...
МЕНЮ
ONLINE TV

2019 йилда Ўзбекистонда интернет тезлиги ошадими? Вазир ўринбосари “аравани қуруқ олиб қочди”


10:04, 08.01.2019 Жамият
 6 415

2019-2023 йилларга мўлжалланган Миллий дастур лойиҳаси ишлаб чиқилган ва ҳозирги кунда келишиш жараёнида эмиш.

2019 йилда Ўзбекистонда интернет тезлигини ошириш билан боғлиқ қандай чора-тадбирлар кўрилади? Мазкур савол билан ЎзА мухбири Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари Олимжон Умаровга мурожаат қилди.
 
“Ўтган икки йил ичида “Халқаро пакетли коммутация марказлари ва маълумотлар узатиш тармоқларини кенгайтириш” лойиҳаси доирасида Халқаро пакетли коммутация маркази (ХПКМ) комплекси модернизация қилинди ва мазкур комплекснинг умумий ўтказувчанлик қобилияти 10 баробарга оширилиб, 80 Гбит/cекунддан 1 200 Гбит/cекундга етказилди. Жами 4 500 километрдан ортиқ оптик толали алоқа линиялари ва 6 000 дан зиёд мобил алоқа база станциялари қурилди, симлик кенг полосали тармоқ сиғими 283 000 портга кенгайтирилди, оператор ва провайдерлар учун ташқи интернет нархи 91 АҚШ долларидан 10 АҚШ долларигача пасайтирилди”, дейди вазир ўринбосари.
 
Вазир ўринбосарининг маълум қилишича, Халқаро электроалоқа иттифоқи ҳар йили статистик маълумотларга таянган ҳолда АКТ ривожланиш индекси рейтингини эълон қилиб боради. ХЭИнинг 2017 йилдаги ҳисоботига кўра, Ўзбекистон 176 та давлат орасида 95-ўринни эгаллаган ва 2016 йилдаги ўз натижасини 8 поғонага яхшилаган ҳамда АКТ соҳаси энг жадал ривожланаётган давлат сифатида махсус мукофот билан тақдирланган. Ўзбекистонда бу йил интернет сифати жуда паст бўлгани ва аҳоли норозилиги тўхтамаётганига қарамай, Ўзбекистон бу йил ушбу рейтингда яхши натижани кўзламоқда. Бу ҳақда вазир ўринбосари шундай деган:
 
“Мазкур тадбирлар нафақат телекоммуникация инфратузилмаси кенгайиши, хизматлар сифати яхшиланиши, балки Ўзбекистоннинг рейтинг кўрсаткичлари яхшиланишига ҳам хизмат қилади. ХЭИнинг навбатдаги ҳисоботи 2019 йилда эълон қилинади”.
 
Олимжон Турсунов саволга аниқ жавоб бермаган, аксинча, жавобни кенгайтириб, аравани қуруқ олиб қочган. У жорий йилда интернет тезлиги ошадими ё йўқ деган саволга жавобни қуйидагича давом эттиради.
 
“Вазирлик томонидан телекоммуникация хизматлари тезлиги ва сифатини ошириш, телекоммуникация инфратузилмасини яхшилашга қаратилган 2019-2023 йилларга мўлжалланган Миллий дастур лойиҳаси ишлаб чиқилган ва ҳозирги кунда келишиш жараёнида.
 
Дастурга асосан:
 
– 120 000 километрдан ортиқ оптик толали алоқа линиялари қурилиши;
 
– 6 000 дан ортиқ мобил алоқа база станциялари қурилиши;
 
– кенг полосали тармоқ сиғими 1,5 миллион портга кенгайтирилиши;
 
– маълумотларни сақлаш ва қайта ишлаш марказлари сиғими кенгайтирилиши ва янгиларининг қурилиши;
 
– ташқи интернетга уланиш қобилиятини қўшимча 10 баробар ошириш;
 
– симсиз маълумот узатиш – Wi-Fi тармоқларини кенг жорий қилишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилиши кўзда тутилган”.
 
Жавобдан хулоса қилиш мумкинми, юқорида саналган лойиҳалар 2019 йилда эмас, балки 2019-2023 йилларда амалга оширилиши кўзда тутилган. “Кўзда тутилган” деган якундан тушунишимизча, бу режа амалга ошмаслиги ҳам мумкин. 
 

Теглар:Интернет тезлиги 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар