Шу ўринда Президентимизнинг Олий Мажлис ва унинг палаталарига бўлган ниҳоятда катта эътибори диққатни ўзига тортади. Негаки, кўп йиллик депутат сифатида Парламент аъзоларига бу қадар юксак эътиборни кўрмаганман.
 
Биринчидан, давлатимиз раҳбари Парламент аъзолари билан учрашувини “Меҳр – кўзда” деган самимий сўзлар билан бошлади. Чиндан ҳам, кейинги қисқа даврда Президентимиз тўрт маротаба Парламент олдида сўзга чиқди ва депутатлар ҳамда сенаторлар зиммасидаги устувор вазифаларни белгилаб берди. Бу эса “Ҳаракатлар стратегияси”нинг биринчи устувор йўналишида кўзда тутилган муҳим вазифаларнинг амалий тасдиғи бўлди.
 
Бинобарин, “Ҳаракатлар стратегияси”да, давлат ҳокимияти тизимида Олий Мажлиснинг ролини ошириш, унинг мамлакат ички ва ташқи сиёсатига оид муҳим вазифаларни ҳал этиш ҳамда ижро ҳокимияти фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш бўйича ваколатларини янада кенгайтириш; қабул қилинаётган қонунларнинг амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнига таъсирини кучайтиришга йўналтирган ҳолда қонун ижодкорлиги фаолияти сифатини тубдан ошириш; сиёсий тизимни ривожлантириш, давлат ва жамият ҳаётида сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш, улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш масалалари қатъий белгиланган.
 
Иккинчидан, Президент Ш.М.Мирзиёев Ўзбекистонда миллий парламентаризм тизимини шакллантиришнинг бошида турган инсонлардан бири бўлиб, кўп йиллар давомида парламент аъзоси бўлган инсон сифатида қонун ижодкорлиги фаолиятини чуқур билади. Бундан ташқари, қабул қилинган қонунларнинг сўзсиз ижро этилишини таъминлаш бўйича улкан ҳаётий тажрибага эга.
 
Маърузада кўтарилган масалалар мамлакатимиз раҳбарининг парламент фаолиятини ҳар томонлама чуқур билишини яна бир бор тасдиқлаб берди. Олий Мажлис ва маҳаллий Кенгашлар тизимида мавжуд муаммоларнинг асосли ҳамда чуқур танқидий-таҳлилий муҳокамаси, уларни ҳал қилиш бўйича аниқ тавсия ва ечимлар биз учун истиқболда фаолият дастури бўлиб хизмат қилади.
 
Учинчидан, давлатимиз раҳбари “Депутатга беписандлик – халққа беписандлик деб баҳоланиши шарт”, деган талабни қатъий қилиб қўйди. Президентимизнинг ҳар бир депутат салоҳияти ва фаолияти самарадорлигини оширишга ҳар томонлама эътибори диққатга лойиқ. Масалан, айрим депутатлар ўз ваколати тугаганидан кейин эътибордан четда қолиши, йиллаб ишсиз юриши ҳоллари учраб турарди. Эндиликда эса сўнгги ярим йилда Олий Мажлис палаталарининг 20 нафардан зиёд вакиллари юқори раҳбарий лавозимларга тайинланди. Шунингдек, маҳаллий Кенгашлар депутатларининг қарийб 200 нафардан ортиғи жойларда раҳбарлик лавозимларига ўтказилди.
 
Мустақиллик йилларида ўзига хос ўзбек миллий қонун ижодкорлиги мактаби шаклланди. Ўтган даврда қабул қилинган 400 га яқин яхлит қонунлар ҳаётимизнинг барча соҳаларини ҳуқуқий тартибга солиш билан бирга, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилмоқда.
 
“Ҳаракатлар стратегияси” доирасида биргина “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури ижроси бўйича жорий йилда 50 та қонун қабул қилиш белгиланган бўлиб, шундан ярим йил ичида 16 таси қабул қилинди. Бир сўз билан айтганда, “Ҳаракатлар стратегияси” – яқин беш йилга мўлжалланган қонун ижодкорлиги фаолиятимизнинг ҳам истиқбол дастуридир.
 
Президентимиз асосли равишда эътибор қаратганидек, юртимиздаги пенсионерларнинг муайян бир қисмини ногиронлар ташкил этади. Лекин ҳозирги вақтда улар ўзини жамиятнинг тўлақонли аъзоси деб ҳис қилиши учун барча зарур шароитлар яратилмаган. Ногиронларни протезлар, инвалидлар коляскалари билан таъминлаш, уларнинг турар-жой ва маъмурий биноларга кириб-чиқиши, метро ва автобуслардан бемалол фойдаланиши учун пандуслар ва платформалар қуриш каби масалаларда, умуман, ушбу социал тоифанинг талаб ва эҳтиёжлари, қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда талайгина камчилик ва муаммолар борлигидан кўз юмиб бўлмайди.
 
Шу маънода, БМТ томонидан ХХI асрда қабул қилинган биринчи халқаро шартнома, яъни Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилиш масаласи долзарб аҳамият касб этмоқда.
 
“Ҳаракатлар стратегияси”да белгиланган устувор вазифаларни ҳаётга тўлақонли жорий этишда Парламентимизнинг қонун ижодкорлиги, парламент назорати ва парламентлараро алоқаларини жаҳон жамоатчилиги эътироф этмоқда. Мисол учун, БМТ Бош котиби жаноб Антониу Гутерриш, Европа тараққиёт ва тикланиш банки директори жаноб Сума Чакрабарти ҳамда бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар бошлиқлари “Ҳаракатлар стратегияси”га ва ушбу дастурий ҳужжатда парламентнинг ўрни ҳамда ваколатларига алоҳида аҳамият қаратилаётганини юқори баҳоламоқдалар.
 
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари жаноб Зайд Раад ал-Ҳусайн Қонунчилик палатасидаги учрашувда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларининг миллий қонунларимизга изчил имплемантация қилиниши, яъни сингдирилишини алоҳида эътироф этиб, бу тажриба хорижий парламентларга ҳам ўрнак бўлиши мумкинлигини таъкидлади.
 
Ўзбекистон Президенти жаҳон парламентаризми амалиётига креатив янгилик, яъни ўзига хос “ноу-хау” киритди. Яъни, бугун парламент назоратининг жаҳон парламентаризми амалиётида учрамайдиган янги бир механизми – ҳар ойда депутатлар муайян тумандаги реал аҳволни ўрганиши ва унинг якунларини халқ депутатлари туман Кенгашида парламент палаталари раҳбарлари иштирокида муҳокама этилмоқда ҳамда мавжуд муаммоларни ҳал қилиш бўйича амалий қарорлар қабул қилинмоқда.
 
Бундай механизм, бир томондан, қабул қилинган қонунларнинг амалий ижросини жойларда ҳаққоний ўрганиш учун шароит яратаётган бўлса, иккинчи томондан, халқимизнинг хоҳиш-иродасини қонунларда ва Давлат дастурларида акс эттириш имкониятини бермоқда. Энг муҳими, халқ вакилларининг бевосита ўз сайловчилари билан амалий мулоқотлари халқнинг парламентга ва юртимизда амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотларга ишончини оширмоқда.
 
Мен раҳбарлик қилаётган Қўмита ўз номига кўра дунёнинг 200 га яқин давлати парламентлари таркибида мавжуд эмас. Яъни, бу ноёб тизим. Бошқача айтганда, Қонунчилик палатасидаги 10 та қўмита фақат давлат органлари фаолиятига доир қонун ҳужжатларини қабул қилиш билан шуғулланса, фақат ушбу Қўмитагина бевосита фуқаролик жамияти институтларига оид қонунларни ишлаб чиқади.
Қўмитамиз томонидан “Ҳаракатлар стратегияси” доирасида 10 га яқин қонун ҳужжатлари устида иш олиб бормоқда. Хусусан, “Парламент назорати тўғрисида”ги қонунга ўзгартиришлар киритилмоқда. Бинобарин, Президентимиз қайд этганидек, бугун ҳаётнинг ўзи парламент назорати объектлари доирасини кенгайтиришни ҳам талаб этмоқда. Амалдаги қонунга кўра, парламент фақат давлат органлари фаолияти устидан назорат олиб бориши мумкин. Бироқ хўжалик бошқаруви органлари, хусусан, “Ўзбекнефтгаз”, “Ўзбекэнерго” ва бошқа компания ва бирлашмалар бундан четда қолмоқда. Шу мақсадда “Парламент назорати тўғрисида”ги қонунга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш давр тақозосидир.  
 
Бундан ташқари, “Жамоат назорати тўғрисида”ги қонун, “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институтини ташкил этиш тўғрисида”ги, содда қилиб айтганда, Бизнес-Омбудсман тўғрисидаги қонун, амалдаги Омбудсан тўғрисидаги қонунга ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги қонун, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қонунга ўзгартиришлар, “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонундан келиб чиқиб, амалдаги бир қанча қонунларга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун, “Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш миллий дастури”нинг янги таҳрири тайёрланмоқда.
 
Бунда, авваламбор, ўзимизнинг миллий қонунчилик амалиётидан, қолаверса, бу йўналишлардаги халқаро ҳуқуқ талабларидан ва илғор хорижий тажрибадан келиб чиқиб, ўз миллий манфаатларимизга жавоб берадиган қонун лойиҳаларини тайёрламоқдамиз. Энг асосийси, мана шу қонун лойиҳалари бўйича сайловчиларимиз, фуқароларимиз хоҳиш-истакларини, шунингдек, халқ билан бевосита мулоқотлар чоғида билдирилган  таклифларни инобатга олмоқдамиз.
 
Бу ўринда биз кимдандир қандайдир андазаларни кўр-кўрона кўчириб олиш эмас, балки халқимиз иродасини рўёбга чиқариш нуқтаи назаридан ёндашаяпмиз. Бу қонун лойиҳаларини биз фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва янги ижтимоий тармоқларнинг бевосита иштирокида, жамоатчилик эшитувларида муҳокама қилаяпмиз.
 
Албатта, шу каби ижобий ишларимиз билан бир қаторда, Қўмита, умуман, Қонунчилик палатаси фаолиятида ҳам жиддий камчиликлар бор, бундан кўз юмиб бўлмайди. Масалан, агар Қўмита фаолиятидаги камчиликларга тўхталадиган бўлсак, экспертлар гуруҳи аъзолари салоҳиятидан талаб даражасида фойдаланмаяпмиз. Қўмита парламент назорати йўналишида қабул қилган қарорларини самарали мониторинг қилмаяпти.
 
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, сиёсий партиялар фракцияларининг сайловолди дастурларида белгиланган мақсадларини ҳимоя қилиши ушбу қонун лойиҳаларини муҳокама этиш жараёнларида етарлича сезилмаяпти.
 
Дунёда идеал парламент йўқ. Чунки парламент доимо мукаммал қонунчилик сари интилади. Шу нуқтаи назардан, Қонунчилик палатасида ҳам мана шундай интилиш ва ички захиралар мавжуд.
 
Президентимиз маърузасидаги яна бир муҳим ташаббус диққатга сазовор. Яъни, илғор хорижий тажрибалардан келиб чиққан ҳолда, Олий Мажлис ҳузурида Қонунчилик муаммоларини ўрганиш институти ташкил этилаётгани қонунларнинг сифати тубдан юксалишига хизмат қилади.
Дунёдаги биронта парламент тажрибасида учрамайдиган яна бир ноёб амалиёт хусусида ҳам тўхталмоқчиман. Сўз миллий парламентимиз тизимидаги тўртта комиссиядан бири бўлмиш Нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Парламент комиссияси ва Парламент ҳузуридаги Жамоат фонди ҳақида бормоқда.
Бу тизимнинг ноёблиги шундаки, бутун дунёда “учинчи сектор”га ижроия ҳокимият томонидан маблағ ажратилади. Бизда эса бу борада давлат маблағларини халқ вакиллари тақсимлайди.
 
Парламент Комиссияси ва Парламент Жамоат фонди сўнгги 10 йилда фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш учун Давлат бюджетидан ажратилган 60 миллиард сўмдан зиёд маблағни давлат субсидияси, давлат ижтимоий буюртмаси ва давлат грантлари шаклида 1,5 мингга яқин нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситаларига тақсимлаб берди.
 
Шу билан бирга, ҳозирги кунда Парламент Комиссияси ва Парламент Жамоат фонди фаолиятини тубдан янги босқичга кўтариш мақсадида зарур амалий чора-тадбирлар кўриш вақти келди.
 
Парламент Комиссияси таркибида шу ерда ўтирган депутатлар ва сенаторлар фаолият кўрсатмоқда. Халқ вакиллари томонидан фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш тажрибаси Европа Парламентининг аъзолари, бир қатор хорижий давлатлар экспертлари томонидан юқори баҳоланмоқда. Масалан, Жон Хопкинс Университети ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ўрганиш маркази директори жаноб Соломон бизнинг Парламент Комиссиямиз тажрибасини АҚШ Конгрессида тақдимот этишни тавсия қилди.
 
Президентимиз таъкидлаганингиздек, “Ҳаракатлар стратегияси”ни ҳаётга изчил татбиқ этишда парламентнинг ўзига хос ўрни ва аҳамияти бор. Зеро, Стратегияда кўзда тутилган бешта устувор йўналиш бўйича асосий вазифаларнинг барчаси қатъий равишда ҳуқуқий маконда амалга оширилиши лозим. Бу, ўз навбатида, парламент аъзолари учун, бир томондан, шарафли вазифа бўлса, иккинчи томондан, улкан масъулиятдир.
 
Биз, халқ депутатлари ана шу шарафга муносиб бўлишимиз ва сайловчиларимиз, халқимиз зиммамизга юклаган бу юксак масъулиятни ишонч билан адо этишимиз шарт. Зотан, Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг маърузасида жамиятимизда қонун ва адолат устуворлигини таъминлаш борасида қўйилган муҳим вазифалар, қолаверса, Соҳибқирон Амир Темур бобомиз салкам етти аср илгари муаззам Оқсарой пештоқига битишни буюрган ва ҳалигача кўрк сочиб турган қуйидаги ҳикмат, яъни “Адолат – давлат асоси ва раҳбарларнинг шиори”, деган даъватлари биз, халқ вакилларини янада масъулиятли бўлишга ундайди.
Акмал Саидов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Демократик институтлар,
нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси

Теглар:Акмал Саидов Парламент 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар