...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ажал билан юзма-юз: Ростов-Дондаги Boeing 737-800 самолёти қурбонларига бағишланади


10:14, 22.03.2016 Олам
 4 626

Уларнинг барчаси яшаш истаги билан ёнаётган, келажак сари бир олам орзулар билан самолётга чиққан инсонлар эди...

19 март куни Россиянинг Ростов-Дон шаҳридаги аэропортда Fly Dubai авиакомпаниясига тегишли Boeing 737-800 самолёти қўниш чоғида ҳалокатга учрагани ҳақида маълумот бергандик. Самолёт бортидаги 62 кишининг барчаси ҳалок бўлди.

БААнинг Дубай шаҳридан учган Boeing 737-800 самолёти ноқулай об-ҳаво шароити туфайли қўниш майдончасига дарҳол киролмаган ва майдонча устидаги иккинчи айланишдан сўнг, қўнишга ҳаракат чоғида ерга зарб билан урилган ва портлаб кетган. Самолёт бортдаги 62 кишидан 55 нафари йўловчилар ва 7 нафари экипаж аъзолари эди.

Ҳалок бўлган йўловчилар орасида 1 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳам бор эди. 44 нафари Россия фуқароси, 8 таси Украиналик, 2 нафари эса Ҳиндистон фуқароси экани тасдиқланди. Экипаж аъзоларидан бири қирғизистонлик бўлган, экипаж бошлиғи Кипр фуқароси эди.

Самолёт бортидаги барча йўловчиларнинг шахси аниқланган. Уларнинг ҳар бири ўз ҳаёт йўлига, мақсади ва орзусига эга инсонлар эди. Афсуски, нобуд бўлганлар орасида норасида гўдакларнинг борлиги дард устига дард қўшади. “Rostov.kp.ru” нашри Fly Dubai авиакомпаниясига тегишли Boeing 737-800 самолёти бортида бўлган, кутилмаган ўлим билан юзма-юз келган турли давлатлар фуқаролари ҳақидаги маълумотларни чоп этди. Уларнинг суратига назар солар экансиз, аксарияти жуфтликлар ва уларнинг фарзандлари, шунингдек, ўз мамлакатининг муҳим соҳаларида фаолият юритган инсонлар эканига гувоҳ бўласиз. Келинг, улар билан яқиндан танишамиз.

Наталья ва Виталий Веремеевскийлар ва уларнинг 6 ёшли ўғиллари Саша, Россия.



Портлаб кетган самолёт бортида Веремеевскийларнинг оиласи ҳам бор эди. Виталий саёҳат қилишни ва гўзал жойларга боришни жуда ҳам яхши кўрарди. Шунингдек, унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида самолётни бошқараётган сурати ҳам бор. Ушбу суратни саҳифасига илова қилар экан у “Биринчи ўрнда самолётлар”,– дея изоҳ қолдирганди. Афсуски, бутун бир оила бир сонияда вафот этди.

Анна Андреева



Анна эндигина 24 ёшга тўлганди. Асли Донецк шаҳридан бўлган бу қиз сўнгги вақтларда Киевда истиқомат қилаётганди. Анна ҳам саёҳат қилишни севарди. Тақдир тақазоси билан сўнгги бор у Дубайга саёҳат қилди.

Ушбу шаҳарга бўлган ташрифи ҳақида ижтимоий тармоқдаги саҳифасида у шундай деб ёзади: “Баланд бинолар ҳар томонимда. Улар Дубайнинг қум устига қурилган ташриф қоғозидир”.

Маълумотларга кўра, Анна сўнгги вақтларда кичик ёшдаги қизалоқлар учун кўйлак яратиш билан шуғулланаётган эди. 24 ёшли орзулари осмон бўлган қизалоқ шу сабаб Дубайга саёҳатга чиққанди.

Галина Болгова



56 ёшли Галина Болгова севимли рафиқа ва буви эди. У ҳаётни ва яқинларини жуда ҳам севарди.

Валерий Гамов



Валерий Гамов 40 ёшда эди. Айни вақтда қадрдон синфдошлари Валерийнинг сурати тагига таъзия сўзлари билан бирга турли шеърларни ҳам ёзиб қолдиришмоқда.

Валентина Воронова



Валентина жуда кўп саёҳат қиларди. 52 ёшли аёлнинг энг севимли давлатларидан бири Ҳиндистон эди. Сўнгги янги йилни у айнан ана шу мамлакатда кутиб олганди.

Виктор Беспечнов



“Odnoklassniki.ru” сайтидаги маълумотларга кўра, Виктор ижтимоий тармоқларга унчалик ҳам қизиқмаган. У футболни севган ва қадрлаган. Кўплаб суратлар орасида унинг фожиа юз берган аэропорт яқинидаги футбол майдонида ўйнаган сурати бор. Дўстлари унинг ниҳоятда ажойиб инсон бўлганини айтишмоқда.

“Биз қачонлардир бирга ишлаганмиз. Мен уни жуда яхши танирдим. Қизи рақс билан шуғулланарди. Охирги марта Дубайга учиб кетишидан бир кун аввал кўргандим. Афсус, у жуда яхши инсон эди, унга ачиняпман. Наҳотки Краснодарга қўнишнинг имкони бўлмаган бўлса?”, – деб ёзади таъзия сўзларини билдирган ҳолда Виталийнинг ҳамкасби Павел Скороходов.

Ирина ва Николай Карпенко


Ростов-Дондаги ҳалокатда Урюпинсклик оила ҳам вафот этди. Дубайга бориш учун Ирина ва унинг турмуш ўртоғи, собиқ ҳаво кучлари ишчиси Николай жуда узоқ вақт давомида пул йиғишганди ва айни саёҳат ҳақида жуда орзу қилишарди. Уларнинг орзуси амалга ошди. Бироқ...

Николай самолётда парвоз қилишдан қўрқарди, аммо бу Дубайга боришнинг ягона йўли эди.

“Ирина Дубайга учиш учун чипта сотиб олинганида жуда севинганди... Бу жуда даҳшатли воқеа. Қизлари ёлғиз қолди”, – дейди Иринанинг ҳамкасби Надежда Юрьевна.

Ольга Маяченкова



Ольгани таниганлар унинг олтинга тенг инсон бўлгани ҳақида айтишмоқда. У узоқ вақт давомида тез ёрдам хизматида ишлаб келган. Унинг сўнгги иш жойи эса 249 мактабгача таълим муассасаси бўлди. У болалар боғчасида ҳамшира бўлиб ишларди. Болалар уни жуда яхши кўришарди, ҳамкасблари эса уни ҳурмат қилишарди ва маслаҳатларига қулоқ солишарди.

Йорам Алекс Доминик Конфе, борт кузатувчиси



“Келажак ўз орзусининг гўзаллигига ишонганларга тегишлидир”, – деб ёзган эди ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Йорам Алекс Доминик Конфе сўнгги парвоздан бироз аввал. Саҳифасидаги суратлардан унинг шўҳ ва фаол йигит бўлгани кўриниб турибди. Унинг ватани  Сейшель ороллари. Доминик ҳақидаги хабарни эшитгач, дунёнинг турли чеккаларидан туриб одамлар деворларга таъзия сўзларини ёза бошлашди. Айтишларича, Доминик ҳамма нарсадан ҳам осмонни жуда севган экан.

Лариса Аллен



Оммавий ахборот воситалари томонидан портлаб кетган самолёт бортидаги йўловчилар орасида Ўзбекистон фуқароси борлиги ҳам айтилган эди. Ҳалок бўлган Ўзбекистон фуқароси 1969 йилда туғилган Лариса Аллен бўлиб, у бир неча йиллардан буён Россияда ишлаб, истиқомат қилиб келаётган бўлган. Косметолог Лариса Аллен бир неча йил аввал инглиз йигитига турмушга чиқади ва улар гоҳ Россияда, гоҳ Дубайда яшай бошлашади. Эндигина 46 ёшга кирган Лариса ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали Дубай саёҳати билан боғлиқ 50 га яқин суратлар билан ўртоқлашган. Унинг қизи ва набираси бор эди.

Олеся Караванцева



“Ҳар қачон ёшлигимча қолишни истайман”, – деб ёзган эди Олеся Караванцева. Афсуски унинг орзуси мудҳиш тарзда ушалди. Эндиликда у яқинлари қалбида ҳамиша ана шундай ёш ва гўзал бўлиб сақланиб қолади. Бирлашган Араб Амирликларига у дўстлари билан дийдорлашиш учун борганди. Бир ой аввал Дубайга кетган Олесяга уйга қайтиш насиб этмади.

Ўзининг Intagram’даги саҳифасидаги суратларни ҳар куни янгилайдиган Олеся барчага яхши кайфият тилашдан чарчамасди.

Олег, Виктория Чистяковлар ва уларнинг 6 ёшли ўғиллари Кирилл



Ҳалокатли рейсдаги иккинчи шифокор Олег Чистяков эди. 43 ёшли оила бошлиғи Пластик жарроҳлик вилоят клиник шифохонаси маракзининг раҳбари эди.

“Жуда катта йўқотиш. У энг иқтидорли шифокорлардан бири сифатида кўплаб инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолганди. Унинг яқинларига таъзия изҳор этамиз”, – деб ёзади ҳамкасби Светлана Величко.

“Бизнинг хотирамизда Олег юқори билим ва савияга эга бўлган шифокор ва инсон сифатида қолади. Унинг яқинлари ва қариндошларининг дардига шерикман”, – дейди яна бир ҳамкасби Аленa Лисенко.
 
Маълумотларга кўра, самолёт бортида Олег билан бирга унинг рафиқаси Виктория ва уларнинг Кирилл исмли 6 ёшли ўғиллари бўлган. 14 ёшли ўғиллари эса уйда қолган экан.

Анна Сергеева



Анна Ростов-Донда ҳамда Дубайда истиқомат қиларди. Ҳар икки мамлакатга у яқинлари ва дўстлари билан кўришиш учун борарди. Аммо бу галги саёҳат унинг сўнгги сафари бўлди...

Светлана, Павел ҳамда Даниил Цегельски



Айнан шу рейс билан учаётган навбатдаги оила Луганск Халқ Республикасининг Свердловск шаҳарчасида истиқомат қиларди. Уларга омад кулиб боқиб, Дубайга саёҳатга кетишганди ва айни саёҳатни ҳаётларидаги энг бахтли воқеалардан бири деб ҳисоблашарди. Бир неча йил аввал олий ўқув юртини менежмент йўналиши бўйича тамомлаган Светлананинг орзулари кўп эди...

Березина Алина



Алинанинг Фейсбукдаги саҳифасида унинг сўнгги бор 18 март санасида кеч соат 21:00лар атрофида ижтимоий тармоққа киргани кўриниб турарди. Ўша куни у ўз саҳифасида “Сиз айнан нима учун ҳамма нарсага тайёр турган бўлардингиз?”, – деб ёзган эди. Жавоб ўрнида эса “Оила учун”, – деб ёзилганди.  Шунингдек у уйга, яқинлари олдига шошаётганини ёзиб қолдирган эди.

Ирина ва Алексей Шанцинлар



Дўстлар даврасида уларни “Ширин жуфтлик”, – деб аташарди. Қаерга боришмасин улар доимо бирга юришарди. Учта олий ўқув юртини тамомлаган Алексей “Ростсельмаш” заводида комбайнлар ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлимларнинг бирида раҳбар бўлиб ишларди. Иринанинг ижтимоий тармоқдаги сўнгги ҳаракати бу тармоқдагиларга “Сиз нима сабаб вафот этасиз ва бундан қочишнинг имкони бўладими?”, – номли тестни тақдим этиш бўлганди.

“Биз улар билан Ахтубинскда бирга ишлаганмиз. Улар жуда пок инсонлар эди. Ирина билан госпиталнинг гинекология бўлимида танишгандик. Ҳар иккимиз ҳам қиз фарзанд кўришни орзу қилардик, орзуимиздагидек иккимиз ҳам қизли бўлдик. Аввал мен қизим Наташани, 5 ой ўтгач, Ирина Дашани дунёга келтирди. Шундан кейин қалин дўст бўлиб қолганмиз. Барча байрамларни биргаликда нишонлардик. Лёша подполковник лавозимигача кўтарилган. Иранинг қўли жуда ширин эди, тикувчилик бобида ҳам истеъдоди бор эди. Тортларни ҳаммадан ширин пиширарди. Менда у тиккан бир нечта кўйлак бор. Уларнинг икки нафар фарзанди бор эди. Улар Даша ва Денис... ”, – деб ёзади бу оиланинг дўстларидан бири Антонина Глушко.

Эльвира Белякова



“Роствертол” нодавлат пенсия жамғармаси Президенти Эльвира Белякова фақат меҳнат ортидан омадга эришганман деб ҳисобларди.  “Ҳеч қачон ҳеч кимдан ҳеч нарса сўраманг! Ҳеч қачон, ҳеч кимдан айниқса, ўзингиздан кучли инсонлардан...”, – бу унинг шиори эди. Спорт, театр соҳалари билан қизиқадиган Эльвира одамлардаги софдилликни қадрларди. Энг катта совға – эътибор, энг яхши дам бу круиз деб санарди. У оқ гулларни, Қрим шампанини, форс мушугини яхши кўрарди. Унинг иш жойидаги бирор инсондан фикр олишнинг имкони бўлмади. ҳеч ким унинг вафот этганига ишонмасди. Унинг 37 ёшли ўғли бор эди...

Ольга Клименко, Александр ва Ольга Божко



Ҳалок бўлганлар орасида 21 ёшли Александр Божко ва унинг бўлажак турмуш ўртоғи Ольга ҳам бор эди.

“У иш юзасидан Дубайга тез-тез бориб турарди. Автомобиль шиналари билан боғлиқ бизнесни муваффақиятли йўлга қўйганди. Бу сафар ўзи билан бўлажак турмуш ўртоғини ҳам бирга олиб кетди. Улар турмуш қурмоқчи эдилар. Бу тўйдан аввалги саёҳат эди. Дубайга учиб кетиш олдидан Александр катта опасига совға тарзида Дубайга чипта сотиб олиб берди. Шу тариқа улар 3 киши бўлиб самолёт бортига чиқишганди. Энди ҳар учалаларини дафн этишади. Кечирасизлар, бошқа гапира олмайман, ўзимни йиғидан тўхтата олмаяпман”, – дейди оиланинг яқинларидан бири. Ольга 21 март куни 20 ёшни қаршилаган бўларди.

Жилдиз Насирдинова, борт кузатувчиси



Жилдиз 1988 йил Норин шаҳрида туғилганди. У Бишкекдаги Баласагин номли Қирғизистон Миллий университетинининг Иқтисодиёт ва молия факультетини тамомлаган. Сўнгги йилларда Дубайда истиқомат қилаётган эди. Fly Dubai компаниясида у 5 йилдан бери ишларди.

“Синглим Fly Dubai компаниясига стюардесса бўлиб ишга кирганидан фахрланарди. У ҳали оила ҳам қурмаган эди. Февраль ойида аттестациядан ўтганди. Охирги марта у билан 17 март куни алоқага чиққандик. Жилдиз WhatsApp орқали бироз тоби қочганини, умаман аҳволи яхши эканни айтганди. У эндигина Африкадан учиб келадиган ва кейинги парвозга тайёргарлик кўраётганини ёзганди. Ҳаммаси одатдагидек эди. Ҳайратдаман, онам буни кўтара олармикин, деб хавотирдаман. У яқиндагина жарроҳлик амалиётини бошдан ўтказганди”, – дейди Жилдизнинг катта опаси Назира.

Наталья Тарасенко



Унинг “Odnoklassniki.ru” ижтимоий тармоғидаги саҳифасидан кулганча боқиб турар экан ўлида катта гулдастани ушлаб тушган сурати яқинларининг хотирасидан кетмайди. У Греция, Питер, Сочи, Ялта, Лаго-Наки каби давлатларда ҳам бўлган. Дубай саёҳатидан эса бирорта суратни жойлаштиришга улгурмади.

Сергей ва Юлия Безгласнийлар



Улар Ростовск вилоятининг Новочеркасск деган жойида яшашарди. Сергей табиат қўйнида дам олишни яхши кўрадиган инсонлардан эди. Юлия эса энага бўлиб ишларди.

“Болалар билан ишлашдаги ягона тажрибам 15 ёшимда ёзги таътилда вақтинчалик иш вақтида бўлган. Болалар менга интилишарди. Таом тайёрлаш, тўқиш, чизиш, ўқиш, қўшиқ куйлашга қизиқаман. Мусиқа мактабини фортопиано йўналиши бўйича тамомлаганман. Саломатлик учун йога билан шуғулланаман. Ҳар бир болада табиатан бирор нарсага қизиқиш бўлади. Уларни мана шу томондан ривожлантириш ва эътибор бериш керак”, – деб ёзади у иш жойига топширган ҳужжатлардаги савол-жавоблар варақасига.

Cергей ҳамда Елена Калиберда



Улар тез-тез дам олиш учун бирга саёҳат қилишар эди. Уларнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида суратлар жуда ҳам кўп. Қисқа муддат аввал улар қорли тоғга саёҳатга чиқишганди. Сўнг улар Дубайнинг иссиқ тафтидан баҳраманд бўлишни исташганди.

Павел, Людмила, Анастасия ва Дарья Копосовлар



Павел ва Людмила икки қизлари Настя ва Дарья билан саёҳатга чиқишганди. 19 ёшли Дарьянинг дўстлари унинг оила аъзоларига чуқур таъзияларини изҳор этишмоқда.

Капитан Аристос Сократус, Кипр фуқароси



Самолёт капитани Аристос Сократус Кипрнинг фуқароси эди. Унинг Facebook’даги саҳифасида фақат биттагина сурат бор. Аристос ҳаётида биринчи бор Ростов-Донга келаётган эди.

Марина ва Виктория Бевзюк



Ростовдаги самолёт ҳалокати қурбонлари орасида Азов туман маъмурияти раҳбарининг оиласи, рафиқаси Марина ва қизи Виктория ҳам бўлган. Улар дам олишдан қайтишаётган эди.

Марина ва Виктория нафақат она-бола, балки дўст ҳам эди.

Игорь ва Галина Пакус



Ҳалокатга учраган самолёт бортида Ростов вилояти Қонунчилик Ассамблеяси депутати ва унинг рафиқаси Галина ҳам бор эди. Игорь Олеговични кўпчилик танирди. У 2-сонли вилоят шифохонасининг раҳбари эди. 
 

Теглар:Ростов-Дон Boeing 737-800 самолёти Fly Dubai авиакомпанияси 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!